Ўзбекистон | 11:00 / 15.09.2019
8799
3 дақиқада ўқилади

«Марказ-2019». Ўзбекистон ҳарбийлари арқон тортишда биринчи бўлди

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

«Марказ-2019» стратегик қўмондонлик-штаб ўқуви доирасида ўқув-амалий машқларни бажариш мақсадида ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар Россия мудофаа вазирлигидан жанговар ва ҳарбий техника ҳамда ўқ отиш қуролларини вақтинчалик қабул қилиб олди. Вақтинчалик фойдаланишга олинган қурол-аслаҳа ва техникаларга кунлик техник хизмат кўрсатиб келиняпти. Барча техникаларга Ўзбекистон байроғи ўрнатилди.

Ҳарбий хизматчилар тактик ҳаракатларни амалга ошириш, синов машғулотларида иштирок этиш билан бир қаторда ўзларининг жисмоний тайёргарлигини ҳам ошириб бормоқда. Эрта тонгдан олиб борилаётган жисмоний тайёргарлик машғулотлари ҳамюртларимизни ўтказилиши режалаштирилган ҳарбий машғулотларга ҳар томонлама тобламоқда. 

«Таъкидлаш керакки, «Донгуз» полигони жойлашган ҳудуд юртимиз иқлимига анча яқин экан. Вақт мезони ҳам бир хил. Шу боис бу ерда бўлиб турган ҳарбийларимиз ҳеч қандай ноқулайликларга дуч келмаяпти.

Ҳарбий хизматчиларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, хориж мамлакат армиялари билан ўзаро дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш учун ўқув машғулотлари доирасида бир қатор спорт турлари бўйича мусобақалар ўтказилди.

Мини-футбол бўйича ўтказилган мусобақада ҳамюртларимиз мезбонлардан кейин иккинчи ўринни қўлга киритди. Тош кўтаришда тўртинчи поғонани банд этган юртдошларимиз арқон тортишда пешқадам бўлди. Финалда мусобақанинг энг кучли жамоаси дея эътироф этилган россиялик ҳарбийлар билан дуч келган вакилларимиз кучли ирода ва ғалабага бўлган қатъий ишонч туфайли қўли баланд келди.

Шунингдек, «Донгуз» полигонида Ўзбекистон маданияти куни байрами нишонланди. Ўқувларда иштирок этаётган ҳарбий хизматчилар томонидан ташкил этилган ва миллий ашула ва рақслардан иборат концерт дастури йиғилганларни даврага чорлади. Дала ошхонаси ҳам шу куни ўзининг ҳақиқий қудратини намоён этди. Ўчоқда пишган миллий таомимиз – ош ҳамманинг тилида бўлди. «Ўзбеклардек ошни ҳеч ким пишира олмайди-да аслида», – дейишди иштирокчилар.

Бугун, 15 сентябрь куни «Марказ-2019» ўқув машғулотининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтади. Унда иштирок этаётган ҳарбий контингентлар ҳамда ҳарбий техникалар марш билан ўтишади», дейилади Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабарида.

Эслатиб ўтамиз, «Марказ-2019» ўқув машғулоти доирасида Россияда бўлиб ўтадиган амалий ҳаракатлар билан бир вақтда Наманган вилоятида жойлашган «Ғурумсарой» полигонида Ўзбекистон ва Тожикистон ҳарбий бўлинмалари томонидан шартли равишда жанубий сарҳадларга суқилиб кирган террорчи гуруҳларга қарши ҳамкорликдаги ўқув машғулоти ҳам ўтказилади.

Мавзуга оид