Ўзбекистон | 10:37 / 22.06.2019
136387
5 дақиқада ўқилади

Президент танқидлари ва сўнгги икки кундаги ўзгаришлар

Июннинг бу ҳафтаси янгиликларга бой бўлди. Юқори доираларда навбатдаги жиддий ўзгаришлар содир бўлди. Келинг, ҳаммасини бир бошидан бошлаймиз.

Видео: Youtube

Видео: Mover (tas-ix)

Дастлаб, бир ярим йилдан буён Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори лавозимида ишлаб келаётган Отабек Муродов лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнини Сенат раиси бўлган Ниғматулло Йўлдошев эгаллади.

Отабек Муродов

Ниғматулла Йўлдошев 2011 йилдан 2015 йилгача Ўзбекистон Адлия вазири бўлган.

Ниғматулло Йўлдошев

У 2015 йил январида президент қарори билан сенатор этиб тайинланган ва 2015 йилнинг 22 январида яширин овоз бериш йўли билан Сенат раиси лавозимини эгаллаганди.

Президент янги бош прокурорга нимани ўзгартиришини, тизимни тозалашини, яхши таклифлар беришини кутиши ҳақида айтиб ўтди.

21 июнь куни Олий Мажлис Сенатининг 20-ялпи мажлисида бўш қолган Сенат раислиги ўз эгасини топди. Тарихда биринчи бор ушбу юқори даражадаги лавозимга аёл киши лойиқ кўрилди. Президент Шавкат Мирзиёев Конституциянинг 86-моддасига мувофиқ ушбу лавозимга Хотин-қизлар қўмитасининг собиқ раиси Танзила Норбоева номзодини тақдим этди ва сенаторлар номзодни қўллаб-қувватлашди.

Танзила Норбоева

«Мен Танзила Норбоеванинг ҳукуматдаги фаолияти доирасида қилган ишлари, айниқса, болалар меҳнатини йўқотишдаги ҳаракатларини эъзозлайман. Халқаро ҳамкорликда ҳам унинг меҳнатлари салмоқли», дея илиқ сўзларни келтириб ўтган давлат раҳбари.

Давлат раҳбарининг қайд этишича, Танзила Норбоева номзоди тўсатдан танланмаган. Президентнинг сўзларига кўра, у бунга бир йилдан ортиқ тайёргарлик кўрган. Президент ўз чиқишининг аксарият қисмини аёллар муаммоларига бағишлади. Танзила Норбоевага тўхталар экан, Шавкат Мирзиёев унинг виждонлилик, ҳалоллик ва энг асосийси — Ватанини севиш каби хислатларини санаб ўтди.

Куннинг яна бир шов-шувли хабари собиқ бош прокурор Отабек Муродовга нисбатан очилган жиноий иш ва президентнинг у ҳақида айтган гаплари бўлди.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Мен Муродовга ишонч билдиргандим. Прокуратурада коррупция бўлаверадиган бўлса, мен қандай қилиб инвесторларни жалб қиламан? Инвестор депутат ёки ҳукумат одамидан эмас, тадбиркордан сўрайди давлатдаги ҳолат ҳақида. Тадбиркор нима дейди? Прокурор ҳам, вазир ҳам пул олади дейди-да!»

Ушбу сўзларга қўшимча сифатида президент прокуратуранинг собиқ раҳбарларининг барчаси катта муддатларга қамалишини айтиб ўтди.

Отабек Муродов 2018 йилнинг январида ДХХ раҳбарлигига ўтган Ихтиёр Абдуллаев ўрнига Бош прокурор бўлганди. У яқин 4 йил ичида устидан жиноий иш очилган учинчи собиқ бош прокурор бўлди.

2015 йил апрель ойида кўп йиллар давомида прокуратура тизимини бошқарган Рашид Қодиров лавозимидан озод этилган, унинг ўрнини Ихтиёр Абдуллаев эгаллаган ва у 2017 йил январида Давлат хавфсизлик хизмати раҳбарлигига тайинланган эди. Ушбу икки собиқ бош прокурорларга нисбатан очилган жиноий иш бўйича ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ихтиёр Абдуллаев

Энди навбат Отабек Муродовга келди. Президент ушбу собиқ амалдорни ҳам коррупцияда айблади. Шунингдек, давлат раҳбари агар шу кетишда бўлса, прокуратура тизими қисқартирилишини ва кўплаб ваколатлар Адлия вазирлигига берилиши ҳақида огоҳлантирган.

Шунингдек, ушбу ялпи мажлис давомида президент таълим соҳасидаги муаммолар ва амалдорларнинг хориж сафарлари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди. Шавкат Мирзиёев давлат бюджетини беҳуда сарфламаслик кераклигини уқтириш баробарида ташаббус кўрсатиб чиққан кадрларни хориж хизмат сафарига юборишга тайёрлигини айтди.

Президент ўз нутқида таълим соҳасида эса кадрлар етишмовчилиги ва таълимдаги муаммолар ҳақида ҳам тўхталган: «Мен нима учун ҳадеб чет эл университетларининг филиалини олиб келяпман? Чунки ўзимиздаги олий таълим муассасаларида аҳвол чатоқ. Вазиятни шунчаки юзаки ўрганганда ҳам бир талай муаммолар келиб чиқади, ҳали чуқур кириб борганимиз ҳам йўқ.

Мактабларда бўш иш ўринлари бор, кадр йўқ. Биз узоқ вақт давомида била туриб, онгли равишда одамларимизни онгсиз қилишга уриндик. Қанча кам таклиф берилса, шунча яхши қабилида иш кўрилди. Лекин бугун кечагидек яшаб бўлмайди, тушунинглар».

Президент депутатларни ҳам танқид қилди. Ҳокимларнинг маҳаллий кенгаши раислиги тугатилиши бўйича таклифдан мақсад баҳслар учун, назорат учун шароит яратиш эканини таъкидлади.

Биз ҳам Сенатнинг янги раиси Танзила Норбоева ва Бош прокурор Ниғматулло Йўлдошев берилган ишончларни оқлашларига умид қилиб қоламиз. 

Мавзуга оид