«Генетик таҳлил ўзбек халқи тарихига янгича қараш» — йил олимаси Дилбар Долимова билан суҳбат
Бундан бир неча кун аввал Scopus статистикаси бўйича йил давомида самарали фаолият кўрсатаётган ўзбекистонлик етакчи олимлар «Scopus award - 2019» мукофоти билан тақдирланган эди. Kun.uz таҳририяти ушбу маросимда «Women in Science» мукофотига лойиқ кўрилган олима, Биология фанлари номзоди, катта илмий ходим Дилбар Долимова билан суҳбат уюштирди.
Дилбар Долимова Инновацион ривожланиш вазирлиги қошидаги Илғор технологиялар маркази биотехнология лаборатория мудири ҳисобланади. Суҳбат давомида олима илмий фаолияти, эътирофга сазовор бўлган тадқиқот ишлари, шунингдек, илм-фан йўлида қилинаётган яхши ўзгаришлар билан бир қаторда, баъзи нуқсон ва камчиликлар ҳақида ҳам айтиб ўтди.
— Нуфузли мукофот билан тақдирланишингизга олиб келган тадқиқотингиз нима ҳақда бўлди?
— Бу олган мукофотим бир неча йилдан бери олиб бораётган илмий тадқиқотимиз натижаси ҳисобланади. Бунинг натижаси ўлароқ, Турдиқулова Шаҳло билан биргаликда жуда юқори рейтингга эга бўлган Nature каби илмий журналларда мақолалар эълон қилдик.
2009 йилда бошланган бу иш кўп йиллик меҳнат самараси бўлди. Бу катта масштабдаги лойиҳа десам бўлади. Яъни, дунё бўйлаб 40га яқин давлатда одамларнинг қон анализи орқали генетик шажараси ўрганилди. Масалан, Украина, Беларусь, Грузия ва ҳоказо.
Тарихдан биламизки, ҳудудимиз орқали қадимда Буюк ипак йўли ўтган, қолаверса, уруш ва босқинлар кўп бўлган. Табиийки, шунинг ҳисобига халқимиз қонида кўп аралашув бўлган. Биз лойиҳа доирасида ўзбекларни ва Ўзбекистонда яшайдиган туркманларни ўргандик ҳамда таҳлил қилдик. Қаердан қаерга қараб генетик хилма-хиллик кўчган, биз кимга яқинроқмиз ёки узоқмиз — шу каби саволларга жавоб топишга ҳаракат қилдик.
— Тадқиқотда эксперимент сифатидаги иштирокчиларни қандай танлаб олгансиз?
— Биз тадқиқот учун биологик материал – қон йиғдик. Албатта, бу уларнинг розилиги ва анкета тўлиши билан амалга ошди. Ҳозирча фақат Тошкентда яшайдиган, миллати ўзбек бўлган эркаклардан қон йиғилди. Чунки «у» хромосома орқали анализ таҳлил қилинди. Бундан ташқари, уларнинг учта авлоди ўзбек бўлиши керак эди. Шундан ДНК ажратилиб генетик таҳлил қилинди.
Биз бошқа ҳудудларни олишга имконимиз бўлмади, юқорида айтдим, бу жуда мураккаб анализ. Албатта, ниятимиз борки, кейинчалик бошқа вилоятлардан ҳам намуналар йиғиб тадқиқотни давом эттирамиз.
— Тадқиқотнинг натижаси қандай бўлди? Қизиқарли фактларга дуч келиндими?
— Натижалар қизиқ, баъзилар тарихини: қаердан келгани, қайси оиладан келиб чиққани ҳақида ҳам айтиб берди. Лекин бу ҳар доим ҳам тўғри бўлиб чиқмади. Таҳлилларда Сибирдан келиб чиққан изларни ҳам кўрдик. Қадимда мўғуллар Марказий Осиёни босиб олган ва шунинг излари албатта қолган. Олтой томондан келиб чиқиш излари ҳам топилган.
— Ўзбек халқи 92 уруғдан иборат. Тадқиқотда шу нарсага ҳам эътибор берилдими?
— Тўғри, шунақа дейишади, ўзбеклар 92 уруғ экани айтилади. Лекин биз тадқиқотимизда, қўпол айтганда, кластерга бўлдик. Кластерларда келиб чиқишига, қанақа қон аралашганига, географик жойлашишига эътибор қаратилди.
Таҳлил қилаётганимизда, «у» хромосома анализидан билиш мумкинки, экспериментдаги одамнинг авлодларида қандай аралашувлар бўлганини, миграция йўлларини аниқладик.
— Бу иш келажакда яна давом этадими?
— Албатта, буни давом эттиришга ҳаракат қиламиз. Чунки буни бизнинг тарихимизга, келиб чиқишимизга янги кўз билан қараш деб айтиш мумкин. Ҳозирнинг ўзида жуда кўплаб хоҳловчилар бор. Бу ҳақда эшитган одамлар қизиқиш билдириши табиий. Ўзининг келиб чиқиши ҳаммага қизиқ бўлса керак.
— Ўзингизни бундан ҳам самарали ишлашим мумкин деб ҳисоблайсизми? Сизнингча, қандай чекловлар бор?
— Илмий ходимлар, менимча бундан ҳам самарали ишлаши мумкин. Ҳозирги кунда эътибор бошқача: масалан, ойликлар ошган, ёш олимларга кенг имкониятлар очилган, Инновацион ривожланиш вазирлиги қошидаги фонд орқали стажировкага бориши мумкин ёки илмий ишини четда давом эттириши мумкин.
Лекин бошқа томондан, яқинда Хитойга бориб келдик ва ҳавас қилган тарафим - лабораторияда ҳеч қандай муаммо йўқ. Керакли моддалар ёки реактивларнинг ҳаммаси бор. Яъни, ишласанг бўлди. Хоҳласанг эрталаб ишлайсан, хоҳласанг — кечаси.
Менимча, илмий тадқиқот институтларига, илмий марказларга, ОТМга бошқача муносабат қилиниши керак.
Дейлик, бугун битта модда тамом бўлса буюртмасини ёзади, икки кунда шу нарса лабораториясига келади ва иш давом этади. Бизнинг ишда экспериментлар тўхтаб-тўхтаб қилинса, иш натижадорлиги пасаяди.
Яхши ниятлар билан биржани ташкил этишган, лекин бу кутилганидек ишламайди. Биз лаборатория учун бирор нарса оладиган бўлсак, камида, икки ой вақт кетади. Бундан ташқари, марказимизда замонавий приборлар, масалан, генетиклар ишлатадиган сиквенатор бор. Шу аппарат жуда катта аниқликда ишлайдиган компьютерни талаб этади. Биз уни буюртма қиладиган бўлсак, бизга гўёки тавсия келадики, бу жуда қиммат, бошқачасини олсанглар бўлади. Мен учун бундай гап-сўзлар ортиқча ва эриш нарсалар. Нима учун мен уларга шу даражадаги компьютер лозимлигини тушунтириб беришим керак?! Бу суперкомпьютер эмас, компьютер, лекин кучлироғи.
Ёки яна бир мисол, лабораторияда пипетманлар ишлатамиз. Уларнинг ҳам ҳар хили бўлади. Лабораторияда ишлайдиган ходимларим билади қайсиси биз ишлатишимизга яхшироқ. Бу ерда гап қимматини оламан деган маънода эмас, бу тадқиқот натижаси сифатли чиқишига таъсир қилади.
Албатта, шу каби тўсиқлар ижобий ҳал этилса, ёшларимиз яна-да иштаҳа билан ишлашарди.
— Лабораторияга ёшларни қандай принциплар асосида шогирдликка танлаб оласиз?
— Биринчи принципим десам ҳам бўлади, ходимларни асосан ёшлардан оламиз. Негаки, ёшларнинг дунёқараши, интернет орқали турли базалар билан информация билан ишлаши бошқача. Иккинчидан, ходимлар лабораторияга танлаб олинади. Қайси маънодаки, унинг диплом иловасидаги юқори баҳолар қизиқ эмас, муҳими ишлашни, ўрганишни хоҳласа, «кўзи ёниб турса» бўлди. ОТМлар бўйича чекловлар ҳам йўқ: у Миллий университет талабасими, Тиббиёт академиясими, Аграрми, Кимё-технологиями — фарқи йўқ.
Лекин шу ўринда бир нарсани айтиб ўтишим керак, бизда ҳозир олий таълим қониқтирадиган даражада эмас. Талабалар билан кўп ишлайман, жуда иқтидорлилари анча. Афсуски, ОТМга киришдан бошлаб, битиргунча қийинчилик билан ўтади. Сабабларидан бири профессор-ўқитувчилар аксари эски замонда қолиб кетган. Методлари ҳам эски, янги ускуна олинганда ҳам ишлашни билишмайди. Лекциялар ҳам олдинги, янгилик йўқ. Максимум проекторни қўйиб маъруза ўтади, гўёки энг зўри шу.
Лекин Германия, Дания ва бошқа чет давлатларга чиқиб келаётган ёшлар кейин уларга ишонадими? Биз интиладиган нарса жуда кўп ва таълим тизимимиз энг ночори бўлса керак.
— Бирор олимнинг фамилияси Долимов бўлса, беихтиёр, суриштиргинг келади. Бу тасодифми?
— Мен Долимовларга келин бўлиб тушганман. Келин бўлиб тушганимдан бошлаб шу оилага, шу фамилияга лойиқ бўлишга ҳаракат қилганман. Ҳозирда учинчи авлод шу илм-фан билан ҳаётини боғлаган. Субутой Долимов, Нўъмон Долимовдан бошлаб, Миллий университетни бир неча йил бошқарган ректор Тўрабек Долимов каби катта олимлар шу фамилияга алоқадор. Илм-фанга кириб келаётганимда ўзимга шу шажарага муносиб бўламан ва фарзандларим ҳам буни кўриб интилсин деган мақсад қилганман.
Мавзуга оид
21:47 / 13.12.2024
Япон олимлари инсонларда янги тишларни ўстирувчи дори воситасини синовдан ўтказишни бошлади
14:42 / 05.12.2024
Руҳий касалликлар бош мия ҳажмини кичрайтиради
22:32 / 02.12.2024
Олимлар дори воситаларини ҳайвонларда синашни тўхтатишга хизмат қиладиган янги усулни топди
00:34 / 27.11.2024