Спорт | 11:35 / 24.11.2019
9500
2 дақиқада ўқилади

Деонтей Уайлдер чемпионлик камарини ҳимоя қилди

Фото: AP Photo/John Locher

Америкалик боксчи Деонтей Уайлдер кубалик Луис Ортисга қарши иккинчи жангида ҳам ғалаба қозониб, оғир вазндаги WBC чемпионлик камарини ҳимоя қила олди. Америкалик 7-раундда рақибини нокаутга учратиб, муддатдан аввал ғалабага эришди.

Ушбу боксчилар ўртасидаги биринчи жанг 2018 йил мартда бўлиб ўтганди ва ўшанда Уайлдер 9-раундда техник нокаут билан ғалаба қозонганди. Кейинроқ 40 ёшли Ортис ўша жангдан тўғри хулосалар чиқариб, 34 ёшли Уайлдердан реванш олишга ваъда берганди.

Жорий жангда Уайлдер очиқча жангга киришмасликка қарор қилган, Ортис эса жанг давомида тобора фаоллашиб борган. Америкалик жангни бир зарба билан якунлаш имконини кутаётгандек кўриниб, охир-оқибат 7-раунд сўнгида рақибини доғда қолдиришга муваффақ бўлди. Кубалик зарбадан рингга қулаб, белгиланган сониялар ичида ўрнидан туролмагач, жанг якун топди.  

Уайлдер чемпионликни ўзида сақлаб қолган ва энди 2020 йил 22 февралга белгиланган кейинги жангида британиялик Тайсон Фьюрига тўқнаш келади.

 

Мавзуга оид