Жамият | 12:30 / 25.07.2019
30822
11 дақиқада ўқилади

Вазирга эътироз: «Она тили ва ёзувни технологияга эмас, технологияни тил ва миллий ёзувга мослаштириш шарт!»

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов бироз олдинроқ журналист Кирилл Альтманга берган интервьюсида лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини ислоҳ қилиш масаласида фикр билдириб, бу ислоҳотга қарши экани ҳақида гапирганди.

«Тўғрисини айтганда, мен бунга қаршиман. Лотин алифбосини ислоҳ қилишнинг кераги йўқ. Бизнинг лотин ёзувига тўлиқ ўтмаганлигимиз унинг мукаммал эмаслигиданмас. Агар истасак шундоқ ҳам ўтишимиз мумкин эди. Ҳаттоки қандайдир экспертлар таклиф қилаётган бир нечта белгини қабул қилган тақдиримизда ҳам лотин алифбосига тўлиқ ўтишимизга кафолат йўқ. Аммо мана шу бир нечта белгини қабул қилиш барча дарсликларни бошқатдан нашр қилишга олиб келади. Бу — миллиардлар дегани. Ва биз яна бир неча авлодни йўқотамиз. Мен «айтичи» (IT) сифатида ортиқча ҳарфларга қаршиман. Яъни, стандарт инглизча клавиатура бор. Мана шу клавиатура доирасида ишлаш керак. Агар жуда содда қилиб айтадиган бўлсак. Тамом. Бизда эса албатта туркча белгилар, яна нимадир қўшишади. Бунинг нима кераги бор?», - деганди вазир.

Халқ таълими вазирининг «Лотин алифбосини ислоҳ қилишнинг кераги йўқ» деган фикрига қатъий эътироз билдирамиз. Бутун бир халқнинг таълими ва тарбияси бошида турган раҳбар наҳотки ислоҳотларда миллат келажагини, ёзувнинг она тили табиатига мос бўлишини эмас, фақат «миллиардлар»ни кўради? Агар бу тамойилга таянадиган бўлсак, бугун қилинаётган жуда кўплаб ислоҳотларга қўл урмаслигимиз керак бўлар эди. Айтайлик, бутун мамлакатимиз бўйлаб қурилган кўп сонли касб-ҳунар коллежлари ўзини оқламагач, уларнинг жуда катта қисмидан воз кечилди. Ҳолбуки, уларнинг биноларини қуришга, моддий-техник базасини шакллантиришга, дарсликларини чоп этишга ва бошқа ташкилий-маърифий ишлари учун озмунча маблағ сарфланганмиди?!

Мамлакатимизда бугунги ислоҳотлар узоқ келажакни ўйлаб амалга оширилаётганини яхши биламиз. Қабул қилинаётган қарорлар, расмий ҳужжатлардан кўзланган мақсад – соҳалардаги мавжуд камчиликларни имкон қадар тезроқ тугатиш истагидир. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов ҳамда Президент маслаҳатчиси Х.Султонов томонидан 2018 йил 15 майда имзоланган «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш ва янада такомиллаштириш бўйича Ҳаракатлар режаси» ҳам шу мақсадга хизмат қилади. Унинг биринчи бандида «Ўзбекистон Республикасининг «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида» қонунига ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги 1995 йил 6 майдаги қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбек тилининг асосий имло қоидаларини тасдиқлаш ҳақида»ги 1995 йил 24 августдаги қарорини такомиллаштириш топшириғи белгиланган. Юқоридаги суҳбатда тилга олинган «қандайдир экспертлар» ҳам айнан шу нуфузли ҳужжат асосида иш олиб боришяпти – ўз-ўзидан пайдо бўлиб, шунчаки ишлаётганлари йўқ.

Ҳаракатлар режасида муҳим масалалар, уларнинг ижро механизми ва масъуллари белгиланган. Жумладан, унинг 8та бандида Халқ таълими вазирлиги зиммасига ҳам жиддий вазифалар юклатилган. Демак, ёзув ва имло ислоҳоти жараёнида вазифаларнинг салмоқли қисми Халқ таълими вазирлиги зиммасига тушади. Хўш, вазирлик ушбу Ҳаракатлар режасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича қандай ишларни амалга оширмоқда?

