Ўзбекистон | 01:06 / 19.12.2019
80894
3 дақиқада ўқилади

4 қурбон ва яна бир киши бедарак йўқолган. Юнусободдаги фожианинг сўнгги тафсилотлари

Бугун, 18 декабрь куни соат тахминан 10:00да Тошкент метрополитени Юнусобод йўлининг янги қурилаётган қисмида ер ўпирилиши рўй берди.

Ижтимоий тармоқда Юнусобод тумани ҳудудида, «Mega Planet» савдо мажмуаси яқинида фавқулодда ҳолат содир бўлгани ҳақида суратлар ва хабарлар тарқалгач, Kun.uz мухбири Ички ишлар вазири ўринбосари, ИИВ Тергов департаменти бошлиғи Дониёр Тошхўжаевдан ҳодиса юзасидан изоҳ олди.

Вазир ўринбосари туннел қазилаётган жойда сув тўплангани, ёғингарчилик кучайиши оқибатида ер бўшаб, туннелни босиб қолгани ҳақида маълумот берди.

Авария оқибатида 250 метр куб тупроқ ўпирилиб тушган.

Ҳодиса гувоҳлари, қурилиш ишчилари, яқин ҳудудда жойлашган дўконлар сотувчилари ва маҳаллий аҳоли вакиллари воқеа рўй берган вақтда портлашни эслатувчи гумбурлаган овозни эшитишганини айтишган. 

Юзага келган ҳолатни бартараф этиш учун барча куч ва воситалар сафарбар этилди. Тез вақт ичида воқеа жойига Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бўлинмалари, ўндан ошиқ тез тиббий ёрдам машиналари, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Бош прокуратура ходимлари, ички ишлар вазирлиги вакиллари, Миллий гвардия ходимлари ва бошқа махсус хизматлар етиб боришди. 

Кўп ўтмасдан айни вақтда Японияга давлат ташрифини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига мувофиқ, содир бўлган ҳодисанинг келиб чиқиш сабаблари ва оқибатларини ўрганиш ва уни зудлик билан бартараф қилиш мақсадида, ҳодиса сабабларини ўрганиш, оқибатларини бартараф этиш ҳамда келгyсида шу каби ҳолатлар рўй беришининг олдини олиш бўйича ҳукумат комиссияси ташкил этилди.

Комиссияга содир бўлган ҳодиса сабабларини ва оқибатларини жойида ўрганиш, ҳодиса оқибатларини зудлик билан бартараф этиш, жабрланганлар ва уларнинг оила аъзоларига ёрдам кўрсатиш ҳамда бошқа бир қатор вазифалар юкланди.

Кун давомида ОАВда ҳодиса талафотлари тўғрисида турли хабарлар тарқалиб турди, айрим хабарларда тупроқ остида 20 нафаргача ишчи қолиб кетгани ҳам айтилди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги кун охирига келиб расмий маълумотларни эълон қилишни бошлади. Сўнгги маълумотларга кўра, фожиа қурбонлари сони 4 нафарга етган:

Ж.Равшанов, 1989 йилда туғилган;
О.Абдуллаев, 1989 йилда туғилган;
Д.Абдуллаев, 1999 йилда туғилган;
А.Диёров – 1986 йилда туғилган.

Ҳодиса сабаблари ва оқибатларини ўрганиш ва бартараф қилиш ишлари давом этмоқда.

Қурилишда ишлаган ишчилардан бирининг Kun.uz мухбирига маълум қилишича, унинг укаси ҳам ҳодисадан кейин бедарак йўқолган, унинг номи тупроқ остидан чиқариб олиниб, шахси аниқланганлар орасида йўқ. 

Айни вақтда яна неча киши бедарак йўқолгани ҳақида аниқ маълумот берилмади. Қидирув-қутқарув ишлари давом этаётгани ҳисобга олинса, қурбонлар сони янада ўсиши мумкин.

Ҳодиса оқибатида қурбон бўлганларнинг оила аъзоларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз.

Мавзуга оид