Спорт | 12:10 / 20.11.2019
11951
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда спорт мураббийларининг ойлиги ошириляпти

Фото: Getty Images

Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни илмий-методик таъминлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази ҳамда Ўзбекистон Республикасида тренерлик фаолиятларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилинди.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизматига кўра, ҳужжат Ўзбекистонда тренерлик фаолиятини такомиллаштириш, шу жумладан тренерлик фаолияти билан шуғулланиш учун рухсатнома бериш механизмини соддалаштириш, спорт турлари бўйича тренерлар меҳнатига ҳақ тўлашнинг базавий миқдорини янада яхшилашга хизмат қилади.

Қарорга мувофиқ, 2019 йил 1 декабрдан бошлаб республикада фаолият юритаётган тренерлар Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни илмий-методик таъминлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази ҳамда унинг филиаллари базасида ҳар 5 йилда аттестациядан ўтказилади.

Шунингдек, қарор билан болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, ихтисослаштирилган олимпия захиралари болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, олий маҳорат спорт мактаби, олий спорт маҳорати мактаби, республика олий спорт маҳорати мактабларининг директорлари, директор ўринбосарлари, тренер, инструктор-методистлари ҳамда олимпия ва миллий спорт турлари бўйича ихтисослаштирилган давлат мактаб-интернатларининг тренер, инструктор-методистлари меҳнатини муносиб рағбатлантириш белгиланди.

Унга кўра, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги тизимидаги барча спорт мактаблари ҳамда мактаб-интернатлари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг базавий тариф ставкалари 2020 йил 1 январдан бошлаб:

директор ва директор ўринбосарларига – 1,35 бараварга;

тренерлар, инструктор-методистларига – 1,35 бараварга оширилди.

Қарор орқали барча спорт мактаблари ва мактаб-интернатлари ходимларининг маошлари сезиларли даражада оширилди. Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети битирувчилари тўғридан-тўғри тренерлик сертификатига эга бўлишади. Энди тренерлар аттестациядан ҳар беш йилда ўтишади. 

Мавзуга оид