«Алифбо ўзгарса, чоп этилган дарсликлар нима бўлади?» деб ташвишланишга ҳожат йўқ. Сабаби, алифбони бутунлай эмас, бор-йўғи ундаги тўртта ҳарфни ислоҳ қилиш ҳақида гап кетмоқда. Қолаверса, мактаб дарсликлари шусиз ҳам ҳар уч йилда янгидан нашр этилади. Ва агарда алифбо ўзгарган тақдирда ҳам, дарсликлар нашрини босқичма-босқич амалга ошириш мумкин.   

Ёзув келажак авлоднинг билими, тафаккури, миллатнинг тийнати, маънавиятига ўта жиддий таъсир кўрсатади. Алифбонинг такомили, қулайлиги, тилда мавжуд товушларни имкон қадар қамраб олиши, миллат тилининг барча хусусиятларига мос бўлиши олдида бошқа масалалар иккиламчидир. Агар амалдаги алифбо қулай ва мукаммал бўлганида, кенг жамоатчиликнинг, жумладан, соҳа мутахассисларининг, илғор ва малакали, жонкуяр ўқитувчиларнинг қатъий ва жиддий эътирозига сабаб бўлмасди.

Халқ таълими вазири «Мен «айтичи» (IT) сифатида ортиқча ҳарфларга қаршиман» демоқда. Ҳолбуки, тил ва ёзувни технологияга эмас, технологияни она тили ва ёзувига мослаштириш – оддий мантиқ талаби. Ўзини, она тилини ҳурмат қиладиган барча миллатлар шу тамойилга амал қилишади. Бўлмаса, лотин ёзувидан фойдаланадиган дунёдаги кўп сонли миллатлар овора бўлиб миллий алифболарига турли қўшимча белгили ҳарфларни киритмаган бўларди. Ўзларининг «айтичи» мутахассислари фикрига қулоқ солиб, ёзувларини инглиз алифбосига мослаштириб олган бўлишарди, вассалом. Умуман олганда, она тили ва ёзуви ҳақида гап кетганида, «айтичи» бўлиш ҳал қилувчи сўзни айтишга ваколат бермайди. Чинакам ахборот технологиялари мутахассисининг вазифаси – она тили табиатига мос алифбони жорий этишга техник жиҳатдан таклиф беришдир.

Алифбо ислоҳига қарши бўлганлар унинг ўқиш ва ёзишга қулай ёки ноқулай бўлиши борасида эмас, ислоҳот туфайли ўзларига ортиқча ташвиш туғилиши ҳақида ўйлаяптилар, назаримизда. Ҳолбуки, ҳар қандай ислоҳот жонкуярликни, ўзингнинг устингда ишлашни талаб этади.

Яна бир гап: вазир таъкидлаганидай, экспертлар томонидан таклиф қилинган иккита ҳарф (Ç, Ş) ҳеч ҳам «туркча белгилар» эмас. Улар бизнинг миллатпарвар, маърифатпарвар жадидларимиз юз йил олдин туркий алифбога киритган белгилардир. Буни билиш учун туркий халқларнинг ёзув тарихи билан яқиндан танишиш кифоя. Маълумки, собиқ шўро иттифоқи таркибидаги туркий халқларнинг Яналиф деб номланган лотин алифбосига ўтиши масаласи ҳақидаги жиддий қарор 1926 йилда Боку шаҳрида бўлиб ўтган туркологларнинг 1-съездида маъқулланган эди. Ўша алифбодан бугун экспертларимиз таклиф этаётган белгилар ҳам ўрин олган. Марказий Осиё халқлари орасида биринчилардан бўлиб лотин алифбосининг қулайлиги, дунё билан бўйлашиш учун зарурлигини англаган зиёлиларимиз саъй-ҳаракати билан 1929 йилда Туркистон ўлкаси учун янги миллий алифбо қабул қилинганди. Юқоридаги икки белги ана шу алифбо таркибидан олинган.

Ислоҳ қилиниши таклиф этилаётган яна иккита ҳарф (O‘ ва G‘) туфайли юртимиздаги барча ёзувлар ғиж-ғиж хатога тўлиб кетди. Чунки уларни тўғри ёзиш шу қадар мушкулки (O‘ ва G‘ ҳарфлари ёнига қўйиладиган ‘ белгиси клавиатурадаги ALT+0145 тугмаларини босиш эвазига ёзилади), бу муаммолар айнан стандарт инглиз тили клавиатурасидан фойдаланиб қўя қолиш истагидан юзага келган. Кўпчилик O‘ ва G‘ ҳарфларидаги белгилар билан тутуқ белгисини фарқлай олмай, бошқа белгилар қўйиб ёзадилар. Ҳатто яхши мазмундаги китобларни нашр этадиган айрим нашриётларда ҳам шу аҳвол.

Алифбо муаммосининг оғриғини кундалик амалиётда ўзбекча матнларни лотин ёзувида қоғозга туширадиган ёки компьютерда терадиган кишигина ўз танасида ҳис қила олади. Хулоса шуки, биз ўз халқимизнинг саводхон бўлишини, ёзувимиз ўқиш ва ёзишга, энг муҳими, она тилимиз табиатига мос бўлишини истасак, амалдаги алифбони Ҳаракатлар режасида белгиланган муддат, яъни шу йилдан кечиктирмасдан ислоҳ қилишимиз шарт!

Одамга таъсир қиладиган жиҳат шуки, бундан салкам юз йил олдин – 1922 йилда маърифатпарвар педагог Шокиржон Раҳимий томонидан айтилган қуйидаги гаплар бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ: «Ҳар қайси улус адабиётининг тугаллашмаси шу улуснинг тил ва ёзувининг тартиблик ва йўсунлик бўлишига боғлиқдир. Тартибсиз ва қоидасиз тил, ёзув бўйича тузилган адабиётнинг бир кун эмас бир кун битишига ҳеч гумон йўқдир. Тил жон бўлса, ёзув унинг баданидир. Соғ бўлмағон бир танда жоннинг яшамоғи қийиндир. Бизнинг ёзувимиз касал. Бунинг иложига тездан киришилмаса, иш хавфлидир».

Онаси касал фарзанд борини сотиб бўлса ҳам уни тузатишга, даволашга ҳаракат қилади. Керакли дорини қиммат экан деб жим қараб ўтирмайди. Тилимиз ҳам, кўп бора таъкидлангани каби, бизга онамиз қадар муқаддас... Қолаверса, маблағ иқтисоди ҳақида гап кетганда битта фактни қистириб ўтайлик: агар бизга муаммо туғдираётган, жуфт белгилардан таркиб топган O‘, G‘, Sh ва Ch ҳарфларини ислоҳ қилиб, уларнинг ўрнига яхлит ҳарфларни қабул қилсак, миллионлаб ададда чоп этилаётган китоб, қўлланма, дарслик, газета-журнал ва бошқа воситалардаги матнлар ҳам ҳажман кескин қисқариб, келажакда миллиардлаб маблағларнинг тежалишига замин яратган бўламиз.

Аслида ислоҳдан бош мақсад – фақат тежамкорликни ўйлаш эмас, балки ўзбек тилига Давлат тили деган юксак мақом берилганига 30 йил тўлган ушбу муборак паллада она тилимизнинг либоси бўлган ёзувимизни унинг руҳига мос қилиб олишдир. Бундай қутлуғ масалада бирёқлама хулоса, ҳукм чиқариб бўлмайди.

Тақдим этилган алифбога яна зарур ўзгартиришлар киритиш, Ц ҳарфининг кириши ва НГ ҳарф-бирикмасининг чиқарилиши, унлилар ифодаси кабиларни қайта кўриб чиқиб алифбомиз масаласини ҳал қилиш шарт.

Алифбонинг кечикиши чала-чулпа ва кўп номутаносибликлар билан қабул қилинган имло қоидаларимизни тузатишни ҳам кечиктирмоқда. Бизда имло қоидалари ҳам, албатта ислоҳ қилиниши шарт. Бу – кўплаб мутахассислар, тилшунос олимларнинг фикри.

P.S.: Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини ислоҳ қилиш бўйича тузилган ишчи гуруҳ янгиланган алифбо вариантини кенг жамоатчиликка тақдим этди. Хўш, бу алифбо лойиҳаси қачон, қаерда ва қай тарзда кўриб чиқилади? Она тилимиз ва ёзувимиз тақдирига бефарқ бўлмаган юртдошларимиз, зиёлилар ушбу саволларга жавоб кутяпти. Ўйлаймизки, бу саволларга тез орада масъул идора ва ваколатли шахслар ўз амалий ҳаракатлари билан жавоб берадилар.

Маъмура Зоҳидова,

Филолог, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Мавзуга оид