Жамият | 21:22 / 23.09.2019
24676
16 дақиқада ўқилади

Ёввойи ҳайвонот дунёсини ўрганиш, термитларга қарши курашишдаги янгиликлар ҳақида зоолог олим билан суҳбат

Kun.uz таҳририяти бугунги илм-фан, таълим, инновацион тадқиқотлар ҳақида турли соҳа олимлари билан суҳбатларни давом эттиради. Навбатдаги суҳбатдошимиз ЎзФА Зоология институти директори Биология фанлари номзоди, доцент Бахтиёр Холматов бўлди.

Суҳбат давомида республикамиз фаунаси ўрганиш борасида амалга оширилаётган ишлар, турли зараркунанда ҳашаротлар, жумладан, термитлар ва зарарларига қарши курашиш борасида қилинаётган тадқиқотлар ва уларнинг аҳамияти ҳақида маълумот олишингиз мумкин.

Зоология институти бугунги илмий фаолияти, илмий изланишлар ҳақида сўзлаб берсангиз?

— Зоология институти Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 4 сентябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ботаника институти ва Зоология институти фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3256-сонли қарори билан ташкил этилди.

Институт илмий фаолияти қуйидаги йўналишларни қамраб олади:

  • республика фаунасини комплекс тарзда ўрганиш, ҳайвонот дунёси объектларининг замонавий ҳолатини баҳолаш ва улардан оқилона фойдаланиш бўйича илмий-амалий тавсиялар ишлаб чиқиш;
  • республика фаунасининг миллий ахборот-таҳлилий маълумотлар базасини ишлаб чиқиш ва юритиш, ёввойи ҳайвонларнинг камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган турлари бўйича давлат кадастри, Ўзбекистон Республикаси Қизил китоби ва ҳайвонот дунёси мониторингини юритиш;
  • зараркунандалар, паразитлар ва бошқа биозараркунандалар сонини назорат қилишнинг инновацион технологияларини ишлаб чиқиш.

Зоология институти жорий йилнинг ўтган тўққиз ойи мобайнида сезиларли натижаларга эришди. Хусусан, Тошкент вилояти умуртқали ҳайвонлари фаунаси мониторингини ўтказиш учун 18та муҳим худуд аниқланди, экотизимларнинг оригинал харитаси яратилди. Қуруқлик умуртқали ҳайвонлари фаунаси бўйича электрон маълумотлар базаси ва библиографик рўйхати тузилди.

Самарқанд вилоятининг қатор туманларида визуал текширув ва аҳолидан анкета –сўровнома тарзида олинган маълумотлар асосида 14 тур умуртқали камёб ва йўқолиб бораётган ҳайвон турлари хақида маълумотлар йиғилди ва маълумотлар базасига (судралиб юрувчилардан 2 тур, қушлардан 10 тур, сут эмизувчилардан 2 тур) киритилди.

Тунги фаол ҳаёт кечиришга ихтисослашган япалоқ қушларнинг шимоли-шарқий районларда тарқалиши, сони, уялашда иштирок этаётган қушлар миқдори аниқланди. Илк бор қулоқдор япалоққуш уялаш жойлари топилди. Япалоққушларнинг кемирувчилар билан озиқланиб, қишлоқ хўжалигида аҳамиятли экани очиб берилди.

Ўзбекистоннинг шимоли-шарқий ҳудуди сув ҳавзалари балиқ ресурслари ва гидробионтларнинг ҳозирги ҳолати, таксономик структураси, турлар таркиби ва тақсимланиши ўрганилди. Зоопланктон, зообентос ва фитопланктон турларнинг рўйхати тафтиш қилинди. Чирчиқ ва Оҳангарон дарёларида сазан (Cyprinus carpio) ва қорабалиқнинг (Schizothorax curvifrons) морфологик хусусиятлари, репродуктив ҳолати, ҳажм ва ёш таркиби, ўсиш суръатлари аниқланди.

Ўсимликлардан гельминтозларга қарши дори экстрактлари тайёрланди ва лаборатория шароитида 83,3-96,9 фоиз юқори биологик самара берди.

Тўғриқанотсимон ҳашаротларнинг 70дан ортиқ турлари ҳақида маълумотлар йиғилди. Мазкур тўғриқанотсимонларнинг 5та тури Ўзбекистон фаунаси учун илк бор қайд этилди. Тадқиқотлар натижасида 20та тур камёб тўғриқанотсимон ҳашаротлар сифатида Ўзбекистон Қизил китобга киритиш учун тавсия қилинди ва тарқалган ареаллари белгиланди.

Илмий салоҳият: Бугунги кунда институтда 70 нафар ходим фаолият олиб бормоқда. Шулардан 38 нафари илмий ходим бўлиб, 1 нафар академик, 6 нафар фан доктори, 15 нафар фан номзоди, 8 таянч-докторант ва 2 мустақил изланувчи ўзларининг зоология соҳасидаги илмий тадқиқот ишларини амалга оширишмоқда. Охирги уч йилда 1 нафар фан доктори (DSc) ва 7 нафар биология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) тайёрланди.

Ўзбекистон биохилма-хиллигини асраш борасида қандай изланишлар олиб борилмоқда?

— Албатта ҳайвонот дунёси хилма-хиллигини асраш нафақат Ўзбекистонда, қолаверса, бутун дунёда бугунги куннинг долзарб ва кечиктириб бўлмайдиган муҳим масалаларидан бири ҳисобланади.

Институт олимлари томонидан табиий экотизимлар кесимида яъни сув-ботқоқлик, тоғолди (адир ва пастки тоғ), ўрта тоғ, баланд тоғ ва чўл ҳудудларида тарқалган сутэмизувчиларга антропоген таъсир даражаларини баҳолаб, уларни сақлаш ва барқарор фойдаланиш бўйича методик тавсиянома ишлаб чиқилди. Республикамиз табиий экотизими биохилма-хилликни сақлашда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, бизда учрайдиган 22 турдаги сутэмизувчилар глобал йўқолиб кетиш хавфи остидаги турлар рўйхатидан жой олган (www.iucnredlist.org).

Ана шундай турлардан бири Қор қоплонининг тарқалиши, озуқа занжиридаги роли ва муҳофазаси бўйича Глобал экологик жамғармаси, БМТ тараққиёт дастури ва Ўзбекистон ҳукумати ҳамкорлигида умумий бюджети 31,5 млн. АҚШ долларига тенг лойиҳа амалга оширилмоқда. Институт ходимлари ушбу лойиҳанинг асосий компоненти сифатида иштирок этишмоқда.

Зоология институти CITES (Йўқ бўлиб кетиш хавфи остида ёввойи фауна ва флора турларининг халқаро савдоси тўғрисидаги конвенция)нинг илмий органи ҳисобланади. Айниқса, ёввойи ҳайвонларнинг камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган турларни муҳофаза чораларини кучайтиришда Ўзбекистон Республикаси Қизил китобининг ўрни беқиёсдир. Амалдаги Қизил китоб 2009 йилда нашр қилинган бўлиб, бунга 184 турдаги умуртқали ва умуртқасиз ҳайвонлар киритилган. Институт олимлари томонидан китобнинг янги таҳрири тайёрланди. Бунга кўра, қўшимча 22 турдаги умуртқали ва умуртқасиз ҳайвонларни киритиш таклиф қилинди. Қизил китобнинг янги нашри шу кунларда нашр қилиш режалаштирилмоқда.

Ҳайвонлардан инсонга юқувчи ёки ҳашарот чақиши натижасида касалликлар юқиши ҳолатларига қарши қандай ишлар қилинмоқда?

— Қон сўрувчи ҳашаротлар ва каналар қишлоқ хўжалиги ҳайвонлари ва инсонлар соғлигига жиддий хавф туғдиради. Жумладан, каналар вирус, риккетсия, бактерия, протозооалар орқали бир қатор касалликлар тарқалишига сабаб бўлади, шу билан бир қаторда, одамда қон сўриши орқали хавфли Қрим-Конго Гемморагик иситмаси касаллигини тарқатади. Ушбу касаллик ҳозирги кунда бутун дунё бўйича энг хавфли касаллик бўлиб, асосий тарқатувчиси каналар ҳисобланади. Мамлакатимизда Қрим-Конго Гемморагик иситмаси вируси барча ҳудудлардаги каналарда мавжуд ҳисобланади. Кана чаққанида одамларни ушбу вирус билан зарарланиши кузатилади. Ушбу вирус билан кишиларнинг зарарланиши Андижон, Фарғона, Наманган вилоятидан ташқари республикамизнинг барча ҳудудида кузатилмоқда. Ушбу ҳолат тиббиёт соҳасида долзарб муаммолар келиб чиқишига сабаб бўлиб, касаллик ўчоқларини чегаралаш ишлари бўйича чора тадбирлар олиб борилмоқда.

Қон сўрувчи каналар, жумладан Ixodoidea катта оиласига мансуб кана турлари қишлоқ хўжалиги ҳайвонлари, паррандалари ва одамда эктопаразитлик қилиши орқали жиддий эпидемиологик хавфни юзага келтиради ва шу сабабли бевосита каналарнинг экологик, биологик хусусиятларини батафсил ўрганиш, уларга қарши самарали кураш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш долзарб вазифалардан ҳисобланади.

Каналарга қарши ҳозирги кунда институт олимлари, Тошкент Фармацевтика институти ва ССВ Вирусология илмий текшириш институти илмий ходимлари билан ҳамкорликда маҳаллий хом ашёлардан фойдаланган ҳолат инсектоакарицид ишлаб чиқилди. Мазкур инсектоакарицид каналарни нобуд қилиш самарадорлиги 80-85 фоизини намоён этди. Ушбу препаратнинг заҳарлилиги кам, айни ҳолатда самарадорлиги юқори бўлиб, каналарга қарши дезинфекцияни амалга ошириш жараёнида ҳеч қандай токсик ҳолатлар кузатилмайди. Айни пайтда бу препаратлар ҳайвонлар ва паррандалар учун безарар ҳисобланади. Каналарга қарши курашда ишлаб чиқарилган инсектоакарицидлар бўйича иккита патент талабномаси олинган бўлиб, тадқиқот ишлари давом эттирилмоқда.

Яқинда термит ҳашароти, уларнинг зарарлари ва бир қишлоқ аҳолиси бундан азият чекаётгани ҳақида маълумот берилди. Мутахассис сифатида бу ҳашаротнинг пайдо бўлиши, келтираётган зарари ҳақида қандай маслаҳат берган бўлардингиз?

— Бугунги кунда дунё бўйича термитлар томонидан келтирилаётган зарар йилдан йилга ошиб бормоқда. Ғарбий Африкада термитларнинг биноларга келтираётган зарари жорий таъмирлаш учун сарфланадиган маблағнинг 10 фоизини ташкил қилса, АҚШда термитлар келтираётган зарар йилига 1,5 млрд, дунё бўйича эса 20 млрд долларни ташкил этади. Биргина, 100 см3 ҳажмдаги 25 минг дона термитдан иборат бўлган битта оила бир йил давомида ўртача 50 минг см3 ҳажмли турли кўринишдаги целлюлозани истеъмол қилади.

Дунёда термитларнинг 2800дан ортиқ тури маълум. Улардан 120 тури зараркунанда сифатида қайд қилинган.

Ўзбекистон ҳудудида Anacanthotermes авлодига мансуб 2та тур: Туркистон ва катта Каспий орти (A.turkestanicus Jacobs., A.ahngerianus Jacobs.) термитлари тарқалган бўлиб, айниқса кейинги 20-30 йил давомида республикамизнинг деярли барча вилоятларида ва Қорақалпоғистон Республикасида аҳоли хонадонлари, қишлоқ хўжалиги бинолари ва ҳатто тарихий обидаларга катта зарар етказмоқда. Бугунги кунда Республика бўйича жами 15 313та хонадон, 24та ижтимоий соҳа объекти, 75та ташкилот ҳамда 772 га (дала, чўл, қабристон) очиқ ер майдонлари термитлардан зарарланган.

Ўзбекистонда илк бор, Anacantothermes авлоди термитларига қарши қарши курашда Зоология институти ҳузуридаги «Республика термитларга қарши курашиш» маркази ва мазкур институтнинг Энтомология лабораториясида (бевосита проф. А.Ш. Хамраев раҳбарлигида) заҳарли ем-хўраклар ишлаб чиқилган бўлиб, Республикада аҳоли турар-жойлари, тарихий обидалари ва стратегик объектларда термитларга қарши кенг доирада қўлланиб, юқори самарадорликка эришилган. Патогенли ва заҳарли ем-хўракларни тайёрлаш ва термитларга қарши қўллаш технологияси бўйича цилиндрик контейнер - UZ № SAP01243 (02.08.2013) ва Anacantothermes авлоди термитларини қириб йўқотиш учун қурилма – UZ № FAP00954 (14.06.2013) ишланмалари бўйича патентлар олинган.

Институти ҳузуридаги «Республика термитларга қарши курашиш» маркази ва институт олимлари «Anacanthotermes авлоди термитларига қарши янги «Antitetmit» ем-хўраги ва кураш усулларини ишлаб чиқиш» мавзусида мақсадли амалий лойиҳа тадқиқотлари доирасида янги авлод «Antitermit» ем-хўракларини ишлаб чиқилмоқда. Унга кўра таркибига жалб қилувчи хусусиятга эга бўлган – аттрактант, таъм берувчи ва намликни сақлаб турувчи қўшимчалар киритиш, узоқ муддат сақланганда зарарли микрофлорани ривожланишига йўл қўймаслик, термитлар томонидан зарарланган бино ва объектларга ўрнатишнинг қулайлигини таъминлаш мақсадида бир томони тез ва осон ёпишадиган модда суртилган ҳолатда бўлиши ҳамда ем-хўракни етказиб бериш қулайлигини таъминлашни йўлга қўйиш борасида дастлабки синов тадқиқот ишлари олиб борилмоқда.

Келажакда термитларга қарши ишлаб чиқиладиган янги авлод «Antitermit» ем-хўраклари ва такомиллаштирилган кураш тизими илмий ҳажмдор технологиялар импортини кескин қисқартиради, чунки барча ишланмалар фақат маҳаллий хом ашё эвазига бажарилади. Мазкур тизим барча Anacantothermes авлоди термит турлари тарқалган дунёдаги мамлакатларда ҳам самарали бўлиши мумкин. Термитларга қарши янги ем-хўракларни қўллаш ва уларни транспортировка этиш бўйича бир қанча ўзгартиришлар киритилади.

Институт фаолияти бевосита табиат билан боғлиқ бўлгани учун илмий экспедицияларни ташкил қилиш имконияти қай даражада? Шунингдек, тадқиқот лабораторияларининг ҳолати қандай?

— Жуда ўринли савол деб ҳисоблайман. Чунки Республика фаунасини комплекс тарзда ўрганиш ва ёввойи ҳайвонот дунёси объектларининг замонавий ҳолатини баҳолашни илмий экспедицияларсиз тасаввур қилиб бўлмайди.

Институтда бажарилаётган фундаментал ва амалий лойиҳаларни, шунингдек хўжалик шартномаларини бажаришда кенг қамровли дала тадқиқотларини амалга ошириш мақсадида 2018 йил Институт нобюджет маблағлари ҳисобидан 1та Chevrolet Niva машинаси харид қилинди. Албатта, бу етарли эмас. Президентимиз Ш.М.Мирзиёев 24 май куни Ўзбекистон Миллий университетида таълим ва илм-фан соҳаси вакиллари билан ўтказилган учрашув мобайнида институтни моддий-техник базасини ривожлантириш мақсадида яна шундай автотранспорт воситаси билан таъминлашга кўрсатма беришди.

Бугунги кунда Институтда мавжуд илмий асбоб-ускуналарнинг ўртача ёши 10-15ни ташкил этади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Илмий-тадқиқот муассасаларининг инфратузилмасини янада мустаҳкамлаш ва инновацион фаолиятини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2017 йил 1 ноябрдаги ПҚ-3365-сонли қарорининг 3 иловаси «2018-2021 йилларда Илмий-тадқиқот муасссаларининг моддий техника базасини мустаҳкамлаш бўйича Дастури»да Зоология институтини илмий ва лаборатория асбоб-ускуналари билан таъминлаш учун 200 минг АҚШ доллари ажратилган. Ҳозирда институтга зарур лаборатория асбоб-ускуналарини харид қилиш учун тендер жараёни амалга оширилмоқда.

Илмий ишлар, тадқиқот натижалари илм оммасига қандай эълон қилинади?

— Олиб борилган тадқиқот иши натижалари Республика ва халқаро аҳамиятга эга бўлган конференция тўпламлари, халқаро нуфузли илмий журналларда мунтазам равишда чоп этиб борилади.

Институт илмий ходимлари томонидан 2019 йил 9 ойи давомида 2та монография, 5та амалий тавсиянома, 1та ўқув қўлланма нашр эттирилди. Илмий журналларда 31та, халқаро ва республика конференциялари тўпламларида 67та мақола чоп этилди. 2та патент олинди. 2та патентга талабнома берилди.

2019 йил 20-21 июнь кунлари ЎзР ФА Зоология институтида «Ўзбекистон Зоология фани: ҳозирги замон муаммолари ва ривожланиш истиқболлари» мавзусида республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди. Конференцияга келиб тушган материаллардан ветеринария, табиатни муҳофаза қилиш соҳаларига жорий қилиш учун бир нечта тавсия берилди.

Қайси илм даргоҳлари билан халқаро ҳамкорлик йўлга қўйилган?

— Институт 2018-2019 йиллар давомида Германия, Швейцария, Хитой, Россия, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон республикалари, Буюк Британия қироллигининг илмий тадқиқот институтлари ва марказлари билан меморандумлар тузиб ҳамкорлик ишлари йўлга қўйилган.

Хитой Фанлар академияси Зоология институти билан тузилган меморандум доирасида икки марта ҳамкорликда экспедициялар амалга оширилди. Институт 2-босқич таянч докторанти Д.М.Мусаев 2019 йил 24-30 июнь кунлари Пекин шаҳрида бўлиб ўтган «Зараркунанда ҳашаротларнинг мониторинги ва уларни бошқаришнинг замонавий усуллари» мавзусидаги семинарда иштирок этди. Институтнинг 2 нафар ёш илмий ходими (С.Собиров, Ш.Назаров) Хитой Фанлар академияси президентининг CAS-TWAS дастури доирасида таянч докторантурасига қабул қилинди.

Ҳозирда ANSO томонидан эълон қилинган 2020 йилги халқаро ҳамкорликдаги илмий-тадқиқот лойиҳалар танловига «Қишлоқ хўжалиги зараркунанда ҳашаротларининг мониторинг ва уларни бошқариш усуллари» бўйича лойиҳа топширилди.

Cabi Bioscience Швейцария Илмий Маркази билан ҳамкорликда SCOPES қўллаб-қувватлаш фонди лойиҳалари доирасида қатор ишлар амалга оширилган. Жумладан, SCOPES дастурлари доирасида олиб борилган илмий изланишлар натижасида АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан 2008 йилда - галл ҳосил қилувчи арилар (Aulacidea acroptilonica) далаларда какрага қарши биологик агент сифатида қўллашга рухсат этилган. Какра Марказий Осиё шароити учун хос бўлиб, Шимолий Америкага 120 йил олдин тасодифан иқлимлашган. Шундан бери Шимолий Америка учун ушбу ўсимлик жуда жиддий зарарли бегона ўтлардан бири ҳисобланади. Шу билан бир қаторда биологик назоратдаги иккинчи агент - галл пашшаси (Jaapiella ivannikovi) Шимолий Америка шароитига иқлимлаштирилмоқда.

Бугунги кунда замон шиддат билан ўзгариб борар экан, биз илм-фан аҳлидан тадқиқот ишларини мақсадли йўналтириш, ишланмаларни амалиётга татбиқ этилишини таъминлаш, соҳада олинган натижа ва ютуқларни халқаро нуфузли журналларда чоп этиш орқали бутун дунё олимларига етказишни талаб қилмоқда.

Келажакда биз Республикамиз ҳайвонот дунёси хилма-хиллиги жиҳатдан бой таркибга эгалигини ҳисобга олган ҳолда, ноёб, камайиб бораётган ва эндемик турларни муҳофаза қилиш чораларини ишлаб чиқиб, уларни махсус питомникларда кўпайтириш орқали мамлакатнинг экспорт салоҳиятига, қолаверса, иқтисодиётни ривожлантиришга ўз ҳиссамизни қўшамиз.

Йигитали Маҳмудов суҳбатлашди

Мавзуга оид