Тошкент шаҳар прокуратураси Камолондаги қотиллик бўйича маълумот берди
Бир неча кун олдин интернетда Тошкент шаҳрининг «Камолон» маҳалласида 26 ёшли йигит 24 ёшли рафиқаси томонидан бўғиб ўлдирилгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларда ажрашмоқчилигини айтган эр ўз рафиқаси ва унинг хуштори томонидан ўлдирилгани ҳақида айтилганди.
10 октябрь куни Бош прокуратура матбуот хизмати ушбу қасддан одам ўлдириш жинояти бўйича расмий маълумот берди.
Бугун, 11 октябрь куни Тошкент шаҳар ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими бошлиғи Анвар Ўрмонов Kun.uz мухбирига ижтимоий тармоқларда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлаётган мазкур жиноятнинг дастлабки тергов ҳаракатларидан аниқланган маълумотларни тақдим этди.
«Тезкор-тергов ҳаракатларида аниқланишича, К.А. турмуш ўртоғи А.А. билан ўрталарида келиб чиққан ўзаро низо сабабли уни қасддан ўлдириш ҳақида қариндоши О.Ҳ. билан жиноий тил бириктирган. Жиноий режаларини амалга ошириш мақсадида О.Ҳ. 4 октябрь куни соат тахминан 19:00да А.А.нинг уйига келиб, хонадон меҳмонхонасидаги стол остига беркиниб, К.А. билан бирга А.А.ни ўлдириш учун қулай фурсат кутган.
О.Ҳ. 5 октябрга ўтар кечаси соат тахминан 3:00да А.А.ни ухлаган деб ўйлаб, ётоқхонага кирган, бироқ А.А. уйғоқ бўлгани сабабли унинг устига чиқиб, юз қисмига чап қўли мушти билан бир неча зарба берган, сўнгра олдиндан тайёрлаб қўйилган дазмол электр сими билан бўйин соҳасидан бўға бошлаган. Натижада А.А. Ўзига бўлаётган тажовуздан ҳимояланиб, яқин қариндошларини ёрдамга чақира бошлаган вақтда К.А. ўз турмуш ўртоғининг юзига ёстиқ билан босиб, унинг нафас йўлларини беркитиб, А.А.ни қасддан ўлдиришган.
Яна шунга аниқлик киритиб ўтиш керакки, О.Ҳ. марҳум А.А.нинг турмуш ўртоғи К.А.нинг тоғасининг ўғли, яъни қариндоши ҳисобланади. К.А. олдиндан режалаштирилган жиноятни содир этиш мақсадида тоғасининг ўғли О.Ҳ.га уйига киришда ёрдамлашган. Бу вақтда эса марҳумнинг уйида ота-онаси, амакиси, бувиси бўлишган. Лекин улар бошқа-бошқа хоналарда бўлган.
Жиноий иш ҳужжатларига кўра, қотил уйга кириб келиши учун А.А.нинг турмуш ўртоғи хонадон эшиги қулфини очиб қўйиш билан ёрдам берган. Жиноят ҳақидаги хабар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига 5 октябрь куни эрталаб соат 06:00да келиб тушган, 1 сутка давомида тезкор тергов ҳаракатлари олиб борилиб, жиноят фош этилган», дея таъкидлаб ўтди бўлим бошлиғи.
Эслатиб ўтамиз, мазкур иш бўйича 2019 йил 7 октябрь куни О.Х. ва К.А. жиноят ишида айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиниб, уларга нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «п» банди билан айблов эълон қилинган ва эҳтиёт чораси сифатида «қамоқ» жазоси қўлланган.
Айни вақтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Мавзуга оид
23:25 / 22.12.2024
Россияда сафар сумкаси ичидан ўзбекистонлик аёлнинг жасади топилди
18:43 / 20.12.2024
Google Maps фотосурати Испаниядаги қотилликни очишга ёрдам бериши мумкин
16:51 / 16.12.2024
Конибодомда яна тўрт кишининг жасади топилди
20:01 / 13.12.2024