Жамият | 19:10 / 27.11.2019
14982
3 дақиқада ўқилади

Гулистон шаҳрида 420та оилага янги уйлар топширилди

Сирдарё вилоятида эҳтиёжманд оилалар учун кўп квартирали арзон уйлар қуриб фойдаланишга топширилмоқда. Гулистон шаҳрида яна 420та оила ўз уйига эга бўлди.

«Давлат раҳбарининг 2016 йил 22 ноябрдаги «2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп қаватли уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2660 ва 2017 йил 23 октябрдаги «2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастурини самарали амалга ошириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-3350 Қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида ҳудудларда  эҳтиёжманд оилалар учун кўп квартирали арзон уйлар қуриб фойдаланишга топширилмоқда.

Бугун «Ўзшаҳар қурилиш инвест» инжиниринг компанияси томонидан Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрида бунёд этилган 10та 7 қаватли замонавий тураржойлар ўз эгаларига топширилди», деб хабар бермоқда компания матбуот хизмати.

Жами 420та хонадондан иборат арзон уйлар шаҳар ҳокимлиги томонидан бириктирилган эҳтиёжманд оилаларга 20 йиллик имтиёзли кредит асосида берилди. 

«Тантанали тадбирда оғир турмуш шароитида яшовчи, ногиронлиги бор ҳамда боқувчисини йўқотган хонадон соҳибларига янги уйларнинг калитлари топширилди. Сўзга чиққан нуронийлар бугунги янгиланиш ва бўлаётган ислоҳотларга шукроналик айтишди. Қурилишга фаоллик кўрсатган барча қурувчиларни улкан муваффақият билан муборакбод этди. Янги хонадонларнинг соҳиблари улкан қувонч ва кўз ёшлар ила хурсандчиликларини ифода этишди.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, 2017 йилда «Ўзшаҳар қурилиш инвес» инжиниринг компанияси томонидан 2017 йилда Гулистон шаҳрида 5та 5 қаватли 225 хонадонли уйлар қуриб фойдаланишга топширилган. 2018 йилги дастур бўйича замонавий лойиҳалар асосида Гулистон шаҳрида 8та 5 қаватли 360 хонадонли, вилоятнинг Янгиер шаҳрида эса 2та 5 қаватли 90 хонадонли уйлар қуриб фойдаланишга топширилган.  

Сўнгги 3 йилда биргина «Ўзшаҳар қурилиш инвест» инжиниринг компанияси томонидан Сирдарё вилоятида олиб борилган бунёдкорлик ишлари натижасида 1095та эҳтиёжманд оила ўз уйига эга бўлди. Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда бугунги кунда амалга оширилаётган кенг қурилиш-бунёдкорлик ишлари натижасида одамларнинг ҳаёти яхшиланиб, келажакка умид ҳисси янада кучаймоқда», дейилади хабарда.

Мавзуга оид