Жамият | 11:12 / 06.07.2019
8908
7 дақиқада ўқилади

Шаҳрисабзда таъмирталаб яна бир кўча: Ишни ким пайсалга солмоқда?

Kun.uz таҳририятига навбатдаги мурожаат келиб тушди. Унинг мазмуни маҳаллий кўчалардан бири таъмирталаб ҳолатга тушиб қолгани, мутасаддиларнинг эса бу муаммога эътиборсизлиги ҳақида. Аммо масалани ўрганар эканмиз, танганинг иккинчи томони ҳам борлигига гувоҳ бўлдик.

Шаҳрисабз шаҳри... Ҳа, ўша – баҳаво, тарихий, хушманзара шаҳар. Четдан қараганда бу маконда муаммо йўқдек таассурот қолдиради гўё. Бироқ юқорида айтганимиз мурожаат айнан мана шу шаҳарнинг «Қозигузар» маҳалласида истиқомат қилувчи одамлардан йўлланган.

«Бизнинг кўчамиз Шаҳрисабз шаҳрининг марказий Амир Темур номли хиёбони (Ўзбекистонда ягона 1,2 км.ли «Аллея». Бу жойда 2018 йилнинг сентябрь ойида биринчи халқаро «Мақом» фестивали ўтказилди) ҳудудининг ёнгинасида жойлашган бўлиб, 2017 йил ҳукуматимиз ташаббуси билан ичимлик ва оқова сув тизимига уланди. Бу ишлардан одамларнинг боши осмонга етди, бунинг учун ҳукуматимизга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Аммо ўшандан бери кўчамиз йўллари янги қувурлар ўтказиш учун қазилган эди. Шундан буён таъмирталаб ҳолатда қолиб кетмоқда. Президентимиз ташаббуслари билан «Обод маҳалла», «Обод қишлоқ» дастурлари бўйича ишлар олиб борилаётган, ҳатто қишлоқ йўллари обод қилинаётган бир даврда, мана, икки йилдирки, қиш мавсумида лой кечиб, ёзда нотекис йўллардан тупроқ оралаб ишга, болалар боғча ва мактабга, кексалар эса масжидга қатнашига тўғри келмоқда. Шаҳарнинг марказий хиёбонига келадиган хорижлик меҳмонлар олдида ҳам киши уятга қолди», дейилади мурожаатда.

Маълумотларга кўра, маҳалла фаоллари бир неча бор шаҳар ҳокимлигига мурожаат билан чиқишган.

«Ҳокимиятдагилар фақат қўйнимизни пуч ёнғоққа тўлдириб келмоқда», - дейди маҳалладагилар.

Сабр косаси тўлган одамлар шаҳар прокуратурасига, Президент виртуал қабулхонасига ҳамда бошқа ташкилотларга мурожаат билан чиқишган, аммо вазият яхши томонга ўзгармаган.

«Телевидениедан тасвирга олишда шаҳар ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари О.Раҳмонов ҳам қатнашди ва кўчамиз лойиҳага киритилгани, 2019 йилнинг май ойида йўллар асфальт қилиб берилиши тўғрисида айтиб ўтди», - дейди шу маҳаллада истиқомат қилувчи фуқаролардан бири.

Уларнинг сўзларига кўра, шундан кейин ҳам вазият ўзгармаган, кўча ҳолати қандай бўлса, шундайлигича қолиб кетган. Энг қизиғи, телевидение ходимлари бошқа юмуш билан Шаҳрисабз шаҳрига ташриф буюришади. Журналистлар келишини эшитган қурувчилар кўчада пайдо бўлишади, гўёки ишлар кетаётгандек манзара ҳосил қилишади. «Журналистлар кетгач, йўлни таъмирлашга шайланган ишчилар ҳеч нима бўлмагандек, ҳеч иш қилмасдан жўнаб юборишди», - дейди мурожаатчилар.

Нафсиламрини айтганда, ушбу маҳалла Шаҳрисабз шаҳридаги энг қадимги гўшалардан бири ҳисобланади. у шундоққина Марказий хиёбон билан туташ. Ушбу кўчада юзага келган муаммо долзарб, у зудлик билан зарур чора-тадбирлар қўллашни тақазо этади. Ҳамма гап ҳокимият мутасаддиларидамикан? Халқимизда «қарс икки қўлдан чиқади», деган гап бор. Бу нақлни тилга олишимизга маҳалла оқсоқолининг сўзлари сабаб бўлди.

«Шаҳар ҳокими маҳалла аҳли билан юзма-юз учрашиб, вазият билан уларни яқиндан таништирди. Ишлар май ойига мўлжалланган эди, аммо айрим сабабларга кўра тўхтаб қолганди. Жорий йилнинг июль, узоғи август ойида мазкур маҳалланинг кўчалари тўлиқ асфальт қилинади. Бунинг учун барча нарсалар тайёр – техникалар, машиналар, мутахассислар, марказий қувурлар, қудуқ қопқоқлари. Аммо ишларни бошлаб юборишга айрим ҳолатлар тўсқинлик қилмоқда», - дейди «Қозигузар» МФЙ раиси Дилшод Нуриддинов.

Оқсоқолнинг таъкидлашича, айрим одамлар уйларига канализация ва тоза ичимлик суви қувурларини ўтказишлари керак. Лекин улар номаълум сабабларга кўра, бу ишларни қилишмаяпти. Маҳаллада 466 хонадон бўлиб, шундан 40га яқин хонадон, яъни маҳалла аҳолисининг 10 фоизи бу ишларни қилишмаяпти.

«Уларнинг бу иши санитария қоидаларига ҳам тўғри келмайди. Одамларнинг ўзи ҳам давлат томонидан олиб борилаётган ислоҳотларга бефарқ бўлмасдан ўз ҳиссаларини қўшишса яхши бўларди. Масалан, қаранг, маҳаллага 29 млн сўмга чиқинди ташлайдиган контейнерлар олиб келиб қўйдик. Аммо одамлар чиқиндиларни унинг ичига эмас, ёнига ташлаб кетишяпти. Кўчанинг асфальт бўлмаётгани ҳам ана шу ҳолатга боғлиқ. Ўша уйига канализация ва сув қувурлари олиб кирмаётган хонадонлар ўз дахлдорликлари ҳақида ўйлашмаяпти. Эртага йўллар асфальт бўлиб, ҳамма иш битгач, вазият ўзгариб, улар уйларига қувур тортишмоқчи бўлса, яна кўчалар кавланиб, уйдим-чуқур бўлиб қолади», - дейди маҳалла оқсоқоли.

Ҳолат юзасидан Шаҳрисабз шаҳри ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари Обид Раҳмонов қуйидагича изоҳ берди: «Маҳалладаги айрим хонадонлар канализация ва сув қувурларини ўтказмагани сабаб ишлар тўхтаб қолганди. Якунда ҳокимлик бюджети ҳисобидан ушбу хонадонларга қувур тортиладиган бўлди. Чунки ишлар ортга сурилиб кетяпти, кўчани тезроф асфальт қилиш зарур. Агар бошида ҳеч нарсага қараб ўтирмай кўчани асфальт қилиб ташлаганимизда одамлар сувсиз қолишган бўларди. Шу сабаб туни билан қилинажак ишларнинг лойиҳасини тузиб чиқяпмиз».

Ишлар бошланишига бир қадам қолган. Бир яхши ҳаракат билан кўча асфальтланиб, маҳалла обод, энг муҳими, одамлар кўнгли шод бўлади. Шу ўринда бир нарсани таъкидлаб ўтишни лозим топдик. Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида шундай кўчалар борки, уларни «кўча» деб номлашнинг ўзи кулгили. Ўша кўчаларнинг олдида мазкур маҳалладаги Намуна ва Навоий кўчаларидаги ҳолат бирмунча яхши. Уни янада обод этиш учун одамлар ҳам қайсидир маънода ўз ҳиссаларини қўшишса, нур устига аъло нур бўлган бўлар эди. Мутасаддиларнинг ваъдаси эса ўз кучида қолади, унинг ижобати амалда кўзга ташланади деб ўйлаймиз.

Сарвар Анвар ўғли,
Kun.uz мухбири  

Мавзуга оид