Ўзбекистон | 14:19 / 20.12.2019
23482
4 дақиқада ўқилади

Шерзод Қудратхўжаев: «Кимда-ким ўзбек меҳнаткашини «иккинчи даражали киши» деса, у манқуртдир»

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциациясининг «Зарафшон» зали Media hall’ида «Янги Ўзбекистон - янги сайловлар» мунозара клубининг навбатдаги тадбири бўлиб ўтмоқда.

«Янги Ўзбекистон - янги сайловлар» мавзусидаги тадбирда соҳадаги асосий ўзгаришлар, сайловолди ташвиқотини якунлаш, сайловга тайёргарлик, парламентаризмни ривожлантириш истиқболлари, парламент дипломатияси каби масалалар юзасидан фикр алмашилмоқда.

Тадбир давомида «РБК-Новосибирск» телеканали раҳбари сўз олди. У Олий Мажлис Россияда ишлаётган фуқаролар тақдири ҳақида ўйлаяптими, деган савол билан мурожаат қилди. 

«Биз учун хориждаги ватандошларимиз масаласи жуда муҳим аҳамиятга эга. Президентнинг ўзи Россияда бўлиб турган, у ерда яшайдиган ҳамюртларимизга катта эътибор қаратмоқда. Биз ўтган йили ва шу йил давомида 6та консуллик муассасаси очдик. Бу консулликларнинг асосий вазифаси - фуқароларимиз манфаатини ҳимоя қилиш. Россия билан мигрантлар масаласи бўйича жуда яхши битим имзоланган. Шунинг учун ҳозирда мигрантлар тўла ҳимояланган. Ҳаттоки, мигрантларнинг пенсия масаласи ҳал қилинмоқда», - дея жавоб қайтарди Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов.

Шунингдек, россиялик журналист мигрантлар масаласида гапириб, «мигрантларни иккинчи даражали киши деб ҳисоблашни бас қилиш» кераклиги ҳақида айтди. Илҳом Неъматов шундай жавоб қайтарди:

«Ҳеч ким уларни «иккинчи даражали» киши сифатида кўрмайди. Улар бизнинг фуқаролар ҳамда биз уларнинг манфаатини ҳар қандай йўл билан ҳимоя қиламиз», - деди Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов.

Тадбир якунида Kun.uz мухбири тадбир модератори Шерзод Қудратхўжаев ва «Америка овози» радиоси мухбири Навбаҳор Имомовадан ушбу савол бўйича фикрини сўради.

Шерзод Қудратхўжаев, тадбир модератори:

- Агарда кимда-ким Ўзбекистондан борган мигрантларни, меҳнаткаш одамларни «иккинчи сорт» одамлар, деб гапирадиган бўлса, улар манқурт одамлар бўлади. Чунки улар иккинчи жаҳон урушида ўзбекларнинг Россия, Белорусия ва бошқа давлатлардан келган одамларга уй, овқат бериб, болаларини ўз боласидек катта қилганини унутган.

Ўзбек уруш пайтларида ўз ғалласини ўзи емай фронтга юборди, бир ярим миллион одамини йўқотди. Қайтараман, бугун мана шу воқеаларни ким унутган бўлса, улар манқурт, улар саводсиздир.

Навбаҳор Имомова, «Америка овози» телерадиоси мухбири:

- Авваллари сиёсий саҳналарда Россиядан келган кузатувчилар бундай гапирмаган. Биласизми, бугун мигрантлар борасида Россиядаги аччиқ ҳақиқатлар Ўзбекистонга кириб келди ва бу Тошкентдаги сиёсий саҳнада эслатиляпти.

Эътиборлиси, бу гаплар Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати билан бевосита ишлаётган арбоблар, дипломатлар ва давлатнинг ташқи сиёсатини акс эттириб юрган кишиларга айтиляпти. Бу давлат учун қаттиқ сигнал бўлиши керак. Ўзбекистон ҳукумати жараёнга жиддий қараши керак. Нима бўлишидан қатъи назар, давлат ўз фуқароларининг қадри ва умуман, ўзининг кимлиги ҳақида жиддий ўйлаши вақти келди.

Мавзуга оид