Ўзбекистон Жанубий Корея билан атом энергетикаси соҳасида ҳамкорлик қилиши мумкин
Ўзбекистон Жанубий Корея билан атом энергетикаси соҳасида ҳамкорлик қилиш имкониятларини ўрганмоқда. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, энергетика вазирининг биринчи ўринбосари – “Ўзатом” агентлиги бош директори бошчилигида Ўзбекистон делегацияси ядро энергетикаси соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш имкониятларини аниқлаш ва атом электр станцияларини қуриш тажрибасини ўрганиш мақсадида Жанубий Кореядаги Korea Electric Power Corporation, Korea Hydro & Nuclear Power, Hyundai Engineering and Construction, Doosan Heavy Energy, Korean Nuclear Association компаниялари билан музокаралар ўтказган.
Шунингдек, делегация дунёда фаолият юритаётган энг йирик, белгиланган қуввати 7743 МВт га (биринчи ва иккинчи фазадаги 8 та реактор) тенг бўлган Кори АЭС билан танишди.
Кори АЭСнинг биринчи реактори қуввати 607 МВт бўлиб, у 1977 йилда ишга туширилган ва 40 йил давомида самарали ишлатилганидан кейин жами 148,6 млрд. кВт/с электр энергиясини ишлаб чиқарганидан сўнг тўхтатилган.
Ўзбекистон делегацияси АЭСда умумий қуввати 2800 МВт га тенг бўлган 5 ва 6 энергоблокларни бориб кўрди (иккинчи фазадаги). Ушбу реакторлардан тижорий мақсадда фойдалана бошлаш тегишли равишда 2023 ва 2024 йилларга мўлжалланган.
Шунингдек, делегация янги 4-энергоблокни (иккинчи фазадаги) бориб кўрди. У 2019 йил 29 августда тижорий фойдаланишга топширилган эди. Айни пайтда делегация турбина ороли, марказий операторлик зонаси, ишлатилган ядро ёқилғисини сақлаш зонасини бориб кўриш орқали фаолият юритиш ва фойдаланиш жараёнини батафсил ўрганиб чиқди.
Корея Республикасида 4 та йирик атом электр станцияси мавжуд бўлиб, уларда 25 та реактор амал қилмоқда (24 866 МВт), энергия ишлаб чиқариш бўйича дунёда 5-ўринни, АЭСнинг белгиланган қуввати бўйича 6-ўринни эгаллайди.
Бугунги кунда ҳар бирининг қуввати 1400 МВт (APR) бўлган жами 4 та реакторда қурилиш жараёни олиб борилмоқда ва улар Фукусимадан кейинги хавфсизлик талабларига тўлиқ жавоб беради.
Эслатиб ўтамиз, Энергетика вазирлиги мамлакатнинг энергетик хавфсизлигини таъминлаш, электр энергияси ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш ва генерация соҳасининг ҳаддан зиёд кўмирга боғлиқлиги камайтириш учун (2018 йилда табиий газ ва кўмир ҳисобидан генерациянинг 90% таъминланган) Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки ва халқаро маслаҳатчилар кўмагида 2030 йилгача бўлган мамлакатни ёқилғи-энергетик таъминоти концепциясини ишлаб чиқди.
Унда қайта тикланувчи энергияга оид 10 000 МВт.лик йирик объектлар (қуёш, шамол ва гидроэлектрстанциялар), шунингдек, 2400 МВт.лик АЭС қурилиши кўзда тутилган.
Белгиланган лойиҳаларни самарали амалга оширилиши ва мавжуд ГЭСларни модернизация қилиш ҳисобидан 2030 йилга келиб, генерация таркибида қайта тикланувчи энергетика улуши 31 фоизни, атом энергетикасида 15 фоизни ташкил этади.
Мавзуга оид
19:15 / 23.12.2024
КХДР Россия—Украина урушида мингдан ортиқ ҳарбийсидан айрилгани маълум қилинди
18:22 / 22.12.2024
Японияда АЭСлар яқинига радиоактив зарралардан ҳимоя қилувчи палаткалар жойлаштирилади
16:31 / 18.12.2024
Исёнда айбланаётган Жанубий Корея президенти полиция сўроқига келмади
21:54 / 17.12.2024