Brexit яна кечикмоқда. Жонсон Брюсселга имзосиз мактуб юборди
Буюк Британия бош вазири Борис Жонсоннинг мамлакатни 31 октябрда Европа Иттифоқидан олиб чиқиш режаси чиппакка чиқмоқда. У 19 октябрь куни Брюсселга мактуб жўнатиб, Brexit'ни 2020 йил 31 январгача кечиктиришни илтимос қилишга мажбур бўлди.
Қироллик ҳукуматидаги манбага таяниб Reuters берган хабарга кўра, Жонсон парламент талаби билан мажбуран Евроиттифоққа юборган расмий хатини имзоламаган.
«Самимият билан, Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги бош вазири», деб якунланган мактубда Борис Жонсоннинг исми-шарифи ҳам, унинг имзоси ҳам йўқ.
Хатда айтилишича, агар ҳукумат ва парламент ЕИдан чиқиш бўйича келишувни эртароқ ратификация қила олса, у ҳолда Brexit жараёни 31 январдан олдинроқ якунланади.
Ўз навбатида, Еврокенгаш раиси Дональд Туск Лондондан Brexit`ни кечиктириш бўйича сўров олганини тасдиқлади. «Энди ЕИ етакчилари билан бунга қандай реакция билдириш масаласида маслаҳатлашишга киришаман», – деб қайд этди у.
Маълум бўлишича, Борис Жонсон Дональд Тускка йўллаган имзосиз расмий сўровга илова қилиб, шахсий хат ҳам жўнатган ва унда мазкур кечиктиришга қарши эканини таъкидлаган.
«Мен бош вазир бўлишим биланоқ ўз позициямни аниқ билдирганман. Буни бугун [19 октябрь] парламентда яна такрорладим. Мен ва ҳукумат жараённи яна ҳам кечиктириш Буюк Британия, ЕИдаги ҳамкорларимиз ва ўртамиздаги муносабатларга салбий таъсир кўрсатади, деб ҳисоблаймиз», – дея Жонсоннинг шахсий хатидан парча келтирди The Guardian.
Эслатиб ўтамиз, шанба куни Британия парламенти бош вазирга Brexit`ни кечиктириш бўйича Евроиттифоққа сўров жўнатиш мажбуриятини юклаган эди. 322 депутат буни ёқлаб овоз берди, қаршилар сони 306 нафарни ташкил қилди.
Шунга қарамай, Борис Жонсон жараённи 31 октябргача тугатиш учун қўлидан келган барча ишни қилишини айтганди.
«Мен ЕИ билан кечиктириш масаласини муҳокама қилмайман ва ҳеч қандай қонун мени бундай қилишга мажбур қила олмайди», – деганди ҳукумат раҳбари жамоатчилик палатасида чиқиш қилиб.
Унинг ушбу қатъий баёнотига Шотландия миллий партияси етакчиси Иан Блэкфорд муносабат билдириб, «бош вазир ўзини қонундан ҳам юқори деб ўйлаётгани»ни айтганди. «Бош вазир, сизни суд кутмоқда», – деганди депутат.
Маълумот учун, Европа Иттифоқининг ўтган ҳафтадаги саммитида Brexit шартлари бўйича келишувга эришилган эди. Аммо Британия парламенти бу келишувни ратификация қилишни рад этди, айрим депутатлар уни собиқ бош вазир Тереза Мэй тузган келишувдан ҳам ёмонроқ деб айтишди.
Мавзуга оид
14:48 / 24.11.2024
Лондон ЕИ билан муносабатларни тиклаш учун музокарачи қидирмоқда
18:53 / 13.11.2024
Борис Жонсон Украинага британ ҳарбийлари юборилиши шартини айтди
23:14 / 30.09.2024
Борис Жонсон миграция инқирозида Франция президентини айблади
11:36 / 12.01.2024