Ўзбекистон | 11:50 / 26.07.2019
32873
8 дақиқада ўқилади

Kun.uz нашри прописка масаласида Ички ишлар вазирлигига сўров киритди

Сўнгги кунларда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига доимий пропискага кириш масаласида кўплаб тортишув ва низолар бўлмоқда. Жумладан, бу каби низолар секин-асталик билан судларга кўчмоқда. Яъни қонунларда белгилаб қўйилган ҳуқуқлари давлат органлари томонидан асоссиз бузилаётганидан норози бўлган фуқаролар ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни сўраб, маъмурий судларга мурожаат қилмоқда. Аҳамиятли томони, улар бирин-кетин судда ютиб чиқишмоқда ҳам. Kun.uz сайти ана шундай суд жараёнларининг айримлари ҳақида аввал ҳам хабар берган эди.

Мантиқан олганда фуқаро прописка бўйича судда ғалаба қозонди, дегани, ички ишлар органларининг ноқонуний ҳаракатлари расман тасдиқланди дегани. Шу сабабли мазкур ҳолатларга изоҳ олиш мақсадида Kun.uz нашри расмий сўров билан Ички ишлар вазирлигига мурожаат қилди.

Сўровнинг тўлиқ матни билан қуйида танишишингиз мумкин.

Ўзбекистон Республикаси

Ички ишлар вазири П.Р.БОБОЖОНОВга

Ҳурматли Пўлат Раззоқович!

Жорий йилнинг 24 июнь куни «Kun.uz» нашрида «Биргаликда уй сотиб олган фуқаролар прописка масаласида судда ютиб чиқди» сарлавҳали хабар эълон қилинди.

Хабарда уч нафар фуқаро Тошкент шаҳрида биргаликда умумий мулк ҳуқуқи асосида уй-жой сотиб олгани, лекин Яшнобод туман ИИБ ФМБ М ва ФРБ уларни Рўйхатнинг 1-бандига мувофиқ прописка қилишни асоссиз рад этгани, натижада фуқаролар Яшнобод туман маъмурий судига ариза билан мурожаат қилгани баён этилган. Суднинг ҳал қилув қарорига биноан, Яшнобод туман ИИБ ФМБ М ва ФРБ мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари ғайриқонуний деб топилиб, унинг зиммасига шикоят йўллаган фуқароларни (3 нафар) тегишли манзил бўйича Рўйхатнинг 1-бандига мувофиқ доимий прописка қилиш мажбурияти юкланган.

Бундан ташқари, Яшнобод туман ИИБ ФМБ М ва ФРБдан фуқаролар фойдасига 202 730 сўм (давлат божи учун тўланган тўлов) ундирилиши белгиланган.

Шунингдек, жорий йилнинг 3 июль куни сайтимизда «Оилали эканлиги учун прописка рад қилинган фуқаро ҳам судда ютиб чиқди» сарлавҳали хабар нашр қилинди.

Хабарда ота-онаси Тошкент шаҳридан янги уй-жой сотиб олган ва 1-бандга ўтган фуқаро, ота-онаси орқали фарзанд сифатида 2-банд билан Тошкент шаҳрига доимий пропискага кира олмагани баён этилган. Фуқаронинг аризасига туман ИИБ ФМБ М ва ФРБ рад жавобини бериб, бунга асос сифатида Ички ишлар вазирлиги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармасининг 14.12.2017 йилдаги №22/25297-сонли кўрсатма хатида оиласи бор вояга етган фарзандлар 2-банд билан пропискага киритилмаслиги қайд этилганини баён қилишган.

Аммо Яшнобод туман маъмурий судининг 29 май кунидаги ҳал қилув қарори билан фуқаронинг даъвоси тўлиқ қаноатлантирилиб, Яшнобод туман ИИБ ФМБ М ва ФРБ мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари ғайриқонуний деб топилди ҳамда ташкилот зиммасига шикоят йўллаган фуқарони тегишли манзил бўйича Рўйхатнинг 2-бандига асосан доимий рўйхатга қўйиш мажбурияти юкланди.

Шунингдек, ижтимоий тармоқларда 2, 5, 9—11-бандларига мувофиқ Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилоятида доимий прописка қилинган фуқаролар доимий прописка қилинган (лавозимида турган) кундан бошлаб уч йил ўтгандан кейин турар жой сотиб олгандан кейин, ушбу турар жойга Рўйхатнинг 1-банди бўйича доимий прописка қилиш тўғрисида ариза беришганда туманлардаги ИИБ ФМБ М ва ФРБ турли важ ва баҳоналар билан уларнинг пропискасини 1-бандга ўтказиб беришни рад қилаётгани ҳақида хабарлар чиқмоқда. Ваҳоланки амалдаги тартиб бўйича уларнинг доимий пропискаси 1-бандга ўзгартирилиши керак эди. «Kun.uz» нашри бевосита ушбу масалани ўрганиб, ҳақиқатдан амалиётда шундай муаммолар мавжудлиги ҳақида етарли далиллар тўплади.

Ҳурматли Пўлат Раззоқович!

Юқоридаги ҳолатлардан келиб чиқиб, шунингдек «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги Қонуннинг 35-1-моддасига биноан, қуйидаги саволларни ўз ичига олган сўровга Ички ишлар вазирлиги томонидан батафсил маълумот олишда амалий ёрдам беришингизни сўраймиз:

1. Биргаликда умумий мулк ҳуқуқи асосида уй-жой сотиб олган фуқароларни 1-банд билан пропискага киритишни ноқонуний равишда оғзаки асосда рад қилиш ҳолатларини бартараф этиш учун вазирлик қандай ишларни амалга оширмоқда?

2. Амалдаги қонунчиликка ўзгартириш киритилмаган бир пайтда, тумандаги масъулларнинг бундай рад жавоби уларнинг ўзбошимчалик билан қилаётган ташаббусими ёки уларга республика ёхуд шаҳар миқёсидаги юқори турувчи ташкилотлар томонидан тақиқ қўйиш тўғрисида норасмий кўрсатма берилганми?

3. ОАВ вакиллари билан ўтказилган брифингда Тошкент шаҳар ИИББ масъул ходими умумий мулк ҳуқуқи асосида уй-жой сотиб олиб, 1-банд билан пропискага кириш ҳолатларини «лазейка» дея баҳолаган ва тез орада қонунчиликка бу бўйича ўзгартириш киритиш мумкинлигини баён қилган эди. Ушбу масалада қонунчиликка ўзгариш киритиш бўйича олиб борилаётган ишлар қайси босқичда ва айнан лойиҳада қандай ўзгаришлар назарда тутилмоқда?

4. Суднинг қарори билан оиласи бор вояга етган фарзандлар 2-банд билан пропискага киритилмаслиги тўғрисидаги қоида акс этган Ички ишлар вазирлиги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармасининг 14.12.2017 йилдаги №22/25297-сонли кўрсатма хати ноқонуний эканлиги расман тасдиқланди. Шунга кўра, ушбу ноқонуний кўрсатма хати вазир ёки бошқарма бошлиғи томонидан бекор қилиндими ёхуд ҳалиям кучда турибдими?

5. Келгусида оиласи бор вояга етган фарзандларни 2-банд билан пропискага киритишни асоссиз рад этиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида вазирлик қандай амалий чоралар кўрди? Қуйи бўғинларга тегишли топшириқлар берилдими?

6. Гарчи қонун ҳужжатларида аниқ кўрсатилган бўлса ҳам, 2, 5, 9—11-бандларига мувофиқ доимий пропискага кирган ҳамда кейинчалик тегишли тартибда уй-жой сотиб олган фуқароларни 1-банд билан пропискага киритишни ноқонуний рад қилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида вазирлик қандай ишларни амалга оширмоқда? Бундай ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича қуйи бўғинларга тегишли кўрсатмалар чиқарилганми?

7. Фуқароларни доимий пропискага кириши юзасидан берган аризаларига асоссиз рад жавоблари қайтариб, уларни ортиқча овора қилган, сансалорликка йўл қўйган масъулларга нисбатан қандай чоралар кўрилди?

Ушбу саволларга тез орада батафсил жавоб олишда кўрсатадиган амалий ёрдамингиз ва ҳамкорлигингиз учун «Kun.uz» нашри номидан олдиндан миннатдорчилик билдирамиз.

Таҳририятдан: «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги Қонуннинг 35-1-моддасига биноан, ОАВнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир сўрови кўпи билан етти кун муддатда кўриб чиқилиши лозим. Шунга кўра, таҳририят тез орада Ички ишлар вазирлиги томонидан батафсил жавоб олишга умид билдиради ҳамда вазирлик муносабатини сайт орқали муштарийларга эълон қилади.

Мавзуга оид