Жамият | 10:20 / 06.12.2019
14769
3 дақиқада ўқилади

Қоракўл туманида «Ҳосил байрами» тантанали нишонланди

Қоракўл тумани меҳнаткашларининг 2019 йилги қишлоқ хўжалик мавсумининг муваффақиятли якунларига бағишланган анъанавий «Ҳосил байрами» тадбирлари ўтказилди.

Байрам туман марказида жойлашган баланд кенглик ҳудудида халқ сайли сифатида ташкил этилди.

Мавсум илғорларини тақдирлашга бағишланган тантанали маросимда республикадан ташриф буюрган фахрий меҳмон, Ўзбекистон Республикаси президентининг Фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш масалалари бўйича Давлат маслаҳатчиси, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазири, генерал-лейтенант  Турсинхон Айдарович Худойбергенов ҳам иштирок этди.

Тадбирда Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноев сўзга чиқиб, иштирокчиларни вилоят миқёсидаги пахта терими етакчилиги билан табриклаб, деҳқон ва фермерлар, уларга ёрдам берган корхона ва ташкилотлар, туманнинг барча меҳнаткашларига миннатдорчилик билдирди. Президентнинг қурилиш ва ободонлаштириш соҳаларидаги Қоракўл туманига берилаётган улкан эътибори вилоят ҳокими томонидан яна бир бор таъкидланди.

Жорий йилги мавсумда юқори кўрсаткичларга эришган ҳамда туман пахта хирмонига салмоқли ҳисса қўшган барча ҳудудлар, корхона ва ташкилотлар, агрофирмалар, илғор фермерлар туман ҳокими Ҳ.Ғойировдан қимматбаҳо совғаларни қабул қилиб олишди. Умуман, мавсумда фаол иштирок этган, туман қишлоқ хўжалиги соҳаси ривожига ҳисса қўшган ҳар бир инсон, ҳар бир жамоа муносиб рағбатлантирилди.

«Туманимизнинг ҳар бир ҳудуди учун ажратилган майдондаги павильонларда аҳоли учун ҳаммаси бўлиб 50 тоннадан ортиқ миллий таомлар тайёрланиб, уларнинг дастурхонига тортиқ қилинди. Мос ва хос бўлган, бир-бирини асло такрорламайдиган миллий халқ ўйинлари, фольклор жамоаларининг бадиий чиқишлари ташкил этилди.

Кураш мусобоқалари вилоят ҳокими, вилоят кураш федерацияси раҳбари Ўктам Барноев томонидан очиб берилди. Ўзбек миллий кураши бўйича ташкил қилинган мусобақаларда вилоят полвонлари, Марказий Осиё ва юртимизнинг бошқа ҳудудларидан келган маҳоратли курашчи йигитлар иштирок этишди. Шунингдек, майдонга йиғилганлар кун давомида қўчқор жангларига ҳам гувоҳ бўлишди.

«Ҳосил байрами» тадбирида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъаткорлар Лола Аҳмедова, Юлдуз Турдиева, Ирода Искандарова, «Шуҳрат» медали соҳибаси Ширин Маматова, «Ниҳол» мукофоти совриндори Юлдуз Низомова каби қўшиқчилар томонидан намойиш этилган концерт дастури, ёш ижодкорлар томонидан ижро этилган бадиий чиқишлар қатнашчиларига хуш кайфият, кўтаринки руҳ бағишлади», дейилади Қоракўл туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабарида.

Мавзуга оид