Ўзбекистон | 13:50 / 28.10.2019
12993
3 дақиқада ўқилади

АҚШ ўрмон хўжалиги хизмати билан Зарафшон тўқайзорлари оралаб экспедиция уюштирилди

Самарқанддаги Зарафшон миллий табиат боғида дунёнинг бошқа ҳеч қаерида учрамайдиган ҳайвонот ва ўсимлик турлари бор. Айниқса, Бухоро хонгули буғуси ва Зарафшон қирғовули боғнинг энг нодир жонзоти ҳисобланади.

Фото: KUN.UZ

Шунга қарамай, боғнинг туризм соҳасидаги улуши ниҳоятда паст ҳисобланади. Ҳолбуки, Зарафшон дарёсининг ўнг қирғоғи бўйлаб шарққа қараб 27 километр чўзилиб кетган боғ ҳудуди 2,5 минг гектар бўлиб, турли ноёб дов-дарахтлар, ҳайвон-у паррандаларга бой.

Боғнинг асосий қисми тўқайлардан иборат. Шунингдек, чакалак ва пичанзорлар ҳам қамраб олган. Кўплаб доривор ва манзарали ўсимликлардан ташқари, 17 турдаги сутэмизувчилар, 170 дан ортиқ қуш турлари ва турли хил судралиб юрувчилар мавжуд.

Мана шундай табиий муҳитга эга ҳудудда қандай қилиб экотуризм ривожланмай қолган?

АҚШ Ўрмон хўжалиги хизмати вакиллари билан шу савол атрофида муҳокама ўтказилди. АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси кўмагида ўтказилган мазкур тадбирда Трент Майлам, Ҳиллари Сантана, Лара Питерсон ва Эндрю Рид Қўшма Штатларда экотуризм соҳаси тажрибасини сўзлаб берди.

Тўқайзор ва чангалзорлар оралаб ўтказилган экспедицияда мутахассислар йўл бўйлаб ўрмонларга саёҳат уюштиришни йўлга қўйишдаги камчиликларни кўрсатиб борди. Барча иштирокчилар бу борадаги таклифларини билдиришди.

Лара Питерсон, Америкалик мутахассис:

— Бундай ноёб табиий муҳитда экотуризм ривожланмай қолиши мумкин эмас. Мисол учун, АҚШда бундай боғларнинг бир қисми маълум қоидаларни ишлаб чиққан ҳолда сайёҳлар учун очиб берилади. Тушган маблағ эса соҳани янада ривожлантиришга сарфланади. Бу ерда экотуризмни ривожлантириш учун нималар қилиш керак? Ўрмон ичига саёҳатдан сўнг биз аввало инфратузилмани яратиш бўйича маслаҳатларимизни берадиган бўлдик. Ўзбекистондаги ҳамкорларимиз билан бирга бу борада инвестицияларни жалб этишни ҳам ўйлаяпмиз.

Шунингдек, АҚШ ўрмон хўжалиги хизмати вакили Эндрю Рид ҳам ўз мулоҳазаларини билдириб, яратиш шарт бўлган шароитларга алоҳида тўхталиб ўтди. Жумладан, йўл, кўрсаткич белгилар, ҳожатхона кабиларни ҳал этмасдан экотуризм ҳақида ўйлаш оғир эканини таъкидлаб ўтди.

Ўзаро суҳбатларда қўриқланадиган ҳудудлар атрофида истиқомат қиладиган аҳоли хатти-ҳаракатлари билан боғлиқ бўлган долзарб муаммоларнинг ечимлари хусусида ҳам тажриба алмашилди.

Анвар МУСТАФОЕВ,
Kun.uz мухбири

Мавзуга оид