Light | 15:20 / 22.10.2019
57072
5 дақиқада ўқилади

Ҳиқичоқ ҳаёт учун хавфлими? Унинг кенг тарқалган 11 сабаби

Агар сизда танаффуслар билан бўлса-да икки ёки ундан кўп кун давомида ҳиқичоқ тутаётган бўлса, шифокор қабулига шошилинг.

Одатда ҳиқичоқ хавфсиздир. Уни диагфрагмалар — кўкрак ва қорин бўшлиғини ажратиб турувчи мустаҳкам мушакларнинг — беихтиёр қисқариши юзага келтиради. 

Диафрагмаларнинг одатий вазифаси нафас олишимизга шароит яратишдир. Улар пастга ҳаракатланганда, кўкрак қафаси кенгаяди ва ўпканинг ўзини ҳавога тўлдиришига имкон туғилади. Биз нафас оламиз. Улар юқорига кўтарилганда ўпкадаги ҳаво ташқарига сиқиб чиқарилади. Нафас чиқариш жараёни юз беради.

Диафрагма ҳаракатларини мия бошқаради. Аммо баъзида унинг ишораларида хатолик юз бериб, диафрагма беихтиёр қисқаришни бошлаши мумкин. Ҳар қисилишда ўпка ўзидан ҳавони итаради, у ҳиқилдоқ орқали ўтади ва товуш чиқарувчи оралиқ ва кичик тилга урилади. Ушбу жараён ўзига хос овозни — ҳиқичоқни юзага келтиради.

Физиологлар миянинг шундай оддий ҳаракат бўлган нафас олиш-чиқариш жараёнида хатоликка йўл қўйиши сабабини ҳалигача англаб етишмаган. Аммо ҳиқичоқни келтириб чиқара оладиган баъзи омилларни аниқлашган. Чўзиб ўтирмаймиз: айрим вақтларда ҳиқичоқ хавфли ишорадир.

Зудлик билан шифокор қабулига боришни талаб қилувчи ҳолатлар

Мустақил тадқиқотлар ташкилоти бўлган Mayo Clinic мутахассислари иложи борича тез фурсатларда терапевт ҳузурига боришни тақозо қилувчи икки аломатни қайд этишган:

  • 48 соат ёки ундан ортиқ давом этувчи ҳиқичоқ;
  • камроқ давом этувчи аммо овқатланиш, сув ичиш,ухлаш ёки нафас олишга халақит берадиган чарчатувчи ҳиқичоқ. 

Тез ёрдамга қўнғироқ қилиш талаб этилмайди. Юқорида санаб ўтилган ҳолатларда ҳам ҳиқичоқнинг ўзи ўлим даражасида хавфли эмас. Бироқ у вақтида ташхиси қўйилиши зарур бўлган жиддий касалликлардан дарак бераётган бўлиши мумкин.

Нега инсонларда ҳиқичоқ тутади?

Аксарият ҳолларда ҳиқичоқ хуружлари бир неча дақиқадан сўнг ўз-ўзидан йўқолади. Бундай ҳиқичоқ қисқа муддатли деб аталади. Қолаверса, танаффуслар билан ёки танаффусларсиз 2 кундан ошиқ давом этмаган ҳиқичоқни ҳам қисқа муддатли деб ҳисобласа бўлади. Агар ундан ортиб кетса, гап узоқ муддатли ёки кучли ҳиқичоқ ҳақида бормоқда.

Қисқа муддатли ҳиқичоқ сабаблари

  1. Газланган ичимликлар истеъмол қилиш.
  2. Алкоголнинг кўп миқдори.
  3. Керагидан ортиқча овқатланиш.
  4. Ҳароратнинг тезлик билан ўзгариши. Масалан, уйдан шамолли кўчага чиққанда, ёки акси, совуқдан иссиқ офисга ёки хонадонга кирганда. 
  5. Ўта иссиқ (тузи ва аччиғи баланд) ёки совуқ овқат тановул қилиш.
  6. Хавотирланиш, ҳаяжон, қўрқув, стресс.
  7. Беихтиёрий равишда ҳаво ютиш. Бу ҳолат сақич чайнаганда ёки обаки сўрганда рўй беради.

Кучли ҳиқичоқ сабаблари

Икки кундан узоқ вақт давом этувчи ҳиқичоқни ўнга яқин омиллар келтириб чиқаради. Уларни 3 хил категорияга ажратиш мумкин.

1. Асабий безовталик ёки асаб бузилишлари

Гап диафрагмалар ҳаракатини назорат қилувчи сайёр асаб ҳақида кетмоқда. Уларнинг шикастланиши ёки қўзғалишга олиб келувчи омиллар:

  • Қулоққа кириб, унинг пардасига тегаётган соч толаси, кичик ғубор ёки бошқа нарсалар (масалан, кичик ҳашаротлар).
  • Бўйин соҳасида шиш, ўсимта, буқоқ.
  • Ларингит. Шиқилдоқ шиллиқ пардасининг яллиғланиши шундай аталади. Аксарият ҳолларда у шамоллаш ёки қизамиқ, кўкйўтал, қизилча каби юқумли касалликларга алоқадордир.
  • Жиғилдон қайнаши. У гастроэзофагиал рефлюкс бўлиб, кислотали меъда шираси қизилўнгачга ўтиб унинг деворларини тирнашидан келиб чиқади.

2. Марказий асаб тизимидаги (МАТ) бузилишлар

Турли жароҳатлар натижасида марказий асаб тизимида инфекция, шиш, шикастланиш — буларнинг барчаси диафрагмаларнинг беихтиёр қисилишига олиб келиши мумкин. Қуйида шу тоифага кирувчи касалликлардан атиги бир нечта мисоллар келтирамиз:

  • менингит (бош ва орқа мия пардаси яллиғланиши);
  • энцефалит (бош мия яллиғланиши);
  • миянинг жароҳат орқали шикастланиши;
  • инсульт (бош мияга қон қуйилиши ёки мия томирларига лахта қон тиқилиши натижасида рўй берадиган оғир касаллик);
  • тарқоқ склероз;
  • мия ўсмалари — яхши сифатлилар ҳам, ёмонлари (саратон) ҳам.

3. Моддалар алмашинувига алоқадор касалликлар ва баъзи дори воситаларининг қабули

Кучли ҳиқичоқ тутишига қуйидагилар омил бўлиши мумкин:

  • диабет (модда алмашинувининг бузилиши натижасида юзага келадиган ва сийдик кўпайиши билан кечадиган касаллик);
  • буйрак хасталиклари;
  • электролитлар дисбаланси;
  • транквилизаторлар (яъни асабни тинчлантирувчилар), стероидлар, барбитуратлар, оғриқ қолдирувчи воситаларни шифокор назоратисиз қабул қилиш;
  • алкоголга ружу қўйиш.

Ҳиқичоқ тутганда нима қилиш керак?

Агар бу қисқа давом этувчи тури бўлса, ҳеч нима қилиш шарт эмас. У 2-3 дақиқада ғойиб бўлади. 

Кучли ва сақланиб турувчи ҳиқичоқда терапевт билан маслаҳатлашиш муҳим заруратдир. У омилларни аниқлаб, уларни бартараф этиш учун сизни тор мутахассислар, масалан отоларинголог кўригига юбориши мумкин.

Мавзуга оид