Ўзбекистон | 18:34 / 05.09.2019
68567
2 дақиқада ўқилади

«Ҳарбий қасамёд» ўрнига «Ватанга қасамёд» жорий қилинмоқда

Фото: Norma.uz

Ўзбекистон Республикаси Президенти «Хавфсизлик ва мудофаа соҳасидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунни имзолади.

Ўзбекистон Республикасининг 2002 йил 12 декабрда қабул қилинган «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги Қонунига қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди:

3-модда (Умумий ҳарбий мажбурият ва Ҳарбий қасамёд):

номидаги «Ҳарбий қасамёд» деган сўзлар «Ватанга қасамёд» деган сўзлар билан алмаштирилди;

олтинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилди:

«Ҳарбий хизматга биринчи марта чақирилган ёки ихтиёрий равишда (контракт бўйича) кирган фуқаролар Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи олдида қуйидаги мазмунда Ватанга қасамёд қабул қиладилар:

«Мен, (фамилияси, исми, отасининг исми), Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафига кирар эканман, давлатим тимсоли бўлмиш муқаддас байроқни ўпиб, буюк аждодларимнинг пок руҳлари олдида, ватаним олдидаги бурчимни ҳалол бажаришга бел боғлаб, виждоним, ор-номус ва шаънимни ўртага қўйиб:

Ўзбекистон Республикасига, халқимга ва Президентимга бир умр содиқ бўлишга, Ватанимнинг мустақиллигини, унинг сарҳадларини, она халқимнинг тинчлиги ва осойишталигини, миллий манфаатларини сўнгги нафасимгача ҳимоя қилишга, Ўзбекистон Республикасига қарши қаратилган ҳар қандай тажовуз ва ғаразли ҳаракатларга қарши аёвсиз курашишга, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, қонунлари ва умумҳарбий низомларга қатъий амал қилишга, давлат ва ҳарбий сирларни сақлашга, Қуруқликда, сувда, ҳавода - ҳар қандай шароитда ҳам ўз бурчимни виждонан бажаришга, ҳар қандай машаққатли синов ва қийинчиликларда ҳам эл-юртимнинг юксак ишончини оқлашга тантанали равишда қасамёд қиламан!».

Мавзуга оид