«Бир миллион ўзбек дастурчиси» лойиҳасига старт берилди
21 ноябрь куни Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида «Бир миллион ўзбек дастурчиси» номли йирик лойиҳага старт берилди.
Kun.uz мухбирининг хабар беришича, шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Бирлашган Араб Амирликлари делегацияси, Ўзбекистон ҳукумати вакиллари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирок этди.
Лойиҳа очилишида Бош вазир Абдулла Арипов сўзга чиқди.
«Бугунги кунда Ўзбекистон ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасида кадрлар тайёрлаш, аҳолига хизмат кўрсатиш, ахборот технологиялари, транспорт, энергетика ва бошқа соҳаларда бир қатор муҳим сармоявий ва гуманитар лойиҳалар амалга оширилмоқда. «Бир миллион ўзбек дастурчилари» лойиҳасининг бошланиши ҳам ахборот технологиялар ва дастурлаш соҳасидаги қўшма ташаббусларимизнинг муҳим мантиқий давомидир.
Бугунги кунда замонавий Ўзбекистоннинг энг муҳим бойлиги бу – инсон ресурсларидир. Аҳолимизнинг 60 фоизидан ортиғини 29 ёшдан ошмайдиган ёшлар ташкил этади. Шу сабабли ёшларга оид давлат сиёсатида ўғил ва қизларимизнинг жамиятдаги мавқейини мустаҳкамлаш, истиқболли касбларни эгаллаши биз учун ўта муҳимдир. Бу – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган ёшларни тарбиялаш ва таълим олиши учун шарт-шароитлар яратишга қаратилган бешта ташаббусни амалга ошириш бўйича давлат дастурида акс этган», – дея таъкидлади Арипов.
Тадбир доирасида Тошкент шаҳридаги Инҳа университети дастурчиларининг кўргазмаси ҳам ташкил этилди.
«Бир миллион ўзбек дастурчиси» (One Million Uzbek Coders) лойиҳаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги, «Dubay Future Foundation» жамғармаси, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети, АТ-академияси ва Муҳаммад Ал-Хоразмий номидаги АТ-мактаби ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.
Лойиҳа ихтисослаштирилган онлайн портал орқали аҳолига бепул масофавий таълим олиш имкониятини беради. Барча хоҳловчилар лойиҳа ишга туширилиши биланоқ иштирок этиш учун ариза топшириши мумкин. Дастурнинг асосий мақсади – рақамли технологиялар бўйича мутахассислар авлодини тайёрлаш ва дастурлаш бўйича уларга керакли билим ва кўникмаларни беришдир.
Биринчи босқичда лойиҳа глобал меҳнат бозорида талаб юқори бўлган 4та мутахассисликни ўз ичига олади: маълумотларни таҳлил қилиш, Android ишланмалар, FrontEnd ишланма ҳамда FullStack ишланма. Умумий курс 120 соатлик таълим учун мўлжалланган. Ҳар бир босқич якунида иштирокчилар лаборатория ишларини тайёрлашади ва шундан сўнг уларга махсус сертификатлар топширилади.
Курсни муваффақиятли тамомлаган битирувчилар грантларни қўлга киритиш учун ўз билимларини синовдан ўтказа олишади ва Udacity платформасидаги юздан ортиқ Nanodegree дастурларининг бирида ўқишни давом эттиришлари мумкин. Бунинг учун номзод якуний имтиҳонни муваффақиятли топшириши ва энг юқори балл тўплаган 150 талаба рўйхатига кириши керак.
Таъкидлаш жоиз, Nanodegree дипломлари Google, AT&T, Autodesk, Salesforce ва бошқа кўплаб АТ гигантлари томонидан тан олинади.
Айтиш лозимки, биринчи маротаба дастурчиларни масофавий ўқитиш лойиҳаси Бирлашган Араб Амирликларида «One Million Arab Coders» номи билан старт олган. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил март ойида БААга расмий ташрифи доирасида бир қатор соҳаларда, шу жумладан, ахборот технологиялари соҳасида ҳам ҳамкорлик келишувига эришилган эди.
Амирликлар ҳукумати лойиҳани Ўзбекистонга экспорт қилиш имкониятларини ўрганиб, концепцияни мамлакат шаротига мослаштириш режасини ишлаб чиқди ва «One Million Uzbek Coders» деб номланган лойиҳани йўлга қўйди.
Мавзуга оид
08:11 / 19.12.2024
Абдулла Арипов Одилбек Қосималиевни Қирғизистон бош вазири этиб тасдиқлангани билан табриклади
07:09 / 14.12.2024
Абдулла Арипов ЕОИИ ҳукумат раҳбарлари кенгаши мажлисида қатнашди
21:12 / 12.12.2024
МДҲ давлатлари ҳаво ҳужумидан мудофаа бирлашган тизимини яратади
16:00 / 23.11.2024