Light | 09:20 / 25.07.2019
15071
6 дақиқада ўқилади

Ҳар қандай тингловчи диққатини тортишнинг 7 усули

Қуйидаги ҳаракатларни такрорланг ва ҳеч қайси аудитория сизнинг чиқишингизни ўтказиб юбормайди.

1. Ҳаракат

Тасаввур қилинг, сиз кимнидир муттасил равишда девордаги бир нуқтага қараб туришга мажбур қилмоқчисиз. Амалий жиҳатдан бунинг иложи йўқ: бизнинг кўзларимиз доимий равишда у нарсадан бу нарсага ўтиб, қимирлаб туришни истайди. Нигоҳни бир жойда ушлаб туришга уриниш эса, катта эҳтимол билан, уйқуни келтиради, холос.

Диққатни тортиш учун ҳаракат зарур. Худди тўғри маънодагидек — аудитория ёки саҳна бўйлаб юриш ва кўчма маънодаги каби — бир мавзудан иккинчи мавзуга ўтиш. Ҳаттоки мавҳум нарсалар ҳақида сўз борадиган айнан бир савол устида анча вақт тўхталиб қолишга тўғри келса ҳам, ҳаётий мисоллар билан нутқингизни бойитиб боринг. Шунда сизни тинглаш енгилроқ бўлади.

2. Кутилмаган тасодиф

Қайта-қайта такрорланувчи воқеалар бизни зериктиради. Бир хил ҳодисаларни гапираверадиган одамлар ёки бизга аллақачон маълум айни далиллардан сўзловчи сиёсатчилар диққатни улардан бошқа бир нарсага қаратиш хоҳишини уйғотишади.

Сизни қизиқиш билан қарши олишлари учун сирларга ҳам жой қолдиринг. Воқеалар кетма-кетлигини ўзгартириб баён этинг ва шу орқали эшитувчи жараён давомини тахмин қилишга уринсин. Узоқдан бошланг, бир вақтда содир бўлган ноодатий нарсани қўшинг, бир маромда сўзлаётгандай таассурот пайдо бўлиши билан кескин бурилиш қилинг ва мазмунни ўзгартиринг.

Нутқингизни кўздан кечира туриб, тингловчи ҳар сафар сиздан айнан нимани эшитишни хоҳлашини тахмин қилиб олинг — ва кутилган маълумотни тақдим этинг.

3. Тайёрланган ҳаракат

Оммавий нутқда муҳим нарсалардан бири бу маърузачининг хатти-ҳаракатидир. Жўшқинликсиз кўзларни ердан узмай, эшитувчилардан ўзингизни яширгандай иштиёқсиз гапирсангиз, томошабинлар ҳам худди шуни такрорлашади - зерикишади ва тезроқ тугатишингизни хоҳлашади.

Тингловчиларда қандай ҳис-туйғулар уйғотишни хоҳлаётганингиз ҳақида ўйлаб кўринг ва шунга мувофиқ ҳаракат қилинг. Агар сизга одамлар фикрлари оқими керак бўлса, уларга босим билан алоқа қилинг. Қизиқиш ва қувончли иштиёқни кутаётган бўлсангиз, очиқ ва ғайрат билан гапиришга ҳаракат қилишингиз лозим. Томошабин қандай кўрса шундай жавоб қайтаради - бу қоида спектакллар соҳасида ҳам иш беради.

4. Баёнотлар занжири

Тасаввур қилинг, сизга номаълум хизмат кўрсатиш компаниясидан қўнғироқ қилишди ва биринчи навбатда саволга тутишади: «Бизнинг компания хизматларидан фойдаланмоқчимисиз?». Албатта, сиз «Йўқ» деб жавоб берасиз. Энди қўнғироқ қилган одам фикрингиздан қайтариши учун сизга мўъжизалар кўрсатиши керак ва у муваффақият қозониши даргумон.

