Light | 21:32 / 08.11.2019
20680
5 дақиқада ўқилади

«Менга XBOX олиб беринг!» – Фарзанд билан қандай гаплашиш керак?

«Ислом молияси+» каналида она ва ўғил диалоги тақдим этилди. Унда болани рационал фикрлашга ўргатиш, муаммога ечим излашга ундаш йўли кўрсатилган.

Руҳшунос Анна Бикова муаллифлигидаги диалогдан болага молиявий саводхонлик асосларини қандай тушунтириш, фарзандлар билан мулоқотда қандай қилиб келишув йўлларини топиш борасида ҳам сабоқ олиш мумкин.

Ўғил: Менга XBOX керак. (XBOX – жойстикда ўйналадиган мультимедиавий ўйин)
Она: Нима учун?
Ўғил: Ўйнайман. Бу зўр ўйин.
Она: Нега ҳали ҳам ўз XBOX'инг йўқ?
Ўғил: Чунки олиб бермаяпсиз!
Она: Нима учун олиб бермаяпман?
Ўғил: Чунки пулингиз йўқ.
Она: Пулим умуман йўқми?
Ўғил: Бор, лекин уни XBOX учун сарфламайсиз.
Она: Нима учун?
Ўғил: Чунки пулни бошқа нарсаларга сарфлайсиз.
Она: Қанақа нарсаларга экан?
Ўғил: Эҳтимол ундан муҳимроқ бўлган нарсаларга.
Она: Вазиятни қандай ўзгартириш мумкин?
Ўғил: Пулни камроқ сарфласак-чи?
Она: XBOX учун сен нималардан воз кечишга тайёрсан?
Ўғил: Кино ва конфетдан.
Она: Шу тарзда бир ойда қанча тежашинг мумкинлигини ҳисоблай оласанми? 
Ўғил: Мингга яқин.
Она: Шунда XBOX олиш учун неча ой пул жамғаришинг керак?
Ўғил: Бир ярим йил.
Она: Бир ярим йил кута оласанми? Бир ярим йил кино ва конфетсиз яшаш? 
Ўғил: Йўқ.
Она: Яна бошқа таклифлар борми?
Ўғил: Ишласам-чи?
Она: 11 ёшдаги болани қаерга ишга олишади? Сенга ким иш ҳақи тўлайди?
Ўғил: Ҳеч қаерга. Билмадим.
Она: Қандай пул ишлаб топишни билмасанг, ҳали ўйлаб кўрмаган бўлсанг, мақсадга эришиш учун яна нимани таклиф қила оласан? 
Ўғил: Сиз кўпроқ пул ишлаб топишингиз керак.
Она: Ажойиб. Айта оласанми, қандай қилиб кўпроқ пул топишим мумкин?
Ўғил: Кўпроқ ишлашингиз керак.
Она: Бунинг учун ортиқча вақтни қаердан топаман?
Ўғил: Бирор нимани бажармаслигингиз керак.
Она: Масалан? Ухламаслик, овқат емаслик, дам олмаслик, аммо бундай қила олмайман. Вақтим яна нималарга кетяпти?
Ўғил: Дўконга борасиз, овқат пиширасиз, идишларни ювасиз. 
Она: Яна-чи?
Ўғил: Чангютгич билан уйни тозалайсиз.
Она: Яна нималарни ўзим қилмаслигим мумкин? Менинг ўрнимга бу ишларни ким бажаради?
Ўғил: Мен чангютгичда уйларни тозалаб, идишларни юва оламан.
Она: Ажойиб! Идиш ювадиган машина сотиб олмоқчи эдим. Унинг нархи XBOX'ники билан бир хил. Агар идишларни сен ювсанг, бундай машина менга керак бўлмайди. Агар XBOX сотиб олсак, идишларни ҳар куни ювишга тайёрмисан?
Ўғил: Албатта!
Она: Сен идиш ювадиган машина учун яна пул тўплагунимизга қадар ярим йил давомида идишларни ювишга тайёрмисан?
Ўғил: Тайёрман.
Она: Агар келишувни бажармасанг нима бўлади? XBOX олиб берсам-у, идиш ювишни истамасанг-чи? У ҳолда мен қандай йўл тутаман?
Ўғил: XBOXни мендан олиб қўсангиз адолатдан бўлади.
Она: Икки кунда XBOX жонингга тегиб, идишларни ювмай қўйсанг-чи? У ҳолда мен пулсиз, идиш ювадиган машинасиз ва тоза идишларсиз қоламан. Ана шунда нимани ҳис қиламан? Ўрнимда бўлганингда нимани туйган бўлардинг? 
Ўғил: Мени алдашганини ҳис қилардим.
Она: Сени алдаган одамга ишонишда давом этармидинг? 
Ўғил: Йўқ.
Она: Бундан кейин ҳам у билан бирор нарса ҳақида келишармидинг? 
Ўғил: Йўқ.
Она: XBOX олиб берганимдан кейин ҳам бошқа истакларинг мавжуд бўладими? 
Ўғил: Албатта.
Она: Яъни XBOXни қўлга киритгач, келишувни бузсанг, сенинг кейинги истакларингни бажаришга ҳаракат қилмаслигимни тушунаяпсан-а? 
Ўғил: Албатта.
Она: Шартларни бажаришга сенга нима ҳалал бериши мумкин? 
Ўғил: Чарчаб қолишим мумкин.
Она: Муаммога қандай ечим таклиф қиласан?
Ўғил: Якшанба куни менинг идиш ювмайдиган дам олиш куним бўла қолсин. 
Она: Яхши. Келишдикми?
Ўғил: Келишдик..

Энди эса буни бошқа диалог билан солиштириб кўринг:

Ўғил: XBOX олишни истайман.
Она: Олиб бераман, бунинг эвазига сен якшанба кунидан ташқари ҳар куни бир йил давомида идишларни ювасан. Агар ювмасанг, мен сенга бошқа ҳеч нарса сотиб олиб бермайман.

Бир қарашда келишув бир хилга ўхшаб кўринади. Бироқ натижа ҳар хил.

Иккинчи ҳолатда шартлар болага катта одам томонидан мажбурлаб ўтказиляпти. Биринчи ҳолатда эса боланинг ўзи (хулоса чиқаришга ёрдам берувчи саволлар воситасида) келишувга рози бўлди. Демак, келишув шартларига риоя этишда онглилик ва масъулият даражаси юқори бўлади. Бундан ташқари, бола ҳаётий масалани ҳал этиш борасидаги тажрибага эга бўлди.

Мавзуга оид