«Шу одам тинмай туҳмат қилмоқда» — Ижтимоий тармоқлардаги аноним мурожаат изидан
Бир неча кундан буён ижтимоий тармоқларда айланиб юрган бир мурожаат эътиборимизни тортди. «Адолат излаб» номли профил эгаси фейсбукдаги қатор гуруҳларда, расмий сайтлар хабарларига ёзилган изоҳларда ва ўз шахсий саҳифасида кўп марталаб ўз шикоятини қолдирган. Барча мурожаатлар шахси очиқланмасдан аноним тарзда қолдирилган.
Шикоят мазмуни
«Олмазор тумани бўйича ягона бўлган ногирон ва нуқсони бор болалар учун иқтисослаштирилган 522-сонли боғча ва унга ёнма-ён жойлашган 120-сонли боғчанинг ерлари ўғирланмоқда. Икки боғчанинг автотураргоҳи ва ёнғин содир бўлганда болаларни эвакуация қилиш учун мўлжалланган йўлга хокимнинг қарори асосида иморат солинган ва боғча ерлари ўғирланган. Шу сабабли, ёнғин содир бўлган ҳолда 600дан зиёд болаларни қутқариш имкони йўқ», дейилади шикоятда.
Ҳолатни янада бўртириб тасвирлаш мақсадида сирли муаллиф икки боғча ўртасида қурилган бу уйларни «Иблис девори» дея таърифлаган. Шунингдек, мурожаатда аҳолининг розилигини олиш мақсадида шу ерда яшовчи фуқароларга тегишли ҳужжатларга «муттаҳамлик» билан имзо чектирилгани айтилади.
Аноним мурожаатдаги ҳудудни топиб бордик. Ҳолатни ўз кўзимиз билан кўргандан сўнг масала жиддий эмас экан, деган хулосага келдик. Ҳар икки боғчанинг дарвозалари ҳам етарли ўлчамда бўлиб, ёнғин содир бўлганда махсус машиналар сиғишида муаммо бўлмаслигини бир қарашда кўриш қийин эмас.
Уй эгаси билан суҳбат
Қурилиш бўлаётган уйга ҳам кириб ўтдик. Уй қурилишида ишлаётган усталар бизни айни ўша маҳалладаги бир уй томон йўналтиришди. Олмазор тумани, Беруний маҳалла, Нозимахоним 7-кўча, 10-уй эгаси Омил Аҳмаджонов бизни дарров уйга таклиф қилди. Ижтимоий тармоқларда унга нисбатан аноним тарзда мурожаатлар қолдирилиб, туҳмат уюштирилаётганидан ранжиганини яшириб ўтирмади.
«Ёшим 80да. Физик-профессор, фан докториман. Сизлар турган бу жой – Тошкентдаги зилзиладан сўнг педагогларга берилган жойлар эди. Шу ерга иморат қуриб, яшай бошлаганмиз. Кейинроқ оилам катталашгани сабабли ер сўраб мурожаат қилдим. Пойтахтдаги бошқа квартирамни ҳокимликка топширдим. Бунинг эвазига ҳокимлик эса менга шу жойга 2003 йили қарор чиқариб берди. Қурилишни бошладик. Ўша вақтдаёқ қўшниларнинг баъзилари ҳасадгўйлик билан жойни талашишди. Шаҳар ҳокимлигига хат ёзишди. Туман ҳокимлигидан келиб ўрганишди, текширишди. Улар ҳаммаси тўғрилиги, қурилиш қилишимиз мумкинлигини айтишди. Архитекторлар томонидан лойиҳа қилинган, унда кўплаб ташкилотларнинг хулосалари келтирилар экан. Шунинг ўзи етарли бўлди. Ёзди-ёздилар жуда кўпайиб кетди. «400 одам норози, фалон-фалон деб». Лекин текширувчилар келганида бирортасини исбот қилиб бера олишмади. Туман прокуратурасига ҳам чақиришди. Уларга ҳам ҳаммасини тушунтириб, ҳужжатларимни кўрсатдим.
Бу шикоятбозликларни, аввало чаласаводлик деб биламан. Чунки уларнинг мурожаатларида мантиқ йўқ. Айрим шахсларнинг ҳасади сабаб мана узоқ йиллардан буён тинчимиз бузилган», – дейди фан доктори.
Омилжон Одилжонов ўзига қарши аноним тарзда, шахси очиқланмай ёзилаётган бундай сўзлар ёлғонлиги, ўша номаълум шахслар унга нисбатан жиноят қилишаётганини айтмоқда.
Мазкур ҳудудда амалга оширилаётган қурилиш ишлари ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қай даражада мувофиқлиги юзасидан тегишли мутахасссислар фикри билан қизиқдик. Мутасаддилар бу масала аввал ҳам бир неча марта кўриб чиқилгани, қурилишлар қонун доирасидалиги ва ҳеч қандай ёнғин хавфсизлиги талабларига зид эмаслигини маълум қилишди.
Қизиқ ҳолат. «Ўт балоси, сув балоси, туҳмат балосидан асрасин», дейди доно халқимиз. Бир кишига туҳмат қилиш учун ҳам жамият орасида, ҳам қонун олдида жавобгарлик бор. Устига-устак, айни ўзгаришлар замонида олдимизда «бир қучоқ» муаммолар турганида, бу муаммоларни тезроқ ҳал қилиш учун сутканинг 24 соати ҳам камлик қилаётганида, афсуски, мана шундай тегишли мутасадди ташкилотлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходимлари ва журналистларнинг вақтини увол қилиш ҳоллари ҳам учраб турмоқда.
P.S. Агар асосли маълумотларга эга бўлса, «Адолат излаб» номи ортидаги аноним мурожаатлар эгаси учун нашримиз эшиклари доимо очиқ. Биз бу инсон билан юзма-юз кўришишга доим тайёрмиз.
Баҳодир Аҳмедов
Мавзуга оид
21:26 / 06.12.2024
Тошкентнинг айрим кўчаларида 7 декабр куни автомашиналар ҳаракати вақтинча чекланади
16:52 / 02.10.2024
Тошкентда мактаб ўқувчиси устига футбол майдонидаги дарвоза қулаши туфайли вафот этди
15:51 / 12.08.2024
“Аҳоли билан келишилган” — пойтахт ҳокимлиги болалар майдончаси жойлашган ҳудуд сотувга қўйилганига изоҳ берди
07:45 / 18.02.2024