Агар биз рад қилишни бошласак, бутун табиатимиз ўз фикрида қолишга ва ҳолатини ўзгартирмасликка ҳаракат қилади. Биз мутлақо ёпиламиз, суҳбатдошнинг сўзларига шубҳа билан қарай бошлаймиз ва унинг фикрларини, ҳатто улар умуман бошқа мавзуда бўлса ҳам, қабул қилишни хоҳламаймиз.

Шунинг учун суҳбат олдидан баёнотлар занжирини яратиш керак. Аввало «Ҳа» жавобини олиш мумкин бўлган бир неча саволлар тайёрланг. Бу сизнинг ғояларингизни идрок қилиш учун қулай шарт-шароитларни яратади ва тингловчилар эътиборини сизга қаратишига туртки бўлади. «Ҳа» жавобини берган одам маълумотларингизни эгаллаш ва завқ билан тинглашга психологик жиҳатдан мослашади.

5. Саволга тутиш

Томошабинларни «жонлантириш» ва одамларни сизни тинглашга ундашнинг яна бир синалган усули бу савол беришдир. Оммага қаратилган нутқ, қоида тариқасида, бир томонлама таъсирланишдир. Спикер сўзлайди, қолганлар тинглашади. Аммо одамлар диққати тарқала бошлаганини сезсангиз, уларга саволлар беринг.

Бу ўзаро таъсир схемасини ўзгартирди: энди тингловчилар гапиришлари керак, сиз эса эшитасиз. Бир лаҳзага бўлса ҳам томошабинлар вазият устидан назорат қилишади, қизиқиш қайтиб уларни тезроқ жавоб беришга ундайди. Одамлар суҳбатда эканликларини ҳис қилишади, бу шунчаки маълумот олиб тинглашдан кўра анча қизиқарлидир.

6. Янгиликлар келтиринг

Одамлар доимо янги маълумотларга ўч. Бу янгиликларни ўқишни яхши кўришимизнинг сабабларидан бири. Бу ожиз томонни ўз мақсадларингиз йўлида ишлатишингиз мумкин. Нутқ эътибор тортадиган бўлиши учун унга мавзуга алоқадор аммо ўз-ўзидан жалб қилувчи янги ахборотлар қўшиб гапиринг.

Масалан, бутун саноатни тубдан ўзгартириши мумкин бўлган янги ихтиро, соҳага оид ҳайратланарли кашфиёт ёки сиз сўз юритаётган шаҳар ёки мамлакат билан боғлиқ бирор нарса. Асосийси — янгиликларда етарлича таниш маълумотлар бўлиши керак, акс ҳолда тингловчи гап нима ҳақида кетаётганини идрок эта олмайди. Нотаниш нарсанинг ўта кўплиги худди умуман янги нарса йўқлиги каби ёмондир.

7. Тақсимлаш

Баъзида сўзловчи билим ва тажрибаларга шунчалик кўп эга бўладики, ўз тингловчилари учун мавзу борасида барча ахборотларни бирданига етказиб бергиси келади ва бунга шошилади, чунки вақт доим назоратда. Аммо секинлашган маъқул. Эшитувчилар кичик давр оралиғида кўплаб маълумотни эслаб қолиш имкониятига эга эмас (агар шундай бўлганда ҳозир сизнинг ўрнингизда улардан бирортаси турган бўларди), босим остида бунга мажбурлаш эса сизнинг тезисларингиз ҳаттоки биттаси ҳам ёдда сақланиб қолмаслигига олиб келади.  

Тингловчилар сизнинг сўзларингизга ҳақиқатан ҳам эътибор беришларини истасангиз, бир ёки иккита асосий фикрни ажратиб олинг ва фақат улар устида сўзланг. Кичик тезис, ҳаётий воқеалар ва бошқа маълумотлар орқали мавзуни кенгайтиринг, аммо мазмунни ўзгартирманг. Асосийси диққатни йўқотмаслик — нутқ жамланган бўлса, тингловчилар эътиборини қозонасиз.

Мавзуга оид