Спорт | 15:30 / 25.11.2019
15543
10 дақиқада ўқилади

Ҳафта қаҳрамони: Габиголнинг қайтиши

Дам олиш кунлари Европада бир қатор қизиқарли ва драматик ўйинлардан ташқари, Жанубий Америкада йилнинг энг муҳим ўйини бўлиб ўтди. Либертадорес Кубоги (қитъанинг Чемпионлар Лигаси) финалида Бразилиянинг «Фламенго» ва Аргентинанинг «Ривер Плейт» клублари тўқнаш келди. Ўйин сценарийси эса 1999 йилги «Камп Ноу» финалини эслатиб юборди. Ўйиннинг 15-дақиқасида аргентиналиклар ҳисобда олдинга чиқиб олган бўлишса, 89 ва 90-дақиқаларда «Фламенго» икки гол уриб ғалабани илиб кетди ва 38 йиллик танаффусдан сўнг яна бир бор қитъанинг энг асосий совринини эга чиқди. Қуйидаги ҳикоямиз эса ўйин қаҳрамони ва унинг Европадаги муваффақиятсиз саргузаштлари ҳақида. 

«Фламенго»нинг Либертадорес Кубогидаги ғалабаси – тарихий воқеа. Жамоа бу совринни сўнгги 38 йилда биринчи марта ютиб олди. Ҳозирда «Фламенго»да барча мусобақаларда ғолибликка курашиш учун ҳаммаси бор – Филипе Луис, Рафинья, Диего, Витиньо каби тажрибали футболчилар, шунингдек кўп йиллар «Бенфика» ва «Спортинг»да муваффақиятли ишлаган португалиялик мутахассис Жоржи Жезуш.

Финал олдидан бразилияликларнинг имкониятини ошириб юборган яна бир омил эса жамоа таркибида Габриел Барбоза, ҳамма учун Габигол лақаби билан машҳур бўлган ҳужумчи тўп сурди. Ўз вақтида Европада муваффақиятсизликка учраган, аммо ўз ватанида яна фаолиятини тиклаб, эски даражасига қайтаётган футболчи.

2017 йилнинг ёзида «Интер» Роберто Манчини билан хайрлашди ва нидерландиялик мутахассис Франк Де Бурни бош мураббий этиб тайинлади. Де Бур илк матбуот анжуманларидаёқ, энг муҳим жиҳатларни тилга ола бошлади:

- «Интер»да жуда кўп ёш иқтидорлар бор. Вазифам – яқин келажакда уларнинг асосий таркиб аъзоларига айланишига ёрдам бериш. Келажакда «Интер»ни юқори даражаларга олиб чиқа оладиган ёш футболчиларни топиш. 

«Интер»нинг ўша ёздаги трансфер сиёсати Де Бурнинг сўзларини тасдиқлайди. Ўша пайтда 23 ёшда бўлган Жоао Мариу трансфери учун 40 миллион тўланди. Жанлука Капрари (22 ёш) 8,25 миллион, Додо (24) 7,8 миллион ва 22 ёшли Брозович 5 миллион евро эвазига олиб келинди. Улар билан бирга Манай, Камара, Кризетиг, Димарко, Ньюкури каби ёшлар ҳам таркибга қўшилди. Мана шундай ёшартириш сиёсатининг бир қисми ўлароқ «Интер» Габриел Барбозани сотиб олганди. Бразилиялик ҳужумчи учун «нерадзурри» ўшанда 30 миллион евро сарфлаганди.  

Қизиғи, бутун бу армиядан кейинчалик фақат Брозович ўйнаб кетди ва ҳозир ҳам асосий таркиб футболчиси саналади. Габигол эса «Интер»нинг ўша муваффақиятсиз трансфер сиёсати рамзига айланди.

У вақтларда Габигол катта истеъдод саналар, Европанинг жуда кўп топ-клублари, жумладан, «Манчестер Юнайтед», «Севилья», «Боруссия», «Лион» каби клублар ҳам жиддий ҳаракат қилиб кўришганди. Аммо «Интер» бу рақобатни ютиб чиқди – биринчидан, ҳеч ким бермаган 30 миллион еврони тўлай олди, иккинчидан, «Сантос» академияси мураббийи Жуниор шогирди Габиголга Италия вариантини маслаҳат берди.

Габигол биринчи кунданоқ «Интер»ни ҳайрон қолдиришга киришди. Аввалига, Миланга келгач, клуб базасига бориш учун клуб жўнатган машинани рад этиб, ўзи ижарага олган машинада боришни ихтиёр этди. Кейин эса шартнома имзоланиши билан Габиголнинг шахсий стилисти, хавфсизлик хизмати ҳамда физиотерапевти клубга ташриф буюрди. Физиотерапевт клубдагилардан футболчининг соғлиги, ҳолати ҳақида маълумот сўрайвериб, безор қилиб юборарди.

Шу пайтгача, Габигол билан ишлаган ҳамма – «Сантос» мураббийлари, Бразилия ёшлар терма жамоасида ишлаган мутахассислар, функционерлар, унинг агенти Вагнер Рибейро (Европага Кака, Робиньо, Неймар каби юлдузларни олиб келган) ва бошқалар унинг юксак истеъдод соҳиби эканини айтишади, аммо у «Интер» келгач у ҳақда бошқачароқ хулоса пайдо бўла бошлади.

Де Бур жамоанинг асосий қуроли Икардидан воз кеча олмасди, майдонда у Габиголдан кўра ишончлироқ ва фойдалироқ кўринарди. Натижада Де Бур Габриелга ўнг қанотда ўйнашни таклиф қилди. Ҳужумчига эса бу ёқмади. Кейинги бош мураббий Пиоли футболчини бутунлай қанот ҳужумчисига айлантиришга уринганда, ўртада зиддият пайдо бўлди. Мураббий Барбозани машғулотларда бор кучини сарфламасликда айблаган бўлса, футболчи бу мураббий билан «Интер» энг ёмон ўйинини кўрсатаётгани, бу кетишда жамоанинг келажаги йўқлигини айта бошлади.

Пиоли даврида Габигол бутунлай захирага михланиб қолди. А Серияда у 23 ўйинга заявка қилинди ва атиги 9 ўйинда майдонга тушди. Ҳаммаси бўлиб, 111 дақиқа футбол ва Габигол асосан футбол атрофидаги мавзуларда ўзини кўрсатди.

У доимий равишда машғулотларга кеч қоларди. Шу туфайли бир неча бор «Интер» директорлари у билан жиддий гаплашишларига тўғри келди.

Ўйиндан олдин тунги клубда вақт ўтказгани маълум бўлиб, 10 минг евро жаримага тортилди.

«Сампдория» билан ўйинда майдонга туширилмагач эса ҳаддидан ошди, чигалёзди машғулотлар ҳудудини тарк этар экан, сувли бутилкани тепиб юборди, Пиоли билан жанжаллашди.

2017/18 йилги мавсумда у Италиянинг энг ёмон футболчиси деб топилди.

Габигол Пиолидан кейин «Интер»ни вақтинча бошқарган Стефано Векки билан ҳам чиқиша олмади. «Лацио»га қарши ўйиннинг сўнгги дақиқаларида захирадан майдонга тушишни истамади. Векки уни барибир чигалёзди қилиш учун жўнатмоқчи бўлганда эса, Габигол нарсаларини йиғиштириб, кийим алмаштириш хонасига кетиб қолди.

Ўз навбатида агент ҳам тинч турмади.

«Мен доимий равишда Габигол билан алоқадаман. Уни таҳқирлашни тўхтатишлари керак. Нега у майдонга тушмаяпти? Менимча, «Интер»да ҳам бунга аниқ жавоб бера олишмайди. Бразилиядан энди келганида, у формада эмаслигини айтишганди, аммо ҳозирчи? Ҳақиқат шундаки, унга ҳатто имконият ҳам беришмаяпти», – деди Вагнер Рибейро.

Хуллас, «Интер»даги бир мавсумдан сўнг, Габигол ижараларда юра бошлади. Аввал «Бенфика». У ерда ҳам ҳужумчи ўйнаб кетмади, лекин яна қизиқ ҳодисалар билан ёдда қолди. Машғулотлардан бирида Жардел билан уришиб кетди, орадан бир неча вақт ўтгач эса, Руи Витория уни Габигол деб аташни тақиқлади. Бундай лақабларга ўз вақтида Батигол номи билан машҳур бўлган Габриел Батистута каби футболчилар мос келади, зинҳор Габриел Барбоза эмас.

Португалиядан сўнг Бразилияга қайтган футболчи «Сантос» сафида ўйнади, 35 ўйинда 19 гол урди.

Ҳозир – «Фламенго», Габигол - бу ерда Бразилия чемпионатининг энг яхши тўпурари, Либертадорес Кубоги финалининг асосий қаҳрамони.

Бразилияда у футболга бўлган муносабатини ўзгартирди, тунги клубларда юришни бас қилди, ўз спорт формасига жиддий қарай бошлади. У Жорже Жезушни фаолиятидаги энг муҳим инсонлардан бири деб ҳисоблайди. «Фламенго»га келгач, Габигол ва Жезуш ўртасида жиддий суҳбат бўлиб ўтган, ўшанда мураббий бўлиб ўтган воқеалар умуман аҳамиятсиз экани, Габиголдан юқори савиядаги ўйин ҳамда тўғри муносабат кутишини таъкидлаганди.

Габигол нафақат футболдаги машғулотларга, балки ташқи кўринишига, формасига ҳам жиддий қарай бошлади. Диетолог билан боғланиб, танадаги ёқ миқдорини камайтириш борасида дастур ишлаб чиқилди. Ширинлик ва алкоголдан воз кечди, уйқу режимини йўлга қўйди – энди у камида 9-10 соат ухлашни одат қилди. Буларнинг ҳаммаси ўзининг 77 кг оғирлигини сақлаган ҳолда, ёғ нисбатини 13,9 фоиздан 9 фоизга туширди.

У энди «Фламенго»нинг бугунги кундаги асосий юлдузи. Клуб таркибида 38 ўйинда майдонга тушиб, 31 гол урди, 10 марта шерикларига голли узатма амалга оширди. Шунингдек, Либертадорес Кубогидаги ғалаба. Бу ерда ҳам қизиқ воқеа бўлди – «Ривер Плейт»га қарши ўйиннинг сўнгги беш дақиқасида у аввалига ҳисобни тенглаштирди, кейин ғалаба голини урди, голни Лео Месси услубида нишонлаб, ҳакам томонидан огоҳлантирилди. Бу ўйиндаги иккинчи карточка бўлгани учун майдондан четлатилди.

Габиголни энди яна Ла Лига ва АПЛ клублари кузата бошлади.

«Мен «Фламенго»да бахтлиман. Албатта, бошқа клублар томонидан эътиборда бўлишим мени хурсанд қилади. Аммо мен «Интер»га қайтмоқчиман ва у ерда ғалаба қозонмоқчиман. Бу менинг орзуим», – дейди Габриел Барбоза.

Миландан ташқаридаги икки ярим йил давомида у бирор марта ҳам «Интер» ҳақида ёмон гап айтмади. У Италияга қайтиш учун қўлидан барча ишни қилмоқда.

Интернет материаллари асосида тайёрланди

Мавзуга оид