Иқтисодиёт | 16:49 / 15.10.2019
47627
6 дақиқада ўқилади

Энди давлат нон нархига умуман аралашмайдими? Молия вазирлиги расмийси изоҳ берди

Фото: Молия вазирлиги

Бугунги куннинг энг кўп муҳокама қилинаётган мавзуси бу шубҳасиз нон нархи либераллаштирилиши, яъни қатъий нархдан воз кечилиши, бунинг ортидан нарх ошиши бўлди. Кўпчилик табиий эътирозлар билдира бошлади – нега давлат бунга йўл қўйиб берди?

Шу ва шу каби саволларга жавоб олиш учун Молия вазирлигига юзландик. Суҳбатдошимиз вазирликнинг агросаноат мажмуаси молияси ва атроф муҳитни муҳофаза қилишни молиялаштириш бошқармаси бошлиғи Тўлқин Эшқобилович Мирзаев бўлди.

– Тўлқин ака, нон нархи эркинлаштирилди, шу билан соҳага давлат аралашувига бутунлай барҳам берилдими?

– Дон, ун ва нон етказиб бериш тизимига бозор механизмларини тўлиқ жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарор эълон қилиб бўлинди. У билан кўпчилик танишди. Албатта, ҳар қандай соҳа сингари дон, ун ва нон етказиб бериш тизими ҳам бозор тамойилларига асосан, талаб ва таклифга кўра шаклланиши лозим. Шунчаки ижтимоий нуқтайи назардан бу масала ортга суриб келинган. Аммо эртами кечми, бу ислоҳот амалга оширилиши керак эди, шу кун ҳам етиб келди.

Энди нон нархи ошиб кетиши, муҳтожларнинг бу маҳсулотни харид қила олмай қолиши бўйича ҳадикларга келсак, мен бу фикрларга қўшила олмайман. Сабаби, ҳатто ошган нархида ҳам нон бизнинг бозорларимизда энг арзон маҳсулотлардан бири. Мана бугунги ўрганишлар буханка ноннинг 1350-1500 сўм нархда сотилаётганини кўрсатди. Бу баҳолар бизнинг прогнозларимизга ҳам мос тушади. Яна бир жиҳатни унутмаслик керак: буханка нон бу харидорни чақирувчи маҳсулот. Дўкончиларимиз буни яхши тушунишади. Шунинг учун ҳеч бўлмаганда нонни имкон қадар арзон сотиб, харидор жалб қилишга ҳаракат қилишади. Фойдасини бошқа маҳсулотдан чиқариб олишлари мумкин. Бугунги нархлардаги тафовут ҳам ана шу рақобатнинг белгиси.

– Бу ҳали бошланиши, нарх мунтазам ошишда давом этади, деган фикрларга қандай қарайсиз?

– Қўшилмайман. Сабаби бугунги куннинг ўзидаёқ нон ишлаб чиқарувчи зарарига ишласа, ёки фойда қилмаса, бу нархни белгиламасди. Қолаверса, давлат тизгинни бутунлай қўлдан чиқариб юборди дейиш ҳам ноўрин. Энди тизимга аралашув ҳам бозор механизмларига асосланади. Яъни нон нархи унга, ун нархи ўз навбатида буғдойга боғлиқ бўлса, давлат эркин савдодаги бу маҳсулотлар нархларини мунтазам кузатиб боради ва лозим бўлган пайтда ун ёки буғдой интервенция қилинади (бозорга қўшимча чиқарилади).

Бу ўз навбатида биржаларда, бошқа савдо нуқталарида спекуляцияларнинг олдини олади, нарх барқарорлигини таъминлайди. Албатта, дастлабки кунларда кескин тебранишлар кузатилиши мумкин, аммо бу вақтинча характерда бўлади.

Нон нархи кескин кўтарилиб кетишидан сақловчи икки факторни унутмаслигимиз керак, биринчиси – биз томондан интервенция ва мунтазам мониторинглар, иккинчиси – бозоримизда жуда катта ўрин эгалловчи қозоқ унининг баҳоси. Ўз унимиз нархи қанча кўтарилмасин, барибир сифат жиҳатдан импорт унга тенг кела олмайди ва табиийки нарх борасида ҳам рақобат қила олмайди.

– Катта эҳтимол билан буханка ноннинг кенг тарқалган нархи 1500 сўм бўлади. Сабаби бу нарх яхлит, пул муомаласи, қайтимлар учун ҳам қулай. Айнан мана шу нарх бугунги кунда тизимнинг фойда билан ишлашини таъминлай оладими?

– Қарорга эътибор берсангиз, шундай сўзлар бор:

жорий йил ҳосилидан қабул қилинган ғалланинг ўртача харид нарxи бир тоннаси учун 1 420 минг сўмни ташкил этди...

ун нарxи кeскин ошиб кетишининг oлдини oлиш мақсадида 2019 йил ҳoсилидан тайёрланган буғдoйнинг тoннаси ун ишлаб чиқаришга 1 300 минг сўмдан улгуржи нарxларда сoтилади. Бунда, буғдoйнинг ўртача харид нарxи ва улгуржи нархи ўртасидаги 120 минг сўм миқдoридаги салбий фарқ Ўзбекистон Республикаси Мoлия вазирлиги тoмoнидан қoпланади;

Яъни давлатнинг соҳани қўллаб-қувватлаши давом этмоқда. Бундан ташқари, биржада буғдой сотуви ҳам фаол йўлга қўйилганидан кейин, эркин савдо тамойилларига кўра ишлаб чиқарувчиларнинг ҳам, нонвойларнинг ҳам манфаатдорлиги ошади. Бу эса рақобатни кучайтиради, нархга ҳам таъсир қилади. Аввал нима бўларди, давлат мажбурлаб буғдойни паст баҳода оларди, бунинг ортидан фермер буғдой эккиси ёки давлатга сотгиси келмасди. Олинган буғдойни паст баҳода комбинатга берарди ва арзон баҳода ун талаб қиларди. Комбинатда ўғрилик, коррупцияга шароит туғиларди. Энг муҳими, шунча ҳаракат билан олинган арзон унни олган ишлаб чиқарувчи ё граммидан урарди, ё нон ёпмай, шунчаки уннинг ўзини бозорга сотиб юбориб фойда қилиб қўя қоларди. Яъни мақсад аҳолига арзон нон етказиш бўлгани ҳолда бир қатор одамлар чўнтаги қаппаярди.

– Биздаги нон баҳоси қўшни давлатлар билан солиштирилганми?

– Албатта. Масалан, Россияда 1-нав ун баҳоси бизнинг пулимизга 3359 сўмни, 500 граммли буханка 2945 сўмни, Қозоғистонда 2920 сўм ва 2157 сўмни, Қирғизистонда 3881 сўм ва 2588 сўмни, Тожикистонда 4858 сўм ва 4712 сўмни ташкил қилиши маълум бўлди. Қиёслаш учун, Ўзбекистонда бу кўрсаткичлар 2500 сўм ва 1450 сўм. Дарҳол қўшни давлатлардаги маошларга боғлаб баҳсга киришиш мумкин. Аммо бу давлатларда биздаги каби алоҳида компенсация тўланмаётганини ҳам ҳисобга олиш лозим бўлади.

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.

Мавзуга оид