Light | 17:50 / 05.11.2019
34631
3 дақиқада ўқилади

Мандарин қандай фойдали хусусиятларга эга?

Ватани Хитой саналувчи мандаринлар Европага илк маротаба XIX аср бошларида кириб борган.

Доимо яшил тусдаги Мандарин дарахти цитруслар оиласига мансуб. Унинг ширин мевалари пўчоғини ажратиш осон, айнан шу хусусияти мандаринни бошқа цитруслардан ажратиб туради. Мандарин сархил ҳолида истеъмол қилинади, мевали ва сабзавотли салатларга қўшилади, шунингдек ундан мандарин шарбати ва мураббо тайёрлаш мумкин. 

Мандарин ноябрь-декабрь ойларида пишиб етилади. У Ҳиндистон, Жанубий Корея, Хитой ва Японияда энг машҳур цитрус мева ҳисобланади. Унинг дарахти Миср, Жазоир, Туркия, Озарбойжон, Бразилия, Испания ва бошқа мамлакатларда ҳам ўстирилади.

Унинг фойдали хусусиятлари

Ушбу мева таркибида органик кислоталар, шакар, аскорбин кислотаси, тиамин, рутин ва фитонцидлар мавжуд. Терисида катта миқдорда эфир мойи бор. Мандариннинг тўйимлилик даражаси 53 ккал.

Мандаринлар B ва С витамини учун ажойиб манбадир. Куз-қиш мавсумида иммунитетни мустаҳкамлаш учун организмдаги витаминлар захирасини тўлдириб бориш муҳим аҳамиятга эга. Мандарин истеъмоли иштаҳани очади, организмдаги моддалар алмашинуви жараёнини яхшилайди, умумий қувват берувчи ва микробларга қарши курашувчи ҳисобланади.

Мандариндан олинадиган кўплаб фойдаларга қарамай, уларнинг меъёрдан ортиқ истеъмоли аллергик реакцияларни келтириб чиқариши мумкин. Меъда шираси кислотаси ошиши билан кечувчи гастрит ва ичаклардаги яллиғланиш хасталикларида мандарин тановул қилиш тавсия этилмайди. 

Сифатли мардаринни қандай танлаш мумкин?

Биринчи навбатда меванинг ташқи кўринишига аҳамият қаратиш лозим. Унинг териси заха бўлмаган ва бузилмаган ҳолатда яхлит бўлиши керак. Етилиб пишган мандаринларнинг туси бир хилда бўлади, аммо териси ғайритабиий ялтираб турганини харид қилиш тўғри бўлмайди. 

Мандаринларни, шунингдек, улар етиштирилган мамлакатга қараб ҳам танлаш мумкин. Испан нави ширин, тўйинган апельсин рангига эга ва данакли бўлади. Бу каби мандаринларни пўстини арчиш жуда осон. 

Туркия мандаринлари ёрқин-апельсин тусида, данаги йўқ, аммо нордон мазага эга.

Ҳам ширин, ҳам сувли ва данаксиз мандаринлар Марокашдан келтирилади. Уларни тўйинган қизилга мойил пўст орқали ажратиб олиш мумкин.

Мавзуга оид