Ўзбекистон | 17:30 / 28.06.2019
11210
3 дақиқада ўқилади

Халқаро молия институтлари қишлоқларда арзон уйлар қуриш дастурига қанча маблағ ажратмоқда?

Осиё ва Ислом тараққиёт банклари ва бошқа жамғармалар Ўзбекистон қишлоқ жойларида янги намунадаги арзон уй-жойлар қурилиши дастурини лойиҳалаштириш учун йирик миқдорда маблағ ажратмоқда. «Қишлоққурилишинвест»нинг Kun.uz мухбирига маълум қилишича, бугунги кунда ушбу молия институтлари билан ҳамкорлик доирасида жами 880 млн доллар сармоя жалб этилиши режалаштирилган. Бу маблағларнинг бир қисми эса аллақачон ажратилган ва айни вақтда қурилиш ишларини жадаллаштиришга сарфланмоқда.

Ислом тараққиёт банкининг «Қишлоққурилишинвест» компанияси ҳузуридаги Уй-жой қурилиши лойиҳаси вакили Нурбек Роҳаталиев, шунингдек ИТБнинг Ўзбекистондаги арзон намунали уй-жойлар лойиҳасига киритган сармояси хусусида маълумотларни тақдим этди. 

«2012 йилдан бери тўртта халқаро молиявий институт иштирокида лойиҳалар амалга ошириб келинмоқда. Шу вақтгача 4та лойиҳа якунланган ва 4таси амалга оширилмоқда. Ислом Тараққиёт банки лойиҳаси ҳақида гапирадиган бўлсак, 2019 йил учун 58 млн долларлик лойиҳани молиялаштириш режалаштирилган. Шу вақтгача ушбу маблағларнинг 40 млн доллари ажратилган. Унинг 35 млн доллари ўзлаштирилган», - деди Нурбек Роҳаталиев.

Умуман, «Қишлоққурилишинвест» компанияси Ахборот хизматининг маълум қилишича, 2019 йилда Халқаро Молия институтларининг Ўзбекистоннинг қишлоқ жойларида янги намунадаги арзон уй-жойлар қуриш лойиҳасидаги иштироки қуйидагичадир. 

Унга кўра, Ислом тараққиёт банки 58,2 млн доллар, Осиё тараққиёт банки 100 млн доллар, Саудия тараққиёт жамғармаси 32,5 млн доллар ҳамда Қувайт-Араб тараққиёт жамғармаси 13 млн доллар маблағ киритиши кутилмоқда. Ушбу халқаро молия институтлари томонидан жами 242 млн доллар миқдорида сармоя ажратилиши режалаштирилган. 

Ахборот хизмати, Kun.uz мухбири саволига жавоб тариқасида мазкур халқаро молия институтлар билан ҳамкорлик бошланган вақтдан буён ажратилган маблағларга ҳам ойдинлик киритди. 

Унга мувофиқ, ОТБ 2012-2015 йилларда 500 млн доллар, ИТБ 2015-2017 йилларда 100 млн доллар, СТЖ 2016-2017 йилларда 60 млн доллар маблағ ажратган. 

Бундан ташқари, мазкур молия институтлари билан ҳамкорлик давом этмоқда. Хусусан, ОТБ 2017-2021 йилларда 500 млн доллар, ИТБ 2017-2020 йилларда 300 млн доллар, СТЖ 2018-2019 йилларда 50 млн доллар ва ҚАТЖ 2018-2019 йиллардаги лойиҳалар учун 30 млн доллар миқдорида маблаҳ ажратиши белгиланган. 

Мавзуга оид