Ўзбекистон | 23:36 / 04.11.2019
9438
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондаги 478та аҳоли пунктига мобиль алоқа етиб бормаган – Қаҳрамон Йўлдошев

Мобиль алоқа ва мобиль интернет сифати база станцияларининг етарли бўлишига боғлиқ. Бироқ мобиль алоқа операторлари аҳоли нисбатан кам яшайдиган ҳудудларга база станцияларини ўрнатишни кўп ҳам истайвермайди. Чунки ускуналар қиммат, кам одам яшайдиган ҳудудларда эса сарфланган даромад тезда ўзини оқлайвермайди. Бунинг олдини олиш, умуман, мобиль алоқанинг сифати паст ёки ҳалигача алоқа етиб бормаган ҳудудларда алоқа операторлари томонидан база станцияларини ўрнатиш бўйича қандай ишлар қилинмоқда?

Мазкур саволга АКТ вазири ўринбосари Қаҳрамон Йўлдошев душанба куни матбуот анжуманида жавоб бериб ўтди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Унинг сўзларига кўра, вазирлик ваколатли орган сифатида ҳар бир операторнинг истиқболли режаларини тўғридан-тўғри назорат қилмаса ҳам, мониторинг қилиб боради ва операторларнинг тармоқни ривожлантириш режаси вазирлик билан келишилади.

Йўлдошевнинг айтишича, Ўзбекистонда мобиль алоқа етиб бормаган 478та аҳоли пункти бор.

«Албатта, буларнинг ҳаммасини бир йилнинг ўзида қамров билан таъминлаш имконияти техник жиҳатдан ҳам, молиявий жиҳатдан ҳам қийин бўлгани учун биз буни йилларга бўлганмиз. Бу йилнинг ўзида умуман ҳеч қанақа алоқа йўқ бўлган аҳоли пунктларини 5та мобиль алоқа операторига тақсимлаб берганмиз. Ҳар ойда уларнинг ҳисоботини мониторинг қилиб борамиз», – деди Қаҳрамон Йўлдошев.

Унга кўра, бугунги кунда вазирлик тасдиқлаб берган режа бўйича операторлар бош тортган ёки бажармаган ҳолатлар мавжуд эмас.

«Кейинги йилга ҳам маҳаллий бошқарув органлари билан келишиб, ана шундай аҳоли пунктларининг рўйхатини, дислокациясини аниқлаштириб, операторларга тақсимлаб берамиз», – деб қўшимча қилди вазир ўринбосари.

Мавзуга оид