Спорт | 17:35 / 11.09.2019
152685
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда MMA жангчиси Муслимбек Омонов муштлашув оқибатида вафот этди

Фото: Instagram /Муслим Омонов

Тошкентда ММА профессионал жангчиси Муслимбек Омонов муштлашувда олган жароҳати оқибатида вафот этди. Пойтахт ИИББ қатор нашрларда тарқалган бу ҳақдаги хабарни тасдиқлади.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 11 сентябрига ўтар тунда, соат тахминан 00:50ларда, Юнусобод туманида жойлашган кафелардан бирида иккита йигитлар гуруҳи ўртасида можаро келиб чиққан.

Хабарга кўра, улар ўзаро муносабатларни ойдинлаштириш мақсадида кўчага чиқиб, Шайхонтоҳур туманига қараб йўл олишган, у ерда муштлашув келиб чиққан. Натижада, уч нафар шахс тан жароҳатлари билан касалхонага мурожаат қилган, улардан бири - 23 ёшли Муслимбек О. шифокорлар ҳаракатларига қарамай вафот этган.
 
Ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 3-қисми «д» банди (жабрланувчининг ўлишига сабаб бўлса) билан жиноят иши қўзғатилди.

Қайд этилишича, ушбу ҳаракатларининг барча иштирокчилари аниқланган. Тергов давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг 9 августга ўтар кечаси Тошкент шаҳрининг Юнусобод тумани ҳудудида жойлашган Aurum 898 тунги клубида рўй берган пичоқбозлик оқибатида эркин курашчи, халқаро тоифадаги спорт устаси Жамшид Кенжаев вафот этганди.

Мавзуга оид