Спорт | 09:30 / 27.06.2019
6173
2 дақиқада ўқилади

«Атлетико» Фелишни трансфер қилади, таклиф қиймати - 126 млн евро

Фото: EPA-EFE/ANTONIO COTRIM

«Бенфика»нинг ёш ҳужумкор яримҳимоячиси Жоау Фелиш катта эҳтимол билан фаолиятини «Атлетико»да давом эттиради.

Чоршанба оқшомида Лиссабон клуби томонидан Португалия фонд биржасига чиқарилган маълумотда мадридликлар Фелиш учун 126 млн евро таклиф қилгани айтилган.

«Мазкур таклиф ҳозирда ўрганиб чиқилмоқда», – дейилади расмий ахборотда.

Ҳозирча иккала клуб матбуот хизмати ҳам бу ҳақда бирор маълумот берганича йўқ.

BBC`нинг қайд этишича, 19 ёшли Жоаунинг шартномасида товон пули 120 млн евро деб кўрсатилган, аммо «Атлетико» пулни бўлиб-бўлиб тўламоқчилиги боис 126 млн евро таклиф жўнатган.

Агар трансфер шу нархда амалга ошса, у ҳолда Фелиш – «Атлетико» тарихидаги энг қиммат харид, жаҳон футболида эса бешинчи энг қимматбаҳо футболчига айланади. Ҳозиргача Неймар, Килиан Мбаппе, Филиппе Коутиньо ва Усмон Дембеле бундан баландроқ қийматда трансфер қилинган.

Бир ҳафта олдин Marca нашри ўз манбаларига таяниб, португалиялик ёш юлдуз Мадридга келгани ва «Атлетико»да тиббий кўрикдан ўтиб, шартнома имзолагани ва фотосессияда ҳам қатнашгани ҳақида хабар берган эди.

Маълумот учун, Фелиш шу ой Португалия миллий жамоасида дебют қилиб, Миллатлар лигасида ғолиб чиқди. У катталар футболига ўтган йилнинг августида кириб келган ва мавсум давомида 20та гол уришга муваффақ бўлганди.

Мавзуга оид