Ўзбекистон | 20:17 / 16.09.2019
13685
2 дақиқада ўқилади

Президент Россия Давлат думаси раисини қабул қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 16 сентябрь куни  Россия Федерал Мажлисининг Давлат думаси раиси Вячеслав Володин бошчилигида мамлакатимизда расмий ташриф билан бўлиб турган делегацияни қабул қилди.

Давлатимиз раҳбари меҳмонларни самимий қутлар экан, олий даражадаги мунтазамлик касб этган самарали мулоқот Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларига мутлақо янги суръат бағишлаш, уларни аниқ мазмун билан бойитишга хизмат қилганини катта мамнуният билан қайд этди.

Шу маънода Давлат думаси юксак даражали делегациясининг ушбу ташрифи кўп қиррали ҳамкорликни ҳар томонлама мустаҳкамлашга икки томон ҳам интилаётганининг навбатдаги тасдиғидир.

Вячеслав Володин, ўз навбатида, самимий қабул учун Президентимизга чуқур миннатдорлик билдирди ҳамда Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Учрашувда мамлакатларимиз ўртасида сиёсий мулоқотни янада ривожлантириш, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, илмий-техник, таълим, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Фаол парламентлараро мулоқотлар ва алмашинувларни, жумладан, Ўзбекистон ва Россия парламентлари палаталари ўртасида йўлга қўйилган ҳамкорлик механизмларидан самарали фойдаланган ҳолда давом эттириш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Қонун ижодкорлиги фаолиятининг турли масалалари бўйича яқин шерикликни йўлга қўйиш, ҳудудлараро алоқалар ва истиқболли кооперация лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, икки ва кўп томонлама келишувлар, жумладан, халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида қабул қилинган битимларни амалга оширишга кўмаклашиш ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида қайд этилди.

Вячеслав Володин Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги кенг кўламли ҳамкорликни ҳар томонлама мустаҳкамлаш мақсадида парламентлараро алоқаларни кенгайтиришга интилиши қатъий эканини тасдиқлади. 

Учрашув сўнгида юқори мартабали меҳмон жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий вакиллик ҳокимияти органларига сайловлар муваффақиятли ўтишини тилади.

Мавзуга оид