Ўзбекистон | 10:54 / 18.09.2019
33067
4 дақиқада ўқилади

«Бундан кимдир манфаат кўраётгани аниқ». Депутат пальма ёғи масаласини кўтариб чиқди

Фото: panthermedia/vostock-photo

Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан фуқаролар томонидан мамлакатга олиб кирилаётган пальма ёғи ва унинг асосида ишлаб чиқарилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг инсон саломатлигига таъсири юзасидан тегишли давлат органларига маълумотлар сўраб сўровлар юборилди ҳамда ўрганишлар олиб борилди, деб ёзади Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Қаҳрамон Эргашев.

Қаҳрамон Эргашев

Билдирилишича, бу ўрганишлар депутатларнинг ўз сайловчилари билан учрашувларида, улар кундалик истеъмол қилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг таркибида трансёғлари, хусусан, пальма ёғи миқдори белгиланган меъёридан юқори эканлиги ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, охирги уч йилда мамлакатга ўртача 50 минг тоннадан ортиқ пальма ёғи импорт қилинган. Бу, ўз навбатида, жорий йилнинг ўтган қисқа даврида пальма ёғи импорти ўтган йилларга нисбатан кескин ўсаётганлигидан далолат бермоқда.

Маргарин ва пишлоқ маҳсулотларида ёғ кислоталаридаги трансизомерлар миқдор кўрсаткичи бўйича 4 фоизгача этиб белгиланган бўлса-да, харид қилинган намуналарда уларнинг миқдори 8,8 фоиз, яъни ушбу маҳсулотлар таркибида бегона ёғларнинг миқдори 2 баробардан юқорилиги қайд этилди. Бу амалдаги “Сут ва сут маҳсулотларининг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламент”да сут маҳсулотлари таркибида сут ёғларидан ташқари бегона ёғларнинг бўлмаслиги шартига зид бўлмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хулосасига кўра, пальма ёғи инсон саломатлиги учун хавфлилиги тиббиётда аниқланган бўлиб, ҳатто, эркакларнинг бепуштлигини ҳам келтириб чиқариши мумкин экан. Шу боис, бугунги кунда Ўзбекистонда амалдаги санитария қоидалари ва меъёрларига асосан болалар озиқ-овқати маҳсулотлари ишлаб чиқарилишида пальма ёғидан фойдаланиш тақиқланган.

“Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат дастури ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг парламент олдидаги ҳисоботида мазкур масала Ҳукумат вакиллари олдига қўйилган эди. Депутатлар таклифи бўйича манфаатдор вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат махсус Ишчи гуруҳи ташкил этилиб, масалани чуқур ўрганиш ва тегишли хулосалар чиқаришга келишилди.

Сўнгра, 2019 йил 19 август куни Вазирлар Маҳкамаси раёсати мажлисининг баёнида Давлат дастурининг ижроси юзасидан импорт қилинаётган пальма ёғининг озиқ-овқат саноатида ишлатиш билан боғлиқ вазиятни ўрганиш бўйича манфаатдор вазирлик ва идораларга вазифалар юклатилиб, тегишли муддатлар белгиланди.

“Бироқ, мамлакатимизга кириб келаётган катта миқдордаги пальма ёғи қайси мақсадларда ишлатилиб, уни қандай назорат қилиш тартиби бўйича амалга оширилаётган ишлардан депутатлар ўз вақтида хабардор қилинмаяпти.

Бундан ташқари, Ҳукуматнинг ушбу масала бўйича тасдиқланган чора-тадбирлар режасида белгиланган импорт қилинаётган пальма ёғининг озиқ-овқат саноатида ишлатиш билан боғлиқ қонун ҳужжатларини тўлиқ инвентаризациядан ўтказиш натижаси бўйича 16 сентябргача деб берилган топшириғининг ижроси ҳам номаълумлигича қолмоқда.

Бундан кимдир манфаат кўраётгани аниқ.

Пальма ёғи — импортми? У валюта ҳисобига олиб келинадими? Нима, унинг ўрнини босувчи маҳсулот ўзимизда йўқми? Буни қайсидир идора ўйлаши керакми-йўқми?

Соғлиқни сақлаш вазирлиги нега бонг урмаяпти?

Аҳоли соғлиғини сақлаш учун биз бюджетдан катта-катта пул сарфлаяпмизми? Пальма ёғи зарарининг олдини олсак, турли хасталикларнинг олдини олган бўламиз-ку. Пировардида, бюджет маблағлари иқтисод бўлади”, - деб ёзади депутат.

У халқ вакиллари томонидан олиб борилаётган ўрганишлар натижадорлигини таъминлаш мақсадида Ҳукумат бу борада тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларининг масъулиятини оширишига умид қилган.

Мавзуга оид