Жамият | 12:33 / 20.12.2019
6899
2 дақиқада ўқилади

Kun.uz танқидидан сўнг Қўшкўпир туманидаги йўл таъмирланди

Фото: KUN.UZ

Kun.uz ноябрь ойида Хоразм вилояти, Қўшкўпир тумани, Ўртаёп қишлоғидаги «Адолат» маҳалласи йўлларининг абгор аҳволи ҳақидаги мурожаатни ўрганди.

Унда «Обод маҳалла» дастури асосида таъмирланиши керак бўлган йўлларда ишлар охирига етказилмай қолгани, хусусан, Олмазор, Райҳон, Адолат кўчаларидаги йўлларнинг чуқурчалари кўмилган, текисланган, шағал тош тўшалган, аммо асфальт ётқизилмасдан қолиб кетганидан шикоят қилинган эди.

Бу ҳақда «Қўшкўпир туманидаги маҳалла йўллари обод бўлмади - чанг-тўзонга кўмилган одамлар шикояти» номли танқидий мақола эълон қилинди.

«Қўшкўпир тумани йўллардан фойдаланиш» унитар корхонаси (УК) берган маълумотга кўра, танқидий мақола чиққанидан сўнг, унда кўрсатилган муаммоларни бартараф қилиш бўйича катта ҳажмдаги ишлар бажарилган.

«Хоразм вилояти ва Қўшкўпир тумани ҳокимлиги, шунингдек, вилоят Автомобиль йўллари ҳудудий бошқармаси раҳбарияти ёрдамида «Қўшкўпир тумани йўллардан фойдаланиш» УК томонидан йўллар таъмирланди, танқидий мақолада кўрсатилган камчиликлар бартараф қилинди.

Хусусан, 4H1956A Ибрагимов ж/х маҳаллий аҳамиятидаги автомобиль йўли, яъни Адолат кўчасидаги 1 км йўлга асфальт-бетон қопламаси ётқизилди. Қолган йўллардаги таъмирлаш ишлари 2020 йил 1 чораги давомида якунланиши режалаштирилган», - дейилади маълумотда.

Мавзуга оид