Жаҳон | 19:41 / 11.10.2019
11844
2 дақиқада ўқилади

Очиқ коинотга чиққан илк инсон Алексей Леонов вафот этди

Собиқ иттифоқ фазогири, очиқ коинотга чиққан илк инсон Алексей Леонов 86 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Гагарин номидаги фазогирларни тайёрлаш марказида маълум қилинди. 

Таъкидланишича, Леонов охирги маҳал кўп бетоб бўлган. Февраль бошида қанд касаллиги сабабли унинг бармоқлари операция қилинган ва шундан кейин мунтазам равишда шифохоналарда даволанган.

Леонов коинотга илк парвозини 1965 йил мартда амалга оширган. У “Восход-2” кемасининг иккинчи учувчиси бўлган. Фазогир ушбу парвоз вақтида инсоният тарихида биринчи бўлиб очиқ коинотга чиқиб, у ерда 12 дақиқа қолган. 

1960-йиллар охирида Леонов Ойга парвозга тайёргарлик кўрган ва унинг сиртига оёқ қўйган илк инсон бўлиши мумкин эди, аммо собиқ иттифоқ “Ой пойгаси”да АҚШга мағлуб бўлган. 

Леонов икки марта собиқ иттифоқ қаҳрамони унвони билан тақдирланган.

Афсонавий фазогир билан видолашув маросими 15 октябрда бўлиб ўтади.

Мавзуга оид