Ўзбекистон | 10:40 / 06.08.2019
11772
2 дақиқада ўқилади

ДСЭНМ мутахассиси: «Шифохоналарда юқумли касалликлар билан ишлашда камчиликлар мавжуд»

Жойлардаги шифохоналарда юқумли касалликлар билан оғриган беморлар билан ишлаш, бу хасталикларнинг тарқалишини профилактика қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар талабга жавоб бермайди. Бу хусусида Тошкент шаҳрида юқумли касалликлар бўйича олиб борилаётган профилактик чора-тадбирлар самарадорлигини баҳолаш мавзусидаги брифингда сўз борди.

Республика Давлат санитария эпидемиология назорати маркази иммунопрофилактика бўлими врачи Лаъли Саидғаниеванинг баён қилишича, республикадаги шифохоналарда юқумли касаллик билан оғриганликда гумонланган беморларни қабул қилиш ва уларни палаталарда сақлаш тартибида бир қатор жиддий камчиликлар мавжуд.

«Қабулхоналарда юқумли касаллик билан хасталанишда гумонланаётган беморлар қаердан ўтиши керакли аниқ белгиланмаган. Қабулхонада ёш оналар ҳам, болалар ҳам, чақалоқлар ҳам бўлиши мумкин. Бемор бу ердан ўтгунича ўзидаги инфекцияни юқтириб қўйиши эҳтимоли йўқ эмас. Юқумли касалликлар қабул қилинувчи жойга бемор умумий кириш жойидан қатнашига тўғри келяпти. Беморларнинг қаерга мурожаат қилишини кўрсатувчи йўл кўрсаткичлари ҳам етарли даражада эмас», дейди у.

Брифинг давомида қайд этилишича, юқумли касаллик белгилари мавжуд бўлган шахслардан ўша ернинг ўзида қон таҳлили олинмаган ҳолда, юқумли касалликлар шифохонасига йўналтирилмоқда. Белгиланган тартибга кўра эса бемор биринчи мурожаат қилган жойда қон таҳлили ўтказилиши лозим.

Шунингдек, юқумли касалликлар ҳолати қайд этилганда ДСЭНМга шошилинч хабарнома юбориш тизими ҳам яхши йўлга қўйилмаган. Натижада беморни назорат қилишнинг имкони мавжуд эмас. 

«Беморларнинг эпидемиологик карталарини тўлдиришда, касаллик симптомларини аниқ кўрсатишда камчиликлар мавжуд. Эпидемиологик карталар ДСЭНМга ўз вақтида етказиб берилмаётгани боис республикада юқумли касалликлар бўйича умумий ҳолатни таҳлил этиш, эмлаш кампаниясини назорат қилиш жараёни суст кечмоқда», дейди мутахассис.

Мавзуга оид