Спорт | 15:22 / 16.11.2019
13574
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Қозоғистон футбол алоқаларини тикламоқчи – мўлжалда ўртоқлик ўйини

Фото: sportsffa.kz

Ўзбекистон ва Қозоғистон миллий жамоалари ўртоқлик ўйинини ўтказишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда қозоғистонлик журналист Ойдин Кожахмет ўз телеграм каналида хабар берди.

«Айни пайтда ҳар иккала мамлакат футбол федерацияси бу борада музокара ўтказмоқда. Агар келишувга эришилса, ўйин 2020 йил март ойида Тошкентда ўтказилади», деб ёзди Кожахмет.

Ўзбекистон ва Қозоғистон футбол федерациялари ўртасидаги алоқалар 2007 йилда узилиб қолган эди. Бунга Чимкент шаҳрида ўтказилган «Алма-ТВ Кубоги» халқаро турнирида юз берган воқеалар сабаб бўлган. 

Сўнгги ўйинда Қозоғистон ва Ўзбекистон миллий жамоалари тўқнаш келган. Ҳисоб 1:1 бўлиб турганда Ўзбекистон миллий жамоаси ҳужумчиси Анвар Солиев дарвозабон билан юзма-юз чиққан. Аммо рақиб посбони уни жарима майдони ичида йиқитган. Қирғизистонлик бош ҳакам Дмитрий Машенцев ҳуштаги эса янграмаган. Натижада, бутун ўйин давомида мезбонларга ён босиб турган ҳакамдан норози бўлиб турган ўзбекистонликлар делегациясининг асаби дош бермаган.    
 
«Ўзбекистон миллий жамоаси делегацияси қирғизистонлик ҳакамни ўртага олиб, қўпол тарзда эътироз билдира бошлади. Массажчи эса кўз ўнгимда қанот ҳакамига мушт туширди. Хуллас, жуда катта тўполон бўлди», - деб ёзади Кожахмет.

Ўйин 1:1 ҳисобида якунланди ва бош соврин Қозоғистон миллий жамоасига насиб қилди. Баҳсдан кейин ўтказилган матбуот анжуманида эса Қозоғистон ва Ўзбекистон футбол алоқалари узилгани эълон қилинди.

«Ўйиндан кейинги матбуот анжуманига меҳмонлардан фақат Ўзбекистон миллий жамоаси матбуот котиби Алишер Никимбаев келди. У юз берган тартибсизликлар тўғрисида ғазабланиб гапирди ва Ўзбекистон бундан кейин ҳеч қачон Қозоғистон билан футбол ўйнамаслигини эълон қилди. Яъни икки мамлакат ўртасидаги футбол алоқалари узилди», - деб ёзди Кожахмет. 

Қайд қилиш жоизки, ўша пайтдан бери Ўзбекистон ва Қозоғистон миллий жамоалари бирор марта футбол майдонида тўқнаш келмаган. 

Ўз навбатида, таниқли футбол мутахассиси Алишер Никимбаев қозоғистонлик журналист Ойдин Кожахметнинг бу фикрларига муносабат билдириб, матбуот анжуманидаги айтган гаплари бошқачароқ бўлганини таъкидлади.

«Ўзбекистон бундан кейин ҳеч қачон Қозоғистон билан футбол ўйнамайди, демадим. Балки, муносабат ўзгармаса, шундай бўлади, дедим. Чунки Чимкентдаги воқеалардан олдинги ўйинларда ҳам шундай ҳолатлар бўлиб турган. Умуман олганда, бу баҳсни озарбойжонлик ҳакамлар бошқариши керак эди. Бироқ, ташкилотчилар ўйинга қирғизистонлик ҳакамларни тайинлашди. Бу ҳолат озарбойжонликларни ҳам, қирғизистонликларни ҳам (Машенцевдан ташқари) жаҳлини чиқарди. Бу можаро учун шахсан ўзим ҳам мукофотдан маҳрум қилинганман», - деб ёзди Никимбаев «Футболиум» телеграм каналида.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон миллий жамоаси ўз тарихида Қозоғистон билан 6 марта ўйнаган ва 2 марта ғалаба қозониб, 1 марта ютқазган. 3та баҳс дуранг натижа билан якунланган.

Мавзуга оид