Жамият | 20:20 / 06.11.2019
14439
3 дақиқада ўқилади

«Мазали» фоторепортаж: «Лаззатли Ўзбекистон» халқаро кулинария чемпионати қандай ўтказилди?

6–8 ноябрь кунлари Тошкент шаҳридаги «Ўзэкспомарказ» кўргазмалар майдонида «Лаззатли Ўзбекистон» (Delicious Uzbekistan) халқаро кулинария чемпионати илк маротаба ўтказилмоқда. Мусобақаларда 30га яқин хорижий давлатлардан, жумладан АҚШ, БАА, Озарбойжон, Туркия, Жазоир, Ҳиндистон, Покистон, Руминия, Греция, Жанубий Корея, Россия, Мўғулистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва бошқа мамлакатлардан 250 нафар пазанда иштирок этяпти.

Халқаро кулинар чемпионатини ташкил этишда Жаҳон бош ошпазлар ҳамжамияти уюшмаси (WACS) ҳамда Жаҳон ислом пазандалари уюшмаси (WICS) ҳамкорлик қилмоқда. Ушбу чемпионат Жаҳон бош ошпазлар ҳамжамияти уюшмаси (WACS) тадбирлар жадвалига киритилиб, халқаро чемпионат мақомига эга бўлди.

Жаҳон бош ошпазлар ҳамжамияти уюшмаси (WАCS) президенти Томас Гуглер, Жаҳон ислом пазандалари уюшмаси (WICS) вице-президенти Таҳир Амирсланов чемпионат фахрли меҳмонлари ҳисобланишади.

Жамоалар «SP1» (миллий нонушта тайёрлаш) йўналиши, «SP2» ва «JP2» (гўштли таом тайёрлаш) йўналиши бўйича профессионал ва ёш ошпазлар беллашади. Мусобақадан сўнг эса биринчи кун мусобақалари якуний ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтади. Чемпионатнинг иккинчи кунида мусобақачилар «SP3» ва «JP3» (хамирли таом тайёрлаш) ҳамда «SP4» ва «JP4» (балиқли таом тайёрлаш) йўналишлари бўйича, куннинг иккинчи қисмида «SP5» ва «JP5» (вегетариан таом тайёрлаш) ҳамда «SPD» ва «JPD» (десерт тайёрлаш) йўналишлари бўйича ўз маҳоратларини намойиш этишади.

Сўнгги босқичда иштирокчилар «SPC» ва «JPC» (карвинг) йўналишида мусобақалашадилар. Сўнг «SPT» ва «JPT» (финал, жамоавий мусобақа) йўналиши доирасида баҳслашадилар. Бу йўналиш «Black Box» деб аталиб, унда жамоалар махсус берилган маҳсулотларнинг барчасини ишлатган ҳолда таом тайёрлайдилар. Бундан ташқари, «Golden Chef» номинацияси учун ҳам «SPG» йўналишида мусобақа ўтказилади. Унда ошпазлардан уч хил таом тайёрлаш талаб этилади (салат, қуюқ таом ва десерт).

Мавзуга оид