Жаҳон | 15:18 / 17.10.2019
120911
3 дақиқада ўқилади

«Аҳмоқлик қилманг!» — Трампнинг Эрдўғанга ёзган огоҳлантириш хати ошкор бўлди

«Тинчлик булоғи» операцияси бошланишидан олдин Трамп Эрдўғанга таҳдидли хат йўллагани маълум бўлди. Турклар етакчиси америкалик ҳамкасбининг дипломатик этикага номувофиқ бу мактубини чиқинди қутисига улоқтиргани айтилмоқда.

Фото: Getty Images

Туркия ҳарбийлари Сурия ҳудудига кирган кун – 9 октябрда АҚШ президенти Дональд Трамп турклар етакчиси Ражаб Тоййиб Эрдўғанга огоҳлантириш хати йўллагани маълум бўлди. Мактубда Трамп Эрдўғанга «қайсарлик қилмаслик ва аҳмоқ бўлмаслик»ни маслаҳат берган.

Расмий хатда дипломатик мулозамат ва юмшоқ жумлалар деярли учрамайди. Маълум бўлишича, Туркия президенти америкалик ҳамкасбининг ноодатий тарзда қўполлик билан битган расмий мактубини чиқинди қутисига улоқтирган.

«Келинг, яхшиликча келишиб оламиз. Сиз минглаб одамларнинг қони тўкилиши учун жавобгар бўлишни хоҳламайсиз. Мен ҳам Туркия иқтисодининг вайрон бўлиши учун масъул бўлгим йўқ, аммо шундай қилиш қўлимдан келади. Бунинг қандай бўлишини аллақачон пастор Брэнсон ишида мисол тариқасида кўрсатганман», – деб ёзган Дональд Трамп.

Фото: Jim Bourg / Reuters

(Америкалик миссионер Брансон 2016 йилда Туркияда жосусликда айбланиб қамалган, 2018 йилда Трамп Анқарага нисбатан иқтисодий санкциялар қўлланишини эълон қилгач озод этилганди).

АҚШ президенти ўз хатида курд генерали Мазлумдан мактуб олгани, у Вашингтондан Туркия билан музокараларда ёрдам сўраганини маълум қилган. Матнга кўра, Трамп генерал Мазлумнинг хати нусхасини Эрдўғанга илова қилиб юборган.

«Буни тўғри ва гуманитар тарзда амалга ошира олсангиз, тарих сизга ижобий баҳо беради. Агар оқибати ёмонликка олиб келса, абадий қонхўр деган номни оласиз. Айтганидан қолмайдиган қайсар йигит бўлманг. Аҳмоқлик қилманг! Кейинроқ қўнғироқ қиламан», – дея ўз хатини якунлаган Дональд Трамп.

Мактубни дастлаб Fox Business телеканали мухбири тарқатди, кейинроқ Оқ уй хатнинг ҳақиқийлигини тасдиқлади.

BBC манбаларига кўра, турк ҳукумати доираларида Трампнинг хати «дипломатик этикага номувофиқ» деб баҳоланган. Анқарадаги манбаларнинг билдиришича, Эрдўған хатни ўқиб, уни «чиқинди қутисига улоқтирган».

Туркия президенти бу хатга жавобан шу куннинг ўзидаёқ Сурия билан чегарада «Тинчлик булоғи» операциясини бошлаш ҳақида буйруқ берган. Бундан бироз олдин эса АҚШ ўз ҳарбийларини Сурия шимолидан – Туркия режалаштирган «хавфсиз ҳудуд»дан олиб чиқиб кетишини эълон қилганди.

Эслатиб ўтамиз, Дональд Трамп, турк ҳарбийлари Сурия ҳудудига киришидан икки кун олдин, агар Анқара ҳаддидан ошадиган бўлса, Туркия иқтисодиётини вайрон қилиш билан таҳдид қилган эди. Жорий ҳафта бошида эса АҚШ Туркияга қарши санкциялар киритди.

Мавзуга оид