Ўзбекистон | 15:38 / 02.12.2019
31260
3 дақиқада ўқилади

Бобур Парпиев: «Хорижий ҳамкорлар билан финтех инструментлари бўйича музокаралар ўтказяпмиз»

Фото: KUN.UZ

 Лондонда ўтган UzInvest форумида Ўзбекистон ҳукумати расмийлари ва халқаро ташкилотлар экспертлари, шунингдек кўплаб маҳаллий ва хорижий бизнесменлар иштирок этди.

 «Glaziers Hall»да ўтган анжуман давомида Kun.uz мухбири «Orient Finans Bank» бошқарув раиси Бобур Парпиев билан суҳбатда бўлди.

 «Форумда банк соҳаси юзасидан алоҳида муҳокамалар бўлиб ўтди. Унда ўтган уч йилда Ўзбекистондаги банкларнинг қандай ривожлангани, қанақа имкониятлар яратилгани ва олдимизда турган қийинчиликларни муҳокама қилдик. Форум иштирокчилари аввало бир жиҳатга эътибор қаратишди, яъни банк соҳаси – иқтисодиётнинг локомотиви ҳисобланади. Иқтисодиёт ривожида банкларнинг алоҳида ўз ўрни бор.

 Форум давомида кўплаб хорижий ҳамкорлар билан суҳбатда бўлдик. Хориж компаниялари вакиллари Ўзбекистонга инвестиция киритишга қизиқиш билдиришаётганини айтишди. Олдимизга қўйган мақсадлардан биринчиси ҳам хорижий ҳамкорлар билан узоқ муддатли ва арзон кредит линияларини жалб қилишдир.

Бобур Парпиев Швейцариянинг "Temenos" компанияси лойиҳа бошқарувчиси Жон Шлезингер билан.

 Бундан ташқари, хорижлик ҳамкорлар билан банк соҳасидаги янги финтех инструментларни жорий этиш бўйича музокаралар олиб боряпмиз. Булар ҳақида оммавий ахборот воситалари орқали албатта маълум қиламиз», – дейди Парпиев.

OFB раҳбари мижозларга масофадан туриб банк хизматларини кўрсатиш сифатини яхшилаш устида иш олиб борилаётгани, жумладан банкнинг янги мобил иловаси йил охиригача тайёр бўлишини маълум қилди.

 Маълумот учун, Orient Finans Bank ХАТБ – Ўзбекистондаги энг йирик хусусий банклардан. 2010 йилда фаолият бошлаган банк бугунга келиб 8 247та корпоратив ва 300 мингга яқин хусусий мижозларга хизмат кўрсатади. Шу йил ноябрь ойида S&P Global Ratings OFB`нинг узоқ муддатли рейтингини «B-»дан «B»га оширди; «ижобий» рейтингнинг ўзгариши прогнози билан қисқа муддатли рейтингни «B» босқичида тасдиқлади.

Мавзуга оид