Жамият | 12:05 / 19.10.2019
13841
2 дақиқада ўқилади

Оҳангаронда янги цемент заводи қурилмоқда

Россия Федерацияси пойтахти Москва шаҳрида 2017 йилнинг 5 апрелдаги Россия ва Ўзбекистон давлат раҳбарларининг “Евроцемент груп” холдинг ҳамда “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми қабул қилинган эди. Унга кўра, уюшмаси масъуллигида “Евроцемент груп” холдинг томонидан “Оҳангаронцемент” АЖ ҳудудида қурилиш материаллари кластерини ташкил этиш бўйича умумий қиймати 200 млн. доллар бўлган йирик лойиҳа амалга оширилиши белгиланган. Эътиборлиси, мазкур бунёдкорлик ишларига 100 млн. АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестиция жалб қилинган.  

Лойиҳага кўра, бу ерда цементдан тортиб, тайёр темир-бетон маҳсулотларигача ишлаб чиқарилади. Хусусан, йилига 144 минг куб метр бетон, 30 минг куб метр темир-бетон, цемент ва металлургия саноати учун йилига 3500 тонна оловбардош ғиштлар тайёрланади. 

Яна бир янгилик, ҳудудда йиллик қуввати 3 млн. тоннани ташкил этувчи янги цемент завод қурилади. Заводга жаҳонга машҳур энергия тежамкор, инновацион Thyssen Krupp, Gebr Pfeiffer, Aumund, IKN, Fives Pillard технологиялари ўрнатилади. Бунинг натижасида энергия сарфи 2 баробарга камаяди. Шу билан бирга 400 та янги иш ўринлари яратилади. Қурилиш-монтаж ишлари 2018 йилда бошланган бўлиб, лойиҳа 2020 тўлиқ фойдаланишга топширилади. Айни пайтда лойиҳалаш ишлари 90, ер ишлари 86, монолит қуйиш жараёни эса 70 фоиз бажарилди. Бунёдкорлик ишлари амалга оширилгач бу ерда юқори маркали, сифатли цемент маҳсулоти ишлаб чиқарилади. 

Маълумот учун: “Оҳангаронцемент” АЖ Тошкент вилоятидаги энг йирик цемент ишлаб чиқарувчи корхона ҳисобланади. Завод йилига 2,2 млн. тонна маҳсулот тайёрлаш қувватига эга бўлиб, бу Ўзбекистонда цементга бўлган талабнинг 22 фоизини ташкил этади.

“Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси
Матбуот хизмати

Мавзуга оид