Жамият | 10:24 / 27.11.2019
7445
5 дақиқада ўқилади

Туризм ва таълим бирлашганда

Маданиятлар, илм-фан чорраҳасида жойлашган Самарқанд шаҳри яна бир муҳим воқеага гувоҳ бўлди. Қисқа фурсат ичида Ўзбекистон олий таълим соҳасида улкан ўзгаришлар қилишга муяссар бўлган «Ипак йўли» туризм халқаро университети ўз мақомини яна бир бор исботлади.

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва «Ипак йўли» туризм халқаро университети ҳамкорлигида 25 ноябрь куни Самарқанд шаҳрида «Туризм ва таълим: ўзаро ҳамкорлик ва тараққиёт йўллари» халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Конференцияда дунёнинг кўплаб давлатларидан, жумладан, Сингапур, Мўғулистон, Босния ва Герцеговина, Покистон, Португалия, Жанубий Корея, Қозоғистон, Россия, Саудия Арабистони, Қувайт, Польша, Қирғизистондан ташриф буюрган туризм ва меҳмондўстлик соҳасидаги илғор мутахассис ва олимлар иштирок этишди.

Конференция ўз олдига Ўзбекистоннинг туризм соҳасида кадрлар тайёрлаш ва малакасини оширишнинг ягона кўп босқичли тизимини шакллантириш бўйича илмий-услубий ва амалий тавсиялар алмашиш учун халқаро платформа яратиш, шунингдек, мазкур вазифаларни ҳал этишда таълим ва бизнес ҳамкорлигининг механизмларини такомиллаштириш бўйича илмий-амалий тавсиялар ишлаб чиқишни мақсад қилиб қўйганди.

Нуфузли илмий анжуман  доирасида «Ипак йўли» туризм халқаро университети  ва Кореянинг «Кёнг Хэ» университети билан ўзаро хамкорлик шартномаси, Қозоғистоннинг Мирас университети билан икки томонлама «Double degree»  қўшма дастури меморандумини имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Шунингдек, Сингапурнинг Туризм маркази билан «Central Asia and South East Asia Tourism Center» (Марказий Осиё ва жануби-шарқий Осиё халқаро туризм тадқиқот маркази)нинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Марказнинг бош мақсади - Марказий Осиё давлатларининг сайёҳлик брендларини Жанубий-Шарқий Осиё мамлакатларида илгари суриш ва улардан ташриф буюрадиган хорижий сайёҳлар сонини ошириш ҳамда Марказий Осиё давлатларида жануби-шарқий Осиё мамлакатларининг туризм салоҳиятини тарғибот қилишдан иборатдир.

Жануби-шарқий Осиё мамлакатларининг кўп сонли аҳолиси учун Марказий Осиё қулай туризм маскани ҳисобланади. Айниқса, Хитой, Индонезия, Филлипин каби давлатлардан ташриф буюрадиган сайёҳлар сонининг ошиши Марказий Осиё мамлакатларида янги иш ўринлари сонини кўпайтирибгина қолмай, балки аҳоли даромадининг салмоқли даражада ошишига ҳамда туризмда халқаро интеграциянинг янада кучайишига олиб келади.

Марказ Марказий Осиё ва Жанубий-Шарқий Осиё мамлакатларида туризм соҳасидаги долзарб масалаларни муҳокама қилиш бўйича халқаро ҳамкорликни кучайтириш мақсадида илмий-назарий ва услубий масалаларга бағишланган турли конференциялар, симпозиумлар, кўргазмалар ва илмий маърузалар, семинар-тренинглар, танловлар ва бошқа тадбирларни ташкил этади.

Шунингдек, туризм соҳасида фаолият олиб бораётган етакчи олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот марказлари ўртасида илмий – тадқиқот ишларини ҳамкорликда амалга ошириш бўйича кўприк вазифасини ўтайди.

Марказ очилиш маросими якунида «Ипак йўли» туризм халқаро университети талабалари томонидан ишлаб чиқилган «Оқтош дам олиш маскани», «Eat Out», «Shock Gallery», «Caravan festival», «Виртуал экскурсия»,  «New and Modern tour package», «Mobile илова», «Tea Khana» - «Start up» лойиҳалари ғолиблари Жанубий Корея давлати  Global Business Alliance (GBA) ташкилоти ҳомийлигида пул сертификатлари билан мукофотланди.

Конференциянинг давоми сифатида «Ипак йўли» туризм халқаро университетида «Халқаро мастер-класс» ҳафталиги эълон қилинди. Ушбу маҳорат дарслари анжуманга ташриф буюрган жаҳон стандартлари даражасидаги хорижлик етук олим ва мутахассислар томонидан ўтказилади.

Самарқанд шаҳрини жаҳон туризмининг илғор марказларидан бири эканлигини инобатга оладиган бўлсак, «Ипак йўли» университети келгусида етиштирадиган профессионал кадрларнинг мамлакатимиз илмий салоҳиятидаги ўрни беқиёс бўлажак.

Бугунги халқаро конференция «Ипак йўли» университетининг жаҳон стандартлари, илм-фани сари илдам бораётганининг яна бир ёрқин исботи бўлиб, туризм ва таълим ўртасидаги кўприкни мустаҳкамлаш, истиқболли режаларни амалга ошириш учун майдон бўлиб хизмат қилгусидир. 

«Ипак йўли» халқаро туризм университети
фаолиятини илгари суриш бўлими

Мавзуга оид