Ўзбекистон | 19:30 / 28.06.2019
15161
3 дақиқада ўқилади

«Тузкон кўлининг суви АЭС реакторларини совитиш учун етарли» — «Ўзатом» раҳбари кўл суви зарарланмаслиги ҳақида гапирди

Бугун, 28 июнь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистоннинг нефт-газ сиёсати муаммолари ва истиқболлари, шунингдек, аҳолини энергия мабаалари билан таъминлаш мавзусида брифинг ва журналистлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

Унда электр энергия ва  иссиқлик энергияси, кўмир ишлаб чиқариш, нефть, газ ва уларни қайта ишлашдан олинадиган маҳсулотларни қазиб олиш, қайта ишлаш, сотиш ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ муҳим масалалар муҳокама қилинди.

ОАВ вакиллари Жиззахдаги Тузкон кўлининг суви атом электр станцияси реакторларини совитиш учун етиш-етмаслигини сўрашган. Мутасаддилар етарли эканини тасдиқлашди.

«Бундай ҳисоб-китоблар олиб борилмоқда ва биз совитишнинг турли вариантларини кўриб чиқяпмиз», — дея аниқлик киритган «Ўзатом» агентлиги бош директори Жўрабек Мирзамаҳмудов.

Тадбир давомида соҳилда атом электр станцияси қурилиши кутилаётган Тузкон кўлининг хавфсизлиги масаласида савол берилган.

«Биз қанча сув кераклиги ва сувдан қандай фойдаланилиши ҳақида жуда кўп гапирдик. Буғни ишлаб чиқиш, электр энергиясини генерация қилиш, совитиш  учун АЭС томонидан сарф қилинадиган сув миқдори бизнинг ҳозирги иссиқлик электр станцияларимиздаги сув сарфидан кўп эмас. Айни вақтда атроф-муҳитни ифлослантирадиган ажратмалар, оқинди сувлар бўлмайди», — деган Жўрабек Мирзамаҳмудов.

Мутасаддининг таъкидлашича, Венгриядаги қуввати 440 мегаватт бўлган ва ССЭР технологияси қўлланиладиган АЭСда сув Дунай дарёсидан олиниб, яна унинг ўзига оқизилади — бунда экологияга ҳеч қандай таъсир бўлмайди. У ерда бемалол балиқ овлашади — АЭС шарофати билан сув илиқлашиб, у ерда балиқлар аввалгидан ҳам кўпайган.

«Ўзатом» раҳбари АЭС ишга тушганидан кейин ҳам Тузконда аввалгидек чўмилиш мумкин бўлишини билдирди: «АЭСдан ташқаридаги соҳил бўйида яшаш, ишлаш, чўмилиш, суратга тушиш мумкин бўлади... Албатта, бутун дунёда бўлгани сингари, бу ерда ҳам туркумлаштирилган объектларга хос чекловлар бўлади».

ОАВ вакиллари билан мулоқот давомида Жиззахдаги АЭСнинг экологик тоза бўлишига қатъий талаблар қўйилиши маълум қилинди.

«Экологик мониторинг ҳар бир периметрда ҳар бир йўналиш бўйича олиб борилмоқда. Бу АЭС атрофидаги бир неча километр майдонни ҳам ўз ичига олади. АЭС қурилганидан сўнг экологик вазият янада яхшиланади», деган Жўрабек Мирзамаҳмудов.

Мавзуга оид