Жаҳон | 16:15 / 15.10.2019
25989
4 дақиқада ўқилади

АҚШ Туркияга Сурияга бостириб киргани учун санкция жорий қилди

АҚШ Сурия шимолидаги вазият туфайли Туркия Мудофаа вазирлиги ва Туркия Энергетика вазирлигига қарши санкция қўллади. АҚШ президенти Дональд Трамп томонидан имзоланган фармон қўшимча санкцияларга ҳам йўл очади.

Фото: Reuters

Туркия бош штабининг собиқ қўмондони, айни вақтда мудофаа вазири ҳисобланган Хулуси Ақар, энергетика вазири Фотиҳ Дўнмез, Адолат ва тараққиёт партияси раҳбари ўринбосари Сулаймон Сўйлу ҳам санкция остига тушган.

АҚШ Давлат котиби Майк Помпео санкциялардан мақсад - Туркияни Суриядаги ҳарбий ҳаракатларини тўхтатишга ва АҚШ билан мулоқотга қайтишга мажбурлаш ҳисобланади. Акс ҳолда, Туркияга нисбатан янги санкциялар қўлланиши мумкин.

«Президент Трамп Туркия Суриянинг шимоли-шарқидаги ҳужумларини тўхтатиши ва зудлик билан ўт очишга барҳам беришига қаратилган қарорни имзолади. Бу қарор Молия вазирлиги ва Давлат департаментига Сурияда барқарорлик ва хавфсизликка раҳна солаётган, фуқаролар учун таҳдид туғдираётган ҳаракатлари учун Туркия тизимлари ва шахсларига қарши санкциялар қўллаш ҳуқуқини беради», — дейилади Помпеонинг баёнотида.

АҚШ вице-президенти Майк Пенс ҳам Дональд Трамп Ражаб Тоййиб Эрдўған билан телефон орқали мулоқотида Сурияда ўт очишни тўхтатишни талаб қилгани ҳақида маълум қилди. Оқ уйдагилар яқин вақтлар ичида Трамп топшириғи билан Анқарага америкаликлар делегацияси йўл олиши ҳақида айтишмоқда. Хабарларга кўра, бу делегацияни Пенснинг ўзи бошқаради.

Бундан аввалроқ санкциялар қўлланиши ҳақида огоҳлантирган Трамп Туркия билан савдо музокаралари тўхтатилиши учун кўрсатма бергани, май ойида импорт учун 25 фоизга туширилган бож яна 50 фоиз миқдорига қайтарилишини маълум қилганди.

«Мен тез орада янги фармонимни имзолайман, унга кўра Туркия раҳбариятидаги амалдаги ва собиқ расмийларга, шунингдек, Сурия шимоли-шарқидаги вазият барқарор бўлишига қарши барча шахсларга санкция қўлланади. Туркиялик раҳбарлар бу хавфли йўлда юришда давом этса, мен Туркия иқтисодиётини бутунлай вайрон қиламан», дея ёзганди Трамп.

Туркия армияси 9 октябрь куни Сурия шимолига кириб, курдларга қарши ҳарбий амалиёт бошлаганди.

ИШИДга қарши уруш вақтида АҚШ бошчилигидаги коалицияга қуруқликдаги ҳаракатларда асосий кўмакчи бўлган курдларнинг етакчилари Дональд Трамп америкалик ҳарбийларни Сурия шимолидан олиб чиқишга кўрсатма беришини Туркия Сурия ҳудудига бостириб киришига розилик билдиргани сифатида қабул қилишмоқда ва АҚШни «орқадан пичоқ уриш»да айбламоқда.

Трампнинг ўзи эса бир томондан Туркиянинг Сурия ҳудудига киришига тўсқинлик қилмади, америкалик ҳарбийлар бу зиддиятда иштирок этмаслиги маълум қилинди ва Америка курдларга ёрдам қўлини чўзмади. Бошқа томондан Трамп Анқара америкаликлар президентига ёқмайдиган ишларни қилишда давом этса, Туркия иқтисодиёти яксон этилиши билан таҳдид қилинди.

Якшанба куни курдлар расмий Дамашқ билан келишувга эришди ва Сурия араб республикаси ҳукумати қўшинлари шимолга йўлланди. Башар Асад ва курдлар ўртасидаги келишувга кўра, армия Туркия билан чегаралар бўйлаб жойлашмоқда.

Туркия курд айирмачиларини Сурия шимолидан суриб ташлашни истайди. Турклар суриялик курдларни ҳам Туркия ҳудудида қарийб 30 йилдан буён мустақил бўлиб чиқиш учун ҳукуматга қарши курашиб келаётган Курдистон ишчи партияси билан алоқадор деб ҳисоблайди.

9 октябрь куни Ражаб Тоййиб Эрдўған «Тинчлик булоғи» амалиёти бошланганини эълон қилди. Бу ҳарбий амалиётдан мақсад курдлар яшаб келаётган ҳудудларни тозалаб, ўзининг жанубий чегаралари хавфсизлигини таъминлаш, Сурия шимолида эса «хавфсиз зона» ташкил этиб, ўз ҳудудидаги суриялик қочқинларни ушбу ҳудудга жойлаштириш экани айтилган.

Мавзуга оид