Иқтисодиёт | 16:40 / 30.08.2019
22795
5 дақиқада ўқилади

Қайрат Келимбетов: сўнгги 20 йилда Қозоғистон 300 млрд доллардан кўпроқ инвестиция жалб қилди. Бу Марказий Осиёдаги инвестицияларнинг 70 фоизидир

Фото: KUN.UZ

27-29 август кунлари Ўзбекистоннинг бир гуруҳ ОАВ вакиллари Қозоғистон пойтахти Нурсултон шаҳрида бўлдилар. “Остона” Халқаро биржаси таклифи билан уюштирилган пресс-турда бу марказнинг фаолияти, хусусан янги фаолият бошлаган халқаро биржа иши билан танишув бўлиб ўтди.

Дастлаб журналистларни “Остона” Халқаро молия маркази раҳбари Қайрат Келимбетов қабул қилди.

Қисқача маълумот: Келимбетов Қайрат Неъматович, 2002—2006 йилларда Қозоғистон иқтисодиёт ва бюджетни режалаштириш вазири, 2008 йилда Республикаси президенти Администрациясини бошқарган, 2011 йилда Иқтисодий ривожланиш ва савдо вазири, 2012 йилдан бош вазир ўринбосари, 2013-2015 йилларда Қозоғистон Миллий банки (Марказий банк) раиси, айни пайтда “Остона” Халқаро молия маркази раҳбари.

Журналистлар билан суҳбат жараёнида жаноб Келимбетов шундай маълумотлар берди:

– Марказимизнинг асосий вазифаси хорижий инвестицияларни мамлакат иқтисодиётига жалб қилиш, уларга қулай муҳит яратишда ёрдам беришдан иборат. Хабарингиз бор, 2017 йилда Остонада «ЭКСПО-2017» халқаро кўргазмаси бўлиб ўтган. Мана шу сиз ташриф буюрган бино-иншоотлар шу тадбир муносабат билан қурилган (таҳр.: лойиҳа қурилишларининг умумий қиймати 2,1 млрд. долларни ташкил қилган ва бу маблағ тўлиқ Қозоғистон ҳукумати томонидан қопланган). Бу тадбирда жуда кўп давлатлар раҳбарлари қаторида Ўзбекистон президенти ҳам иштирок этганидан хабарингиз бор. Кўргазма муваффақиятли ўтганидан кейин биринчи президентимиз томонидан биноларнинг бир қисми биз фаолият бошлаган “Остона” Халқаро молия марказига берилди. Бундан ташқари ҳудудда қатор инновацион марказлар ҳам фаолият юритади. Шу ерда жойлашган Остона Халқаро Биржаси NASDAQ, Шанхай Халқаро биржаси каби йирик биржалар билан ҳамкорликда йўлга қўйилган.

Мана шу марказ жойлашган ҳудудда молия соҳасида инглиз қонунчилиги амал қилади. Сабаби, дунё бўйича тан олинган инглиз ҳуқуқи кўпчилик давлатлар, йирик инвесторлар учун тушунарли, анъанавий ҳисобланади. Айнан инвесторларга қулайлик яратиш мақсадида давлатимизда ҳатто конституцияга ҳам ўзгартириш киритилган ва Нурсултон шаҳрининг 80 фоиздан ортиқ ҳудудида фақат молия соҳасида инглиз қонунчилиги амал қилиши кўрсатиб ўтилган. Кейинчалик шу ўзгаришга асосан 70 та қонун қабул қилинди. Биз ҳатто молиявий масалаларни ечиш учун собиқ иттифоқда биринчи бўлиб Англиядан судьяларни таклиф қилганмиз ва улар шаҳримизда доимий асосда фаолият олиб боришади. Ҳозир Буюк Британиянинг собиқ бош судьяси лорд Гэри Вульф бизда молия соҳасида бош судья ҳисобланади. Арбитраж соҳасида леди Барбара фаолият юритяпти.

Марказимизга бу қадар жиддий эътибор берилаётганининг ўзига хос сабаблари бор. Маълумки хорижий инвестицияларни жалб қилиш бўйича ўзига хос кураш, соғлом рақобат кетмоқда ва бу жуда яхши. Сўнгги 20 йилда Қозоғистон 300 млрд доллардан кўпроқ инвестиция жалб қила олди. Бу Марказий Осиёдаги инвестицияларнинг 70 фоизидан иборатдир.

Албатта, Қозоғистоннинг кўрсаткичлари жуда юқори. Аммо бу инвестицияларнинг тахминан 80 фоизи нефть-газ соҳасига йўналтирилгани бизни ўйлантирмай қолмайди. Биз бу масала устида ишлашимиз кераклигини яхши англаймиз.

Кўпчилик “инвестицияларни жалб қилишда рақобат акс таъсир қилмайдими?”- деб сўрайди. Мен қўшни давлатлар орасидаги бу ҳолатни рақобат эмас, кооперация деб атаган бўлардим.

Қозоғистоннинг бу борада тажрибаси катта бўлса-да, йирик хорижий инвесторлар билан музокараларда уларни битта давлат қониқтирмаслиги, бутун ҳудуд билан ишлаш қизиқтириши маълум бўлади. Шу боис икки томонлама ҳамкорлигимиз жуда муҳим. Ахир Марказий Осиё ҳудуди аҳолиси яқин келажакда 100 млнга етиши кўзда тутилса, бу давлатлар кўпчилик инвесторларни қизиқтириши табиий. Шу боис биз каби марказлар қўшни давлатларда ҳам пайдо бўлишидан биз фақат хурсанд бўламиз.

Биз Ўзбекистонда сўнгги йилларда олиб борилаётган ислоҳотларни диққат билан кузатиб боряпмиз. Юқори доираларда кўплаб учрашувлар ўтказдик, янги режаларимиз ҳам бор. Қисқа муддат ичида ўзаро савдо ҳажми 30 фоиздан кўпроққа ошгани жуда яхши кўрсаткич ва бу рақамлар ўсишда давом этмоқда – деди “Остона” Халқаро молия маркази раҳбари Қайрат Келимбетов.

Аброр Зоҳидов, Тошкент-Нурсултон-Тошкент

Мавзуга оид