Жаҳон | 09:51 / 23.10.2019
7479
2 дақиқада ўқилади

Пекин Ҳонгконг раҳбарини алмаштиришни режалаштирмоқда - Financial Times

Фото: REUTERS

Хитой ҳукумати Ҳонгконг маъмурияти раҳбари Кэрри Ламни алмаштириш бўйича режани тайёрламоқда. Бу ҳақда манбаларга иқтибос келтирган ҳолда Financial Times нашри хабар берди. 

Маълумотларга кўра, агар ушбу қарор Хитой раиси Си Цзиньпин томонидан маъқулланса, маъмуриятнинг вақтинчалик янги раҳбари 2020 йил мартида Бутунхитой халқ вакиллари йиғилиши сессиясида тайинланади ва ушбу лавозимни Лам ваколатлари муддати якунланиши керак бўлган 2022 йилгача эгаллайди. Бироқ бу янги номзод сўнгра 5 йиллик муддатга ушбу лавозимда қолишини англатмайди. Маълум қилинишича, Ҳонгконг марказий банкининг собиқ раҳбари Норман Чан ва собиқ бош вазир Генри Тан ушбу лавозимга асосий номзодлардан ҳисобланади. 

Нашрнинг таъкидлашича, Хитой ҳукумати маъмурият раҳбарини алмаштириш бўйича якуний қарорга келишдан олдин Ҳонгконгдаги вазиятнинг барқарорлашишини кутмоқчи. Бироқ Кэрри Лам вакиллари ва Хитойнинг Ҳонгконг ва Макао масалалари бўйича девохонаси ушбу ахборот бўйича изоҳ бермаган.

Ҳонгконгда ёз бошида экстрадиция ҳақидаги қонун лойиҳаси қабул қилинмоқчилигига қарши норозилик намойишлари бошланганди. Кэрри Лам қонун лойиҳасини қабул қилиш режасидан воз кечганига қарамай, мухолифат тарафдорлари норозиликларни давом эттирмоқда. 

Аввалроқ ОАВда Ламнинг агар лавозимидан кетишга имкони бўлса, уни тарк этмоқчилиги ҳақидаги сўзлари тарқалган. 

Мавзуга оид