Жаҳон | 11:08 / 19.10.2019
10220
3 дақиқада ўқилади

ОАВ АҚШ ва Туркиянинг Сурия бўйича музокараларидаги бош масалани эълон қилди

Reuters маълумотларига кўра, Сурия бўйича музокараларда Пенс Эрдўғанга Трамп уни ҳурмат қилиши ва қадрлашини айтган. Анқара 24-48 соатлик муваққат сулҳга тайёр бўлган, Вашингтон 120 соатга кўндирган.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған муаяйн вақт доирасида ўт очишни чеклашни таклиф этганидан сўнг АҚШ ва Туркия Суриянинг шимолий-шарқида муваққат сулҳ тузишга муваффақ бўлган, деб ёзмоқда Reuters ўз манбаларига таянган ҳолда.

Эрдўған ва Пенс. Фото: Jacquelyn Martin / AP

Агентлик ҳамсуҳбатининг сўзларига кўра, АҚШ вице-президенти Майк Пенс ва Эрдўғаннинг тўрт соат давом этган музокаралари чоғида турли келишмовчиликлар юз берган, бироқ бош муаммо Туркиянинг муваққат сулҳ тузишга рағбати йўқлиги бўлган.

Суҳбат бошида Пенс Эрдўғанга президент Дональд Трамп уни ҳурмат қилиши ва қадрлашини айтган. Суҳбатнинг қайсидир асносида турк мулозимлари ҳарбий операция мобайнида ўз йўқотишларини санай бошлаган, Пенс эса Америка делагациясининг аксарият аъзолари ҳарбий ветеран эканлигини таъкидлаб, ўз ўғли ҳам ҳарбий эканини тилга олган. Вице-президент урушда ҳалок бўлган турк оилаларига ҳамдардлик билдирган. Бу томонлар ўртасидаги тарангликни юмшатишга хизмат қилган, деб ёзади агентлик.

Эрдўған ўт очишни тўхтатиш борасида бундай режимни доимий эмас, муайян вақт доирасида ўрнатиш кераклигини талаб қилганда музокараларда кескин бурилиш рўй берган.

«Эрдўған бу 24 ёки 48 соат бўлиши мумкинлигини айтган. Пенс бу жуда қисқа вақт эканлигини, бундай қарорни шахсан ўзи қабул қила олмаслигини айтди», — деб ҳикоя қилган манба. Манбанинг сўзларига кўра, кейинги мунозаралар чоғида томонлар 120 соатга келишишган, шундан сўнг бошқа масалаларда ҳам музокаралар тезлашган.

Туркия 9 октябрь куни Суриянинг шимолий-шарқида ҳарбий операция бошлаган. Анқаранинг таъкидлашича, ундан кўзланган мақсад — курдларнинг «Халқ ҳимоя отрядлари» (YPG) ва «Сурия демократик кучлари» (SDF) ни чегарадан улоқтириб, у ерда хавфсизлик зонаси барпо этиш. АҚШ операцияни танқид остига олган ва ҳатто Туркия энергетика ҳамда мудофаа вазирликларига санкция жорий этган.

17 октябрь куни Пенс ва Эрдўған келишувга эришган — Анқара операцияни 120 соатга тўхтатади, курд қўшинлари эса чегарадан 30 километрга чекинади. Эртаси куниёқ Reuters мухбирлари отишмалар давом этаётганини хабар беришди, курд кўнгилли аскарлари эса Туркия томони аҳоли пунктларига ўқ ёғдираётганини таъкидлашди. Эрдўған эса бу хабарларни дезинформация билан вақтинчалик сулҳни бузишга ҳаракат деб атади.

Мавзуга оид