Ўзбекистон | 11:40 / 18.12.2019
15471
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Нагоя университетининг фахрий доктори бўлди

Ўзбекистон президентининг таълим соҳасини ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси ҳамда илм-фан ва академик алмашинувларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлагани учун, шунингдек, Ўзбекистонда янги босқичда амалга оширилаётган иқтисодиётни либераллаштириш ва барқарор тараққиётга эришиш борасидаги ислоҳотлар эътирофи сифатида Нагоя университетининг илмий кенгаши Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга университет фахрий доктори унвонини бериш тўғрисида қарор қабул қилди.

Университетда унинг раҳбарияти, профессор ва ўқитувчилари, талабалари ҳамда Нобель мукофоти совриндорлари иштирокида давлатимиз раҳбарига ушбу юксак илмий унвонни топширишга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.

Маросимда Нагоя университети президенти Сейичи Мацуо сўзга чиқиб, Ўзбекистон раҳбари икки мамлакат ўртасида илм-фан соҳаларидаги алоқаларни ривожлантиришга катта эътибор қаратаётгани, ушбу қарор таълим соҳасидаги узоқ муддатли ва истиқболли ҳамкорликни янада кенгайтиришга томонларнинг интилиши ифодаси эканини таъкидлади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўз нутқида ўзбек ва япон халқларини ўхшаш миллий ва ахлоқий қадриятлар билан бирга илм-фан ва тафаккурга, камолотга доимо интилиб яшаш каби эзгу фазилатлар бирлаштириб туриши таъкидлади. Замонавий дунёда инсон капитали, интеллектуал салоҳият, инновацион ғоялар, юқори технологиялар жадал ва барқарор тараққиётнинг фундаментал асосини ташкил қилаётганини қайд этди.

- Бу унвонни, мен аввало Ўзбекистон халқига кўрсатилган эҳтиром ифодаси, деб қабул қиламан ва бунинг учун Нагоя Университети раҳбариятига, унинг илмий жамоасига чуқур миннатдорчилик билдираман, - деди давлатимиз раҳбари.

Президентимиз Ўзбекистон таълим ва фан соҳаларидаги кенг миқёсли ислоҳотлар ҳақида сўзлади. 

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон – Япония ҳамкорлигида улкан ишлар амалга оширилганини қайд этиб, айни вақтда бу борада ишга солинмаган имкониятлар ҳам борлигини таъкидлади ҳамда қатор таклифларни илгари сурди. Бу борадаги ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида илмий-академик алмашувлар ва технологиялар трансфери бўйича Ўзбекистон-Япония қўшма фондини ташкил қилишни таклиф этди.

Ушбу фонд илмий тадқиқотларни, икки мамлакат ёш олимларининг биргаликдаги илмий изланишларини молиялаштириш, талаба ва профессор-ўқитувчилар алмашуви бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишга хизмат қилади.

Президентимиз Ўзбекистон – Япония азалий дўстлигининг рамзи сифатида мамлакатимизда ўзбек ва япон тилларида чоп этилган бир қанча китоб ва альбомларни Нагоя университети кутубхонасига тақдим этди.

Мавзуга оид