Ўзбекистон | 17:26 / 15.10.2019
8972
2 дақиқада ўқилади

Баҳодир Қурбонов: «Замонавий можаролар кўпроқ ахборот маконида учрамоқда»

Баҳодир Қурбонов / Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Тошкентда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти шафелигида «Замонавий ҳарбий можаролар: мазмуни ва олинган сабоқлар» мавзусида биринчи халқаро илмий-амалий анжуман бошланди.

Анжуман ишини кириш сўзи билан очиб берган Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири, генерал-майор Баҳодир Қурбонов замонавий ҳарбий можаролар ҳақида қуйидаги фикрларни билдирди:

«Замонавий можароларда, протест салоҳиятини шакллантириш ва жамиятда ижтимоий зўриқишни яратиш мақсадида душманга таъсир кўрсатиш кўпроқ ахборот маконида учрамоқда. 

Шу билан бирга, ана шу фактни тан олиш керакки, халқаро террористик, диний-экстремистик ташкилотлар глобал таҳдид ва чақириққа айланди, шунингдек, ақлбовар қилмас имкониятларга эга бўлиб, янги кўриниш касб этди. Бугунги кунда улар давлатнинг яхлитлиги ва минтақа барқарорлигини таҳдид остида қолдиришга қодир. Айнан шунинг учун ҳам ҳозирги вақтда терроризм ва диний экстремизмга қарши курашиш бўйича халқаро ҳамкорликнинг амалий механизмларини ишлаб чиқиш фаол суръатларда олиб борилмоқда. Ўзбекистон ана шу таҳдидларга қарши курашишнинг фаол иштирокчиси сифатида халқаро ҳамжамиятнинг ана шу соҳадаги манфаатларига қўшилади. 

Терроризмга қарши курашишда амалий натижага БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасида глобал тизим, ҳар томонлама ҳамкорликни яратиш орқалигина эришиш мумкин», - деди Ўзбекистон мудофаа вазири Баҳодир Қурбонов.

Халқаро конференция эртага ўз ишини давом эттиради.

Мавзуга оид