Иқтисодиёт | 13:50 / 28.06.2019
28791
6 дақиқада ўқилади

«Ўзбекнефтгаз» раҳбари газ учун «Лукойл»дан 600 млн доллар қарздорлик ҳолатига изоҳ берди

Бугун Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистоннинг нефт-газ сиёсати муаммолари ва истиқболлари, шунингдек, аҳолини энергия манбаалари билан таъминлаш мавзусида брифинг ва журналистлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

Тадбирда энергетика секторини тартибга солиш, энергоресурсларни қазиб олиш ва ишлаб чиқариш жараёнларига хусусий сармояни жалб қилиш, рақобатли бизнес муҳитни шакллантиришга кўмаклашиш учун тариф сиёсатини такомиллаштириш масалалари бўйича маълумот берилди.

Ўтган ҳафтада Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Сенатдаги чиқиши вақтида «Лукойл» компаниясидан 600 млн доллар миқдоридаги қарздорлик ҳақида гапирганди. Президент масъуллар маҳсулотни бўлиб олиш тўғрисидаги битим имзолаш олдидан миллий манфаатларни ҳисобга олиши кераклиги, лекин бу ҳолатда миллий манфаатлар ҳисобга олинмаганини айтганди.

«Ўзбекнефтгаз» раҳбари Баҳодир Сиддиқов ушбу ҳолат бўйича саволга жавоб қайтарди.

«Шуни таъкидлашни истардимки, «Лукойл» бугунги кунда нафақат нефть-газ соҳасида, балки бутун Ўзбекистон Республикасидаги энг йирик инвестор ҳисобланади. Ҳозирда «Лукойл» инвестициялари ҳажми 7 миллиард доллардан ошади, аниқроғи, 7,4 миллиард доллар бўлиб, газ-кимё мажмуаси қурилиши учун углеводород хомашёсини қазиб олиш лойиҳаси доирасида сарфланган. 

«Лукойл» олдидаги қарз бир йил ичида пайдо бўлмаганини таъкидламоқчиман. Биз кейинги йилларда «Лукойл»га сотилган табиий газдан ички истеъмолчилар учун сотиб оламиз. Бу табиий газ истеъмоли аҳоли томонидан ҳам, мамлакатимиз ривожи учун бугунги кунда ташкил этилаётган янги корхоналар томонидан ҳам табиий газ истеъмоли ошиши билан боғлиқ. 

Бугунги кунда гап имзоланган битим мамлакат манфаатларига мос келиш-келмаслиги ҳақида эмас. Вужудга келган қарз «Лукойл» билан маҳсулотни бўлиб олиш тўғрисидаги битим доирасида компания оператори билан лойиҳа бўйича уч ойлик табиий газ қазиб олиш ҳажмини ташкил этади.

Бу қарздорликни бартараф этиш бўйича аниқ чора-тадбирларга эгамиз. Ҳозирда «Лукойл» компанияси билан қарздорликнинг ушбу қисмини реструктуризация қилиш ва уни келгуси даврларда тўлаш бўйича келишувга эгамиз. Бундан ташқари, маҳсулотни бўлиб олиш тўғрисидаги битим доирасида қазиб олинаётган газ экспортга йўналтирилишига кўпроқ эътибор қаратишимиз лозим. Президентимиз олдимизга шундай вазифани қўйган ва биз буни тўла-тўкис англаб турибмиз. Бугунги кунда «Ўзбекнефтегаз»нинг барча саъй-ҳаракати ўз қазиб олиш ҳажмини оширишга, келгусида бу газ ички истеъмолчиларга сотилишига йўл қўймасликка қаратилган. Чунки сотиб олиш ва сотиш нархи орасида фарқ бор ва маҳсулотни бўлиб олиш тўғрисидаги битим доирасида барча қазиб олинган газ экспорт қилиниши шартига амал қилинса, бу Ўзбекистон учун ҳам даромадли лойиҳадир ҳамда «Лукойл»нинг даромадлар бўйича талабига ҳам мос келади.

Битим миллий манфаатларга мос келадими-йўқми деган саволни қўйиш нотўғри деб ўйлайман. Чунки «Лукойл» билан маҳсулотни бўлиб олиш тўғрисидаги битим доирасида давлат уч ярим миллиард доллар атрофида даромад кўрмоқда. Яъни давлат солиқлар, даромадли маҳсулотдан улуш олиш кўринишида ўз улушини олмоқда. Давлат бугунги кунда уч ярим миллиард доллар даромад олди, шу боис битим миллий манфаатларга мос келмайди дейиш нотўғри бўларди», дея Баҳодир Сиддиқовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири. 

Эслатиб ўтамиз, Reuters агентлиги шу йилнинг март ойида Ўзбекистон «Лукойл»дан 2018 йилда газ етказиб бергани учун 600 миллион долларга яқин қарз бўлиб қолгани ҳақида хабар берган эди.

Бу хабар ортидан, апрель ойи бошида Бахтиёр Анорқулов «Ўзтрансгаз» компанияси раисининг молия бўйича ўринбосари вазифасини бажарувчи лавозимидан озод этилди.

«Лукойл»нинг қазиб олиш бўйича катта вице-президенти Азат Шамсуаров қарздорлик маҳсулотни бўлишиб олиш тўғрисидаги келишувда қазиб олинган газ тўлиқ экспорт қилиниши кўзда тутилган бўлса ҳам, Ўзбекистон қазиб олинган газнинг бир қисмини ички бозорга олиб қолгани сабабли вужудга келганини маълум қилганди.

«Ўзбекнефтгаз» ўша вақтда ҳеч қандай изоҳ бермаган эди.

Май ойи бошида Ўзбекистон энергетика вазирининг биринчи ўринбосари, «Ўзатом» агентлиги бошлиғи Жўрабек Мирзамаҳмудов «Ўзбекнефтегаз»нинг «Лукойл»дан қарздорлиги бўйича изоҳ берганди.

«Бу икки компаниянинг ўзаро муносабати ва бу муносабатлар ўзаро бир-бирини тушуниш асосида муваффақиятли кечмоқда. Истеъмол ўсиши муносабати билан газ олинган. Аммо вазият назорат остида. Томонларнинг келишувига мувофиқ муносабатлар тартибга солинмоқда. Қарз билан боғлиқ муаммо йўқ», – деганди Мирзамаҳмудов.

Маълумот учун, «Лукойл» Ўзбекистонда Қандим-Ҳавузак-Шоди-Қўнғирот ва Жануби-Шарқий Ҳисор лойиҳаларида маҳсулотларни бўлиб олиш шарти билан иш олиб бормоқда. Лойиҳаларда ишлаб чиқарилган газ асосан Хитойга етказиб берилади.

«Прайм» агентлиги маълумотларига кўра, мартда «Лукойл» Ўзбекистон билан Қандим лойиҳасидан йилига 5 млрд куб метргача газни ички бозор учун экспорт нетбэкига 12,5 фоизлик чегирма билан етказиб беришга келишган.

Мавзуга оид