Лондонни «қизартирган» Серж. «Арсенал» захирасидан «Бавария» қаҳрамонлигигача
Европа Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичида иккинчи тур ўйинлари доирасида ўз майдонида «Бавария»ни қабул қилган амалдаги финалчи «Тоттенҳэм» 2:7 ҳисобида имкониятни бой берди. Иккинчи бўлимда «Бавария» сафида Серж Гнабри тўртта гол урди. Бу шунчаки Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичида қайд этилган оддий покер эмасди (аслида покернинг оддийси бўлмайди). Гнабри фаолиятидаги биргина чизиқ унинг «Тоттенҳэм»га урган голларининг қадрини кўрсатади: Серж профессионал фаолиятини 17 ёшида «Арсенал»да бошлаган...
2010 йилда «Арсенал» Гнабрини 100 минг фунт эвазига «Штутгарт»дан сотиб олади. Кейинги йил ёшлар жамоасида ўзини кўрсатган Серж «тўпчилар»нинг асосий жамоасига қабул ўтказилади. Ёшлигида енгил атлетика билан шуғулланган футболчи Венгернинг хоҳиши билан жамоага олиб келинганди, аммо у «Арсенал»да асосий таркибга кира олмади. Фақат яхши югуриши билан ёдда қолган Серж 2015 йилда АПЛ ўртамиёнаси «Вест Бромвич»га ижарага берилади. Аммо келиб чиқиши ивуарлик бўлган бу футболчи Тони Пьюлиснинг прагматик жамоасида ҳам айтарли ҳеч нарса қила олмайди.
2016 йилги Рио олимпиадаси Гнабри учун омадли келади. Германия олимпия жамоаси сафида Бразилияга йўл олган футболчи олимпиаданинг футбол баҳсларида 6 ўйинда қатнашиб, 6та гол уради. Риода немисларни фақат Неймар етакчилигидаги Бразилиягина тўхтатганди. Олимпиададаги муваффақиятли иштирок ҳам Гнабри учун «Арсенал» асосий таркибининг эшикларини оча олмайди. У Лондонга қайтганида «Арсенал» ярим ҳимоясида Ўзил, Санчес, Касорла каби футболчилар билан рақобатга киришгандан кўра жамоадан кетиш маъқулроқ эканини тушунди.
Арсен Венгерни фаолиятидаги муҳим инсонлардан бири деб ҳисоблайдиган Гнабри «Арсенал»дан кетиш ўзи учун қийин қарор бўлганини айтади. 2016 йилги мавсумни Германиянинг «Вердер» клубида ўтказган Гнабри чинакамига очилди. Немислар клубида порлашнинг энг юқори чўққиси қуйидагича баҳоланади: футболчини «Бавария» ўз сафига қўшиб олди. Мюнхенда эса Гнабрининг ҳақиқий юлдузли онлари бошланади.
Гнабри «Арсенал»да Ўзил, Касорла каби юлдузлар соясида қолиб кетганди, Мюнхенда ҳам унга осон бўлмаслиги аниқ эди. Чунки «Бавария» сафида ҳали Рибери ва Роббен каби дунёнинг энг сара вингерлари қаторида кирувчи футболчилар бор эди. Серж ана шундай кучли футболчилари бор «Бавария» сафида асосий таркибдан ўрин олганди. Бу эса Гнабрининг келажагини белгилаб беради. Айнан Гнабри сабаб Риберининг кетиши «Бавария» учун оғриқли кечмади. Ўтган мавсумда «Бавария»нинг энг яхши футболчиси айнан Гнабри бўлди.
Сержнинг фаолиятидаги яна бир жамоа «Ҳоффенҳайм». У 2017/18 йилги мавсумни «Кучли бешлик» чемпионатлари тарихидаги энг ёш мураббий Юлиан Наггельсман мураббийлигидаги «Ҳоффенҳайм»да ижара асосида ўтказади. Ўша мавсумда камтаргина бюджетга эга «Ҳоффенҳайм» ўз тарихидаги энг яхши натижасини қайд этиб, Чемпионлар Лигаси йўлланмасини қўлга киритганди. Гнабри эса ижарадаги жамоасида кўрсатган феноменал ўйини сабаб «Бавария»га қайтади. Мюнхендаги илк мавсумидаёқ «Бавария»нинг энг яхши футболчиси сўровномасида Левандовскини ортда қолдиради.
«Лондон шимоли - қизил»
«Тоттенҳэм»га қарши ўйинда Гнабри худди «Арсенал» либосини кийиб тушгандек ҳаракат қилди. Натижа ҳал бўлганидан кейин «Бавария» хотиржамликка берилди, аммо Серж тўхтамади. Унинг ҳар бир зарбасида «Арсенал»нинг аламли чақириқлари бор эди гўё.
Шимолий Лондон дербисида жамоалардан қайси бири ғалаба қозонса, Альбион пойтахти шимоли ўз рангларига «бўялганини» айтишади. Гнабри ҳеч қачон «Арсенал» сафида Англиянинг энг асосий дербиларидан бирини «ўз рангига бўяй олмаганди», аммо немис юлдузи «Тоттенҳэм»ни бошқа жамоа сафида туриб таслим қилди. Ўша куни «Бавария» қизил либосда майдонга тушгани эса яна бир рамзий маъно касб этди. Серж ўйиндан кейин твиттерда шундай пост қолдирди: «Лондон шимоли - қизил».
Бир вақтдар «Арсенал» захирасида ўтирган 24 ёшли Серж бугун Чемпионлар Лигасида 4та гол урган 12-футболчи бўлди. Бу натижага эришган Марко ван Бастен, Андрей Шевченко, Лионель Месси ва Криштиану Роналду каби футболчилар қаторида туриш эса фаолиятидаги энг яхши дамларини ўтказаётган Гнабри учун шараф бўлса керак.
Шу ўринда «Бавария»нинг ҳолати ҳақида икки оғиз. Клуб раҳбарияти Ковачга ишонч билдириб тўғри иш қилгани кўринмоқда. «Айнтрахт» каби ўртамиёнадан дунё элитасидаги «Бавария»га келиб қолган Ковач илк мавсумидаёқ натижа кўрсатиши қийин эди. Биринчи мавсумида бундеслигада ғолиб бўлган эса-да, ўйин борасида камчиликлари кузатилган Ковач мана энди Мюнхен ҳавосига ўргана бошлади.
4та супер трансферга қўл урган «Бавария» кичик таътилдан сўнг «футбол орийлари» қаторига қайтганини ЕЧЛ финалчисини тор-мор этиб исботлади. Энди «Бавария» янги даврга қадам қўйди деб айтишимиз мумкин. Гнабри эса бу янги «немис машинаси»нинг асосий мурвати бўладиганга ўхшайди...
Ўткир Жалолхонов
Мавзуга оид
12:02 / 22.12.2024
«Барса»да инқироз, «Сити»да антирекорд. Кун ўйинлари
11:12 / 19.12.2024
«Реал»да янги соврин, «Арсенал»га ҳакамлар ёрдам берди, Шомуродов гол урди
12:23 / 15.12.2024
«Ливерпул» очко йўқотди, «Реал» учта гол ўтказди. Кун ўйинлари
11:17 / 12.12.